Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Асалари оиласи аъзолари ва уларнинг вазифалари ҳақида...

25/Dekabr/2024 14:06
  1396

Асалариларнинг ҳаёти ниҳоятда мураккаб. Оилани ташкил этадиган ҳар бир индивид маълум бир вазифани бажаради. Шунинг учун оилада насл берадиган она ари, наслсиз урғoчи ари, яъни ишчи ари ва эркак арилар (трутенлар) пайдо бўлиб, улар тузилиши ва физиологик хусусиятларига кўра бир-биридан фарқ қилади. Бунга полиморфизм дейилади. Полиморфизм, одатда, ҳар бир индивид оилада маълум бир вазифани бажаришидан келиб чиқади, яъни бажариладиган ишнинг тақсимланиши бевосита уларнинг морфологик фарқига боғлиқ.

Арихоналарда етиштирилиб кўпайтириладиган кучли асалари оиласида ёз мавсумининг ўрталарида 60-70 минг, дурагай зот ари оиласида 80-90 мингтагача ариси бўлади. Оилада ишчи ариларнинг сони кўп булиши эвазига улар қисқа вақт, яъни 20-30 кун ичида кейинги йилги шарбат ташиш давригача етадиган озиқ тўплай оладилар. Кўп сонли арилар жамоа бўлиб яшаши натижасида асаларилар қишки совуқ кунларида атрофларида зарур муҳитни, керакли иссиқни ушлаб турадилар.

Она асалари оилада жинсий органлари яхши ривожланган ягона урғочи индивиддир. У тухум қўйишдан бошқа ҳеч қандай вазифани бажармайди. Она арининг узунлиги 18-20 мм, оғирлиги ўртача 0,25 г га етади. Унинг қорни қанотларидан узунроқ бўлиб, тинч турган ҳолатида йилилган қанот қисми қорин қисмини ёпиб турмайди. Она арининг 2 та орқа оёғида гулчанг йиғадиган саватчаси йўқ. Қорин бўғимларида мум ойначалари бўлмайди. Хартуми ишчи асалариникидан калтарок.

Она ари танасида уя ичида иш бажариш, шарбат тўплаш органлари ривожланмаган. Оилада иш бажариш қобилияти чегаралаган бўлганлиги учун ҳам унинг мия қисми ишчи ариларнинг мия кисмига нисбатан суст ривожланган.

864.jpg (11 KB)

Она ари ишчи ариларсиз алоҳида ҳолда 2-3 кундан ортиқ яшай олмайди. Қафасчада бир нечта - 10-20 та ишчи арилар билан бирга 15-20 кун, айрим ҳолларда эса бир ойгача яшаши мумкин. Оилада эса оиладаги бошқа хил ариларга нисбатан узоқроқ, яъни беш йилгача яшаши мумкин. Аммо икки йил давомида у жуда кўп тухум қўяди, учинчи йилдан бошлаб унинг тухум қўйиши камая бошлайди, шу сабабли асаларичилар уни урчиган ёш она арига алмаштирадилар.

Эркак ари билан жуфтлашгандан сўнг она ари икки хил: уруғланган ва уруғланмаган тухум қўя бошлайди. Уруғланган тухумдан кейинчалик она асалари ва ишчи асаларилар, уруғланмаган тухумдан эркак асаларилар етишади . Баҳорда ва ёз бошларида она ари бир суткада ўрта ҳисобда 1500 та тухум қўяди. Бу тухумларнинг оғирлиги танасининг оғирлигига тенг бўлади. Она ари ҳаёти давомида доимо уяда бўлиб, у фақат биринчи кунлари атроф билан танишиш, эркак ари билан жуфтлашиш учун учиб чиқади ва ниҳоят табиий кўчга (ройга) чиққанда ташқарига учиб чиқади. Она арини доимо ишчи арилар озиқ билан таъминлаб туради. У ахлатини ҳам уяда чиқаради ва уни ишчи арилар тозалаб ташқарига чиқариб ташлайдилар. Она ари эрта баҳордан бошлаб то кеч кузгача тухум қўяди. Яхши она ари бутун баҳор ва ёз фасли давомида 100-150 минг дона тухум қўйиши мумкин.

Одатда, оилада битта она асалари бўлади. Баъзан бирор сабабга кўра, иккита она ари бир оилада яшаб қолса, иккиси ўртасида кураш боради, натижада биттаси нобуд бўлади.

Ишчи асалари арихонадаги ариларнинг асосий қисмини эгаллайди. Улар урғочи ари бўлиб, жинсий орган и ва тухумдони яхши ривожланмаган, шунинг учун ҳам эркак арилар билан жуфтлаша олмайди. Она ариси бор одатдаги оилада улар тухум қўймайдилар, лекин оиладаги жамики ишларни бажарадилар. Айрим ҳолларда улар тухум қўйса, бу тухумдан фақат эркак ари ривожланади.

Ишчи асаларилар уяни тозалаш, қўриқлаш, ҳавосини нормаллаштириш, мумкатак инча қуриш, қуртчаларни боқиш, шарбат ва гулчанг тўплаш, шарбатни қайта ишлаш, яъни асалга айлантириш, ҳароратни кўтариш-тушириш, ҳаво намлигини таъминлаш, уяга сув, прополис (тешикчаларни суваб беркитадиган елимсимон модда) келтириш каби ишларни бажарадилар.

Уядаги ҳамма ишчи ариларни икки табақага бўлиш мумкин. Бирмунча ёшрок (14-20 кунлик) арилар уя ичида иш бажарувчи арилар табақасини ташкил қилса, 14-20 кунликдан ошган арилар эса далага учувчи арилар табақасини ташкил қилади. Уя ичида иш бажарувчи арилар ҳаво яхши кунлари куннинг ўрталарида ўзларини орқа ичакларини ахлатдан бўшатиш, ўз уяси атрофи билан танишиш учун ташқарига учиб чиқадилар. Иккинчи табақани ташкил қилувчи ишчи асаларилар ҳам хаво яхши кунлари даладан шарбат ва гулчанг ташиш учун ташқарига чиқадилар. Баҳор ва ёз фаслида етиштирилган ишчи асаларилар ўрта ҳисобда 35-45 кун, кузда етиштирилганлари эса келаси баҳор даврига қадар (Россияда 9-10 ой, Ўрта Осиёда 4-6 ой) яшашлари мумкин.

Ишчи асалари танасининг узунлиги 12-14 мм, ўртача оғирлиги 0,1 г, яъни 1 кг да 10000 та ишчи асалари бор. Уларнинг мияси она ариникидан яхши ривожланган. Ишчи асалари оилада турли-туман ишларни бажарганлиги сабабли она ва эркак ари хўжалик ҳамда ирсий белгиларининг шаклланишида катта роль ўйнайди.

Эркак асалари нормал оилада баҳор ва ёз ойларида кўпаяди. Эркак арини ишчи асаларилардан ажратиш осон, чунки у ишчи аридан йирикроқ бўлиб, унинг оғирлиги ўрта ҳисобда 0,2 гр га тенг, яъни ишчи аридан 2 маротаба оғир. Эркак арилар оилада ҳеч қандай иш бажармайдилар. У ларнинг вазифаси фақат она арини урчитишдир. Шунинг учун баҳор ва ёз ойларида ҳар қайси ари оиласи бир нечта юзлаб эркак ариларни етиштиради. Ваҳоланки, шулардан ўрта ҳисобда 6-8 таси она ари билан жуфтлашади. Улар тайёр озиқ - аcал билан озиқланади ёки ишчи араларилар уларни ўз хартуми билан озиқлантиради. Эркак ариларни шунчалик кўп етиштиришдан мақсад, она ари урчишга учиб чиққанда эркак арини тез топиш ва энг кучлиси билан жуфтлашиш шароитига эга бўлиш орқали келажакда кучли, соғлом авлод етиштиришга замин яратишдан иборатдир. Эркак арилар 2 ойга яқин яшайдилар. Кузда табиатдан шарбат келиш тўхташи билан ишчи арилар эркак ариларни уядан ҳайдаб чиқарадилар. Фақатгина бирорта оилада, мабодо она ариси йўқ бўлса ёки урчимаган она ариси бўлса, ўша ҳолдагина эркак арилар қишлаб коладилар.

Манба:

Исамуҳамедов А. И., Никадамбаев Ҳ. К. (2013). Асаларичиликни ривожлантириш асослари. Тошкент, «SHARQ».

Улашиш: