Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Дарё фарелини ўсиш жараёнида боқиш

23/Dekabr/2024 19:12
  1099

Дарё форели тухумдан чиққач, 7–10 кундан сўнг, предличинкалар юзага сузиб чиқади ва тухум сариғи солинган қопча 30–50% га сўрилгандан сўнг овқатлана бошлайди. Ҳаётининг ушбу даврида дарё форели аралаш турда овқатланади (яъни, тухум сариғили қопча ва ташқи овқатланиш ҳисобидан). Овқатлантиришнинг кечиктирилиши балиқнинг келгуси ривожига ва унинг яшовчанлигига салбий таъсир кўрсатади. Дастлаб кичик порциялар берилади, озуқа сув юзасига қўлда ёки ем тарқатгичлар ёрдамида сепилади. Ёш балиқлар учун ем тарқатишнинг ўзига хос тизимлари мавжуд. Одатда, бир кунлик доза 8–10 қисмга бўлинади. Ем тарқатгичларнинг айрим тизимлари шундай ясалганки, улар узлуксиз боқади. Бу даврда балиқлар тўйиб овқатлангани маъқул, яъни озуқа бериш унинг ейилишига кўра белгиланади (личинкалар емни емай қўйса, ем бериш тўхтатилади). Умуман, балиқчиларнинг фикрича, балиқларга қўлда ем берган маъқул, шунда балиқчи емнинг қандай ейилишини кузатиб туради.

Балиқлар ўсгани сайин уларни овқатлантириш кунига 5 мартачага қисқартирилади. Балиқ максимал даражада яхши овқатланса, (балиқча — овқатлантириш режими ва услубини пухта ишлаб чиққан бўлса) дарё форели ҳар гал овқатланиш пайтида биомассасига нисбатан 1–2% ем исътемол қилади. Балиқ танаси 5 см дан кам бўлганда балиқчали ҳавза майдонининг камида 2/3 қисмига ем солиниши керак. Бу балиқларга емдан фойдаланиш имкониятини ва бир текис ўсишини таъминлайди. Овқатлантиришдаги айрим ўзгаришлар балиқчаларнинг балиқ кўпайтириш материали ва ундан сўнг товарбоп балиқ етиштиришга мўлжалланган бассейн ва ҳовузларга кўчирилиши натижасида кузатилади. Емларни бериш техникаси ҳам муҳим масала ҳисобланади. Турли балиқчилар автоохурларга ўтишни ёки қўлда ем сочишни танлайди. Ҳозиргача емни қўлда бериш маъқул, деб ҳисоблашади, аммо бу ишчи кучи харажатларининг ўсишига олиб келади. Ҳар бир ферма овқатлантириш усулини мустақил танлайди. Қўлда овқатлантириш тарафдорларининг асоси шундаки, бу ҳолда балиқчи овқатлантириш ҳақида пухта мулоҳаза юритади, ем кўпроқ балиқларга етиб боради (балиқчи емни каттароқ майдонга сочади).

Охурчалар билан боғлиқ ҳолатда эса ем ҳавзанинг чекланган майдонига келиб тушади ва айрим балиқлар ушбу жойни эгаллаб олиб, “рекордчиларга” айланади, қолган балиқларга ем камроқ тегади. Охурларни танловчилар уларнинг технологик даражаси юқорилигини, жараённи автоматлаштириш имконияти борлигини ва б. ларни таъкидлайди. Йирик хўжаликларда охурчалардан фойдаланиш афзал бўлиб, бу харажатларни қисқартириш имконини беради. Балиқ хўжалигида балиқлар ўсиши жараёнида охурчаларга ўтилса, 2–3 марта қўлда боқиб, балиқларнинг овқатланишини, емнинг истеъмол қилинишини кузатиш мумкин бўлади.

Манба:

Б.Г. Камилов, И.И. Халилов (2014). Ўзбекистон шароитида дарё форелини етиштириш. Фермерлар учун амалий тавсиялар. Тошкент, Baktria press.

Улашиш: