Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Белладонна ўсимлигини етиштириш технологияси

20/Sentabr/2024 21:10
  1201

Белладонна ўсимлиги экиладиган ерларни ҳар томонлама яхши ўрганиш керак. Унинг бўйи 2 метрга етадиган кўп йиллик ўт ўсимлиги ҳисобланади. Ўсимлик асосан Краснодар ўлкаси, Полтава ва Воронеж вилоятларида ўстирилади. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ҳам экилиб келинмоқда. Ерларни тупроқнинг механик таркибини, шўрланиш даражасини ва унумдорлигини ҳисобга олган ҳолда ҳайдаш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ерларни сифатли қилиб ҳайдалса, ўсимликнинг илдизини яхши ривожланишига имконият яратилади. Белладонна ўсимлигини экишдан олдин кузда 20—30 тонна органик ўғит ва суперфосфат ўғитини йиллик нормасини 70% ини ва сув чуқур жойлашган ерларда азот ўғитидан 20 кг солиб, 25—30 см чуқурликда ҳайдаб қўйилади. Белладоннани кузда ёки эрта баҳорда экиш мумкин.

У иссиқсевар, вегетацион даври узун ўсимликлар туркумига киради. Эрта баҳорда ерлар текисланиб бегона ўтлар илдизини териб тупроқ ҳарорати 20—22°C даражада бўлганда экилади. Ўсимликнинг уруғи қаттиқ бўлганлиги сабабли экиш олдидан 2 ой стартификация қилинади.

Гектарига 8 кг уруғ сарфланади. Уруғ чуқурлиги 1,5—2 см, қатор оралиғи 60 см дан қилиб экилади. Ўсимликнинг уруғи каттиқ бўлганлиги сабабли 15—17 кунда униб чиқади. Белладонна бегона ўтларга, зараркунандаларга ва иссиқликка чидамсиз ҳисобланади. Белладоннани ўсиш ва ривожланиш даврида, албатта, 2—3 марта бегона ўтлар ва зараркунандалардан сақлаш керак. Ўсимликни вегетация давомида парвариш қилиш ҳайдаб экиладиганлардан фарқ қилмайди. Белладоннани озиқлаштириш шоналаш фазасидан олдин гектар ҳисобига 30 кг азот ва 25 кг калий ўғити беришдан бошлаш керак. Унинг ривожланиши анча тезлашади.

Ўсимликни гуллаш фазасига келиб иккинчи марта гектарига 40 кг дан азот ва қолган фосфор ўғити билан озиқлантирилади. Белладонна иссиққа чидамсиз ва салқинсевар ўсимлик бўлгани учун ўғитлашдан кейин суғориш керак. Агар вақтида суғоришни амалга оширилмаса, унинг барглари кичик ва сифатсиз бўлиб қолиши мумкин. Чунки тиббиётда унинг барги, ўти ва илдизидан фойдаланилади. Мавсум давомида ўсимликни 8—9 марта суғоришни тавсия қилинади. Биринчи йили ўсимлик униб чиққандан то уруғи пишгунча 125—130 кун ўтади. Белладоннани биринчи йили барги 2 марта қўлда териб олинади. Иккинчи йилдан бошлаб унинг ҳосилини 4—5 марта териб олиш мумкин бўлади. Вегетация даври совуқ тушгунча давом этади. Иккинчи йили биринчи бўлиб барги терилади, кейин ўти йиғилади. Учинчи марта барги, кузда эса ўти йиғилади. Шундай усулни қўллаганда ундан кўпроқ ҳосил йиғиб олиш мумкин бўлади. Унинг барги ҳар доим гуллаш олдидан териб олиниши керак.

Йиғилган барглар тезлик билан қуритилади. Қуритилган барглар гигроскопик хусусиятга эга бўлганлиги учун у нам тортмасдан яхшилаб тахлаб, қуруқ қопларда сақланади.

Агар агротехник тадбирларни юқори савияда ўтказилса, бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши вақтида курашилса, белладонна экилган майдонларнинг гектаридан 15—18 центнер қуруқ барг етиштириш мумкин.

Маҳсулот тайёрлаш. Ёввойи ҳолда ўсадиган ўсимлик барги бир ёзнинг ўзида 2 марта қўл билан териб олинади. Плантацияларда ўстириладиганларининг барги ёз бўйи 3—4 марта йиғилаверади. Ўсимлик гуллаши биланоқ поянинг пастки қисмидаги барглар, гуллаш охирида эса янги шохлардаги барглар йиғилади. Уруғ ҳосил бўлганидан сўнг ўсимликнинг ер устки қисми 10 см узунликда ўриб олинади. Агар ўсимлик ўриб олинганидан сўнг янги шохлар пайдо қилса, улардаги барглар ҳам 1—2 марта йиғиб олинади. Ўриб олинган маҳсулотни 4 см узунликда қирқиб, сўнгра қуритилади.

Плантациялардаги белладонна 5—6 йил давомида ўстирилади. Охирги марта ер устки қисми ўриб олингандан кейин илдизини ковлаб, ювиб, тупроқлардан тозаланади ва 10—20 см узунликда (кўпинча узунасига ҳам) қирқилади.

Ўсимлик илдизи очиқ ерда, барги ва ер устки қисми қуритгичларда (40°C дан ошиқ бўлмаган ҳароратда) қуритилади. Агар барг очиқ ҳавода узоқ вақт куритилса, алкалоидлари парчаланиб кетиши мумкин.

Қирқилган ер устки қисми ва илдизи гален препаратлари тайёрлаш ҳамда илдизидан атропин алкалоиди олиш учун заводларга юборилади.

Манба: moodle.pharmi.uz

Улашиш: