Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Кўчат усулида шоли етиштириш

25/Dekabr/2024 11:11
  1480

Шолини кўчат усули билан етиштириш анъанавий уруғдан бевосита экиб етиштириш усулидан жуда кўп фарқлари ва афзалликлари мавжуд. Ҳозирги пайтда ер юзида шоли ҳосилининг 95 фоизидан ортиғи фақат кўчат усулида етиштирилади.

Шоличиликда кўчат усули бу соҳадаги етакчи мамлакатлардаги каби Ўзбекистон шоличилигининг келажагини белгиловчи муҳим йўналишдир.

Бу усулдан фойдаланган деҳқон-фермерлар гектаридан 70–80 ва ҳатто 100 центнерга етказиб ҳосил олмоқдалар.

Кўчат усули уруғ экиш усулидан қуйидаги фойдали жиҳатлари билан фарқ қилади:

- ишни 20–30 кун аввал бошлаш мумкин ва бунда энг кечпишар шоли навларини ҳам континентал иқлим минтақаларида экиш ва юқори ҳосил олиш имконияти кафолатланади;

- бир ой давомида катта майдонни ўғитлаш, суғориш, ўтоқ қилиш ташвишлари ўз-ўзидан бартараф этилади, яъни шоли кўчатлари кўчатхонада камида 1 ой ўстирилиб, сув ва ўғит билан кўчатхонадаги кичик майдончада тўлиқ таъминланади ва бу билан 25–30% ўғит, 30% сув тежалади;

- кўчат усулида 65–70 кг уруғ сарфланиб, ҳар бир гектардан 150 кг уруғ иқтисод қилинади. Кўпгина чет эл мамлакатларида 1 гектар ерга 30–35 кг уруғ сарфланади, бу ҳолат тадқиқотларимизда ҳам исботланди;

- шолининг ҳосилдорлиги 25–30% ортади;

- такрорий экин сифатида кузги ғалладан бўшаган майдонларда шолини кўчат усулида экиб, бемалол ҳосил олиш имконияти яратилади, шоли ҳосили пишиб етилиши учун талаб этиладиган очиқ – иссиқ кунлар сони ва фойдали ҳарорат етарли даражада тўпланади;

- шоли кўчатлари ўтказилган пайтда бўйи 15–25 см бўлиб, дала бегона ўтдан тоза бўлади ва бегона ўтга қарши махсус курашишнинг айрим ҳолларига эҳтиёж бўлмайди, яъни харажат кескин қисқаради;

- уруғдан ўстирилган шоли айрим ҳолларда ўғит ортиқчалик қилса, ғовлаб ётиб қолади ва табиийки ўз-ўзидан ҳосил йўқолади. Кўчатдан ўстирилган шоли эса ҳеч қачон ётиб қолмайди, чунки пояси йўғон, бақувват, тупланиш даражаси юқори бўлиб, таш­қи шамол таъсирларига ниҳоятда бардошли бўлади.

Кўчатлар махсус далаларда етиштирилади. Дала эса кузда 25 см чуқурликда шудгор қилинган, яхшилаб текисланган ва гектарига 30–40 т чиритилган гўнг солинган, белгиланган даражада аммофос билан ўғитланган соз тупроқли унумдор ер бўлиши, сув сатҳини бир меъёрда ушлаб туришга мос ҳамда керак пайтда оқизиб юбориш учун бошқа майдонларга нисбатан баландроқ жой танланиши лозим.

Ер уруғ сепишга тайёр ҳолга келтирилгач гектарига соф ҳолида 40–50 кг азот, 40–50 кг фосфор ва 50 кг калий бериб аралаштирилади.

Асосий экин сифатида экиш учун кечпишар «УзРОС-7/13», «Лазурний», «Мустақиллик», ўртапишар «Истиқбол, «Истиқлол», такрорий экин сифатида ўртапишар ва эртапишар «Искандар», «Гулжаҳон», «Илғор», «Нукус–2», «Нукус–70», маҳаллий «Арпа шоли» шоли турларига мансуб девзира навларини экиш мумкин.

Шолини асосий экин сифатида экиш учун апрель ойининг биринчи ўн кунлигида, такрорий экин сифатида эса май ойининг иккинчи ярмида кўчат тайёрлашга киришилади. Бунда 1 гектар майдонга 650–700 кг уруғ 1–2 кун сувда ивитилиб сепилади.

Кўчат ёши, яъни кўчириб асосий далага ўтказиладиган шоли майсаларининг кўчатзорда туриш даври эртапишар навларда 25–30 кун, ўртапишар навларда 30 кунгача, кечпишар навларда эса 35 кунгача бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Кўчатлар кўчириб олинишидан 4–5 кун олдин гектарига 50 кг соф ҳолда азот билан озиқлантирилса, улар бақувват бўлиб янги ерга тезроқ ўрнашиб кетади.

Шоли кўчатларини механизмлар билан экиш учун улар махсус кассеталарга экадиган линиялар (HS-5M) билан ёки бундай экиш линиялари бўлмаган тақдирда қўлда сепиб тайёрланади. Кассеталар учун тупроқ махсус майда тешикли ғалвирдан ўтказилиб унга қум, органик ва минерал ўғитлар аралаштирилади. Бунда органик ўғит (чиритилган гўнг) билан 1:3 нисбатда, яъни 1 қисм гўнг, 3 қисм тупроқ бўлиши, қум эса умумий аралашманинг 10 фоизини ташкил этиши керак.

Кассеталарда майсалар тўлиқ ҳосил бўлгандан сўнг уларнинг талабига қараб, азотли ўғит билан озиқлантириш умумий меъёрнинг 15-20% нитрат ҳолида берилади.

Кассеталарга HS-5M линияси тупроқ, сув ва уруғларни белгиланган меъёрларда жойлаб сифатли экади. Линия йўқ бўлган шароитда кассеталарга 2,5 см қалинликда тупроқ аралашмаси, 250–300 г шоли уруғи бир текис солиниб, усти 0,5 см тупроқ аралашмаси билан ёпилади ва доимий 100 фоиз намликда ҳамда 1–2 см қалинликдаги сув сатҳида парваришланади.

Хўжаликда линия ҳам, кассета ҳам бўлмаса текис ерга оддий тешикли плёнка тўшалиб унга 2,5–3 см қалинликда тупроқ-гўнг, ўғитлар аралашмаси солиниб ёғоч рейкалар билан 30 см бўлиб чиқилади ва уруғ сепилиб парваришланади.

Кўчатлар экишга тайёр ҳолга келганда 60 см узунликда қирқиб олиниб экиш машинасига жойлаштирилади.

Кўчатлар қўлда экиш шароитида шолипояларда 5–7 см, машиналар ёрдамида экилганда 1–4 см қатламда сув бўлиши тавсия қилинади. Экиш тасвири қўл билан экилганда кечпишар навлар учун 20х15, ўртапишар навлар учун 15х15 см, ҳар бир уяга 1–2 дона, машиналар билан экилганда мос равишда 30х16, 30х14 см, ҳар уяга 3–5 дона кўчат экилади.

Такрорий экин экиш учун ерни тайёрлашда бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонлар ғалла қолдиқларидан тозаланиб, 15–20 см чуқурликда шудгор қилинади. Шудгор мола-борона қилиниб, далаларнинг табиий текислигига мос равишда поллар олинади. Сўнгра сув бостирилиб, сувда фреза билан ишлов берилади.

Барча кейинги босқичда бажариладиган агротехник тадбирлар шолини асосий экин сифатида экишдаги сингари бўлиб, бунда фақат экиш тасвирида ўзгаришлар мавжуд, яъни қўлда экилганда ўртапишар навлар учун 15х15 см, эртапишар навлар учун 15х10 см, машиналар билан экилганда мос равишда 30х12, 30х10 см этиб экилади.

Ҳар иккала усулда ҳам сув қатламини 2–3 кундан сўнг 8–10 см қалинликка кўтарилади. 5–6 кундан сўнг эса йиллик азотли ўғит меъёрининг учдан бир қисми берилади. Бегона ўтларга қарши кураш чора-тадбирлари зарурат туғилган шароитларда амалга оширилади.

Манба: agro.uz.  Муаллифлар: А. Абдуллаев, М. Сатторов

Улашиш: