Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Дарё форели фермасини ташкил этиш бўйича маслаҳатлар

23/Dekabr/2024 11:46
  1203

Ушбу ишнинг асосий мақсади — республикада дарё форелчилигини ривожлантиришга кўмаклашиш, шу сабабли биз фақат дарё форели фермаларини ташкил этиш ва уларда дарё форели кўпайтиришга доир масалаларни кўриб чиқамиз.

Дарё форели фермасини муваффақиятли ташкил этиш ва унинг самарали ишлашига доир биринчи талаб мос келадиган жойни танлашдир. Режалаштирилаётган ферманинг ёнида яхши сифатли сув етарлича бўлиши лозим. Сув салқин, тоза ва кислородга бой бўлиши лозим.

Камида бир йил давомида сув манбаидаги сув ҳароратини ўлчашни қатъий тавсия қиламиз. Сув ҳароратини ҳафта бир марта кундузи ўлчаш ва уни қайд этиб бориш мумкин. Бошқа бир вариант — туман сув хўжалиги бўлими ёки Гидрометмарказда сув ҳароратининг йиллик динамикаси тўғрисида маълумотларни олиш. Эҳтимол, уларда сизнинг жойингиз бўйича аниқ маълумотлар йўқдир, унда сиздан узоқ бўлмаган станциялардан маълумот сўраб олишингиз мумкин. Айниқса сизнинг ўрнингиздан тепада ва пастдаги иккита станциядан маълумот олиш сизга холисона тасаввурга эга бўлиш имконини беради. Йўқ бўлса, сув ҳароратини июль ойида кундузи ўлчанг (июль – август ойларида сув ҳарорати йиллик энг юқори даражасига етади, деб ишонч билан тахмин қилиш мумкин). Аммо бу ҳолда дарё форелини етиштириш учун яхши асос (режа) тузиш, яъни оқилона озиқлантириш учун, яхшиси, бутун йил бўйлаб сув ҳароратини ўлчашингиз мақсадга мувофиқ.

Дарё форелини етиштириш учун мақбул бўлган сув ҳарорати — 14—18°С. Сув ҳарорати пастроқ бўлганда дарё форели ўзини яхши ҳис этади, лекин секинроқ ўсади, ҳарорат 22°С бўлганда эса овқатланмай ва ўсмай қолади. Сувда эриган кислород миқдори етиштириш даврида доимо 6–8 мг/л дан кам бўлмаслиги жуда муҳим. Сувда аралашган кислород миқдрини кузатиб бориш — балиқчилар учун ғоятда муҳим масаладир.

Буни қандай қилса бўлади? Энг оддий йўл — сув сифатини тезкор ўлчаш ва доимий равишда таҳлил қилиш учун ускуналар сотиб олиш. Гидрокимё лабораторияси билан шартнома тузиш мумкин, унда мутахассислар доимий равишда келиб, таҳлил ўтказиб туради. Буни айниқса биринчи йилда қилишни тавсия қиламиз, кейинчалик балиқчи балиқларнинг ҳаракатларига қараб уларга сув етар-етмаслигини сеза бошлайди. Кислород етишмаганда балиқлар сув юзасига яқин суза бошлайди, оғзи билан ҳавони ютади, ланж бўлади.

Шуниси яққолки, сув манбаи фермани режалаштирилаётган дарё форели ҳосилини етиштириш учун етарли миқдорда сув билан таъминлаши лозим. Айтайлик, ер майдони ва сув манбаи мавжуд деб ҳисобласак ҳамда шу сув манбаидаги сув миқдори (аниқроғи — сув оқиш тезлиги) маълум бўлса, дарё форели фермасининг қувватини ҳисоблаб чиқиш мумкин.

Ҳавзада тўлиқ сув алмашинувини кўпи билан 1 соатда амалга ошириш кераклигидан келиб чиқамиз.

Масалан, йилига 40 тонна дарё форели қувватга эга ферма учун ҳавзаларда деярли товар балиқ сузиб юрган вақтда сув оқими тезлиги 1900 л/дақ (ёки 32 л/сек) бўлган сув манбаи керак бўлади. Режалаштирилаётган жойда сув миқдори ва сифатига доир аниқ маълумотларга эга бўлишингизни тавсия қиламиз, қолаверса бу маълумотлар йиллик динамикада келтирилган бўлиши лозим.

Сув манбаи ва жой характеридан келиб чиқиб дарё форели кўпайтиришнинг энг фойдали тизимини танлаш мумкин. Сизда кўл, сув омбори ёки ҳавза бўлса, унда катакли кўпайтиришни танлаш мақсадга мувофиқ. Тўрли мато орқали сувнинг айланиши ҳисобига катакдаги сув сифати яхши бўлади, бу юқори — 70 кг/м3 гача ҳосилдорликка эришиш имконини беради, лекин ҳақиқатда катакли хўжаликларнинг аксариятида ҳосилдорлик 50 кг/м3 гача бўлади. Ерингиз майдони дарё, канал, булоқ (етарли қувватли) оғзида қия бўлса, унда ҳовузларни танлаш мумкин. Ҳовузларда балиқ маҳсулдорлиги 20 кг/м3 га етиши мумкин, лекин 5–10 кг/м3 ни кўзлаш ҳақиқатга яқинроқ. Лекин ҳавзалар унданда маҳсулдор. Ўзи оқар ҳавзалар мақбул ечим бўлиб, улардаги сув гравитация кучлари ҳисобига оқади. Сув ўз-ўзидан оқиши учун, қўшимча аэрацияни яратиш шарти билан серияли қилиб қуриш мақсадида ҳавзалар даражаси орасида камида 0,5 метрлик фарқ бўлиши лозим. Ҳавзаларда маҳсулдорлик 70–75 кг/м3 гача бўлиши мумкин, лекин, айниқса эндигина бошлаётган балиқчилар учун 30–40 кг/м3 ни кўзлаши мумкин.

Сизот сувлар, улар чуқур бўлмаса, яхши сув манбаи бўла олади. Бугунги кунда электр энергиясининг нархи баланд бўлмаган ва балиқ нархи баланд бўлган шароитларда чуқур сувли қатламлардан ҳам муваффақиятли фойдаланиш мумкин. Бундай сувларнинг афзаллиги йил давомида сув ҳарорати доимий бўлишида. У кўп ҳолларда 14–18оС бўлади. Бу ҳолда дарё форели йил давомида жуда тез ўсади ва озуқадан оқилона фойдаланиш имконини беради. Балиқларнинг тез ўсиши электр энергияси (насослар иши)га кетадиган ҳаражатларни қоплайди. Бу ҳолда ҳавзали кўпайтиришни танлаш лозим (ҳовузларда қўниш зичлиги паст, насослар ишига кетадиган ҳаражатларни қоплаш учун эса олинадиган сувдан жадалроқ фойдаланиш лозим). Лекин шунга эътибор қаратиш керакки, ер ости сувлари аралашган кислородга бой бўлмай, аралашган азот ёки бошқа газга бой бўлади. Бундай сув газ-пуфак касаллигига олиб келади. Сувдаги газ заҳарли бўлмаса, сувни аввало газсизлантириш лозим, бунинг учун газсизлантириш колонкаси орқали ўтказиш лозим. Бу катта бўшлиқларга эга пластик субстратга тўлган идиш бўлиб, унинг устидан доимо сув ўтказилади. Сув бўшлиқлар орқали оқиб ортиқча газни атмосферага беради ва етмаган газни атмосферадан олади, натижада сувдаги газлар миқдори бошқа сув ҳавзаларидаги даражада бўлади (яъни балиқлар учун мос келадиган). Газсизлантириш колонкасининг ўлчамлари ва субстрат турини ишлаб чиқишни мутахассислар (ихтиолог балиқчилар)га топширган маъқул.

Сувнинг рН (водород кўрсаткичи) каби кўрсаткичига алоҳида этибор қаратиш лозим, ундан такроран фойдаланиш қурилишда иқтисод қилиш имконини беради. Масалан рН 6,5–7 бўлган сувни аммоний ионлари миқдори хавфли заҳарли миқдорга етганга қадар 6 мартагача такроран ишлатиш мумкин. рН 6,5 дан паст ёки 8 дан ортиқ бўлганда такроран фойдаланиш сезиларли қисқаради (1–2 мартагача). рН ни қандай аниқлаш мумкин? Энг осон усул — зоодўконларнинг аквариумчилик бўлимида турли тест қоғозчалари (лакмус қоғози) сотиб олиш. Мутахассислар бунинг учун махсус рН-метрлардан фойдаланади.

Кейинги пайтда сув танқислиги ҳамда юқори маҳсулдор омухта емларнинг яратилиши муносабати билан ёпиқ сув таъминоти тизимлари жадал ривожланиб бормоқда. Ундаги сув балиқчилик ҳавзаларидан мажбурий равишда механик ва биологик фильтрлар тармоғига ҳайдалади ва тозаланган ҳолда балиқчилик ҳавзасига қайтади. Айни пайтда сув зарасизлантирилади ҳамда сув ҳароратини ўсиш учун мақбул даражада сақлаш учун иситилади/совутилади. Бундай тизимлар халқаро амалиётда аквакультура рециркуляция тизимлари (recirculating aquaculture system — RAS), рус тилидаги адабиётда эса бошқа номда — ёпиқ сув таъминоти қурилмалари (ЁСТҚ) деб номланади. ЁСТҚ ҳақида шу серияда нашр қилинган бошқа йўриқномадан билиб олишингиз мумкин.

Манба:

Б.Г. Камилов, И.И. Халилов (2014). Ўзбекистон шароитида дарё форелини етиштириш. Фермерлар учун амалий тавсиялар. Тошкент, Baktria press.

Улашиш: