Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Меваларни маҳаллий усулларда сақлаш бўйича тавсиялар

25/Dekabr/2024 13:13
  1393

Мева ва сабзавотларни куз ва қиш ойларида сақлаш билан томорқачиларимиз қуйидаги натижаларга эришадилар:

1.     Ўз оила аъзоларини кузги ва қишки мавсумда узлуксиз мева ва сабзавотлар билан таъминлаш;

2.     Кузги ва қишки мавсумда истеъмол бозорига мева ва сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш;

3.     Оила даромадини ошириш.

Олма мевасини сақлаш

Олманинг сақлашга чидамлилиги уни пишиб етилиш ҳусусияти билан аниқланади. Олманинг эрта пишар навлари кам муддат, кечки навлари эса 7-8 ойгача сақланиши мумкин. Олма сақлаш учун одатда яшикларга жойлаштирилади. Бунда олма қоғозга ўралса яхшироқ сақланади. Олма яшикларга жойлаштирилганда улар орасига қоғоз ёки қиринди солинса ҳам бўлади.

Яшиклар омборга девор томондан 25-30 сантиметр, яшиклар орасида икки метрли йўл қолдирилиб жойлаштирилади. Бир тахда 7-8 та яшик бўлади. Энг юқоридаги яшик билан омбор шипининг орасида 50-60 сантиметр жой қолиши керак.

Олмани сақлашда ҳавонинг нисбий намлиги 85-95 % бўлиши мақбул ҳисобланади.

Омборхонани совутишга ҳавони сақлаш ҳароратига етгунча жадал аралаштириб туриш орқали эришилади. Бунда тахлар орасида ҳаво оқимининг тезлиги 0,2-0,3 метр/ секунд бўлиши тавсия қилинади.

Олмани сақлашдан олдин улар махсус бўлинмаларда сақланади. Хар куни мева омбори бўлинмаси сиғимининг 10-15% қисми олма билан тўлдирилади. Бўлинма 7-10 кун деганда бутунлай тўлдирилади. Бўлинмаларда ҳаво аста-секин совутилиб +4+6 0С га етказилади. Кейин эса, нав учун керакли бўлган ҳарорат даражасида қолдирилади.

Олий ва биринчи навли олмалар узоқ муддатга, иккинчи ва учинчи навли олмалар 2-3 ой сақлашга қўйилади. Улар яшик, картон қути ва контейнерларда сақланади. Меваларни контейнерларда сақлаш омборнинг ҳар бир куб метр фойдали хажмидан самарали фойдаланишни таъминлайди. Бунда 1м3 фойдали хажмда мевалар яшикларда сақланганда унинг зичлиги 250-300 килограммни, контейнерларда 400 килограммни ташкил қилади.

Олмани сақлашда уларни полиэтилен плёнкаларга жойлаштириб сақлаш усули ҳам қўлланилади. Бунда сиғими 1-3 килограмм полиэтилен халтачалардан фойдаланилади. Бундай халтачалар ичида 1,5-2 ой ичида кислороднинг миқдори 14-16 % га, карбонат ангидрид эса, 5-7% га етади.

Нок мевасини сақлаш

Нокнинг сақлашга чидамли навларини 4-5 ой, кузги навларини эса 1,5-2 ой сақласа бўлади. Нок олмага нисбатан тез уриниб қолади, шу сабабли уни узишда ва яшикларга жойлашда эхтиёткорлик билан ишлаш талаб қилинади.

Нок одатда пишиб етилиш олдидан узилиб, тоза ва қуруқ яшикларга  жойлаштирилади.  Яшиклар  тагига  қоғоз ёйиб қўйилади. Қоғознинг иккинчи учи нокнинг устига ёпилади. Нокни шахмат усулида жойлаштириб, қатор орасига қиринди сепиш ҳам мумкин.

Нокни сақлашда ҳарорат 0 дан +2°С гача бўлиши мақбул ҳисобланади. Кўпинча бу ҳароратда ўта кечпишар навлардан терилган мевалар жуда секин етилади ва сақлаш муддатининг охиригача рангини йўқотмай қаттиқ ҳолда бўлади. Бундай нокларни савдога жўнатишдан аввал 4-7 кун давомида 15-20 °С да сақлаб, етилтириш лозим.

Омборда ҳавонинг нисбий намлиги 85-90 % бўлиши керак. Шунга эътибор бериш керакки, омборда хаво ҳароратининг тез-тез ўзгариб туришига йўл куймаслик лозим, акс ҳолда мевалар тез етилиб қолиши мумкин, бундай нокни узоқ вақт сақлаб бўлмайди.

Бехи мевасини сақлаш

Бехи ҳам сақлаш учун яшикларга жойлаштирилади. Бехи яшикларга жойлаштирилганда уларнинг орасига ҳам қоғоз ёки қиринди солинса бўлади. Бехини сақлашда ҳавонинг нисбий намлиги 85-90 %, ҳарорат 0+40С гача бўлиши мақбул хисобланади.

Бехи мевасини сақлашда барча талаб нормаларига риоя қилинса, меваларни 5-6 ойгача сақлаш мумкин бўлади.

Узум ҳосилини сақлаш усуллари

Узум сақлашнинг қадимги усули:  Ота-боболаримиз қадим замонлардан буён етиштирилган узум ҳосилини сақлаш ва қиш фаслида истеъмол қилиш бўйича об-ҳаво табиий ўзгаришларига асосланган ҳолда иш олиб борганлар.

Узум ҳосилини сақлаш учун махсус омборлардан фойдаланилган. Совуқ кучайиб кетганда дераза тирқишлари пахтали кўрпача билан ёпиб қўйилган, исиб кетганида эса, очиб қўйилган. Шу жумладан, вақти-вақти билан очиб, шамоллатиб турилган. Бу билан сақлаш омбори ичкарисида доимо тоза ҳаво алмашиб туриши назоратга олинган.

Сақлаш учун етилиб пишган ва бақувват бандли узум бошлари танлаб олинган ва улар тўп-тўп, зич қилиб боғланиб чилвир ипларга тизилиб шифтга осиб чиқилган. Бу ҳолат бозор учун бўлса, баъзи деҳқонлар ўз оиласи учун токнинг кесиладиган шохларини ўз узуми билан кесиб ёҳуд узумнинг кесиб олинган зангларига боғлаб ҳам осиб чиқишган.

Омборнинг совиб кетганлиги ва ҳонанинг ҳарорати 00С дан тушиб кетганлигини ўз вақтида сезиб қолиш учун қиш кунлари хонага бир пиёлада сув тўлдириб қўйилган. Пиёладаги сув музласа хонани  иситиш чоралари кўрилган. Шунингдек, тоғораларда ҳам сувлар қўйилган. Бу чора ҳаво исиб, намлик камайиб кетган кунлари кўрилган.

Узлуксиз туманли ва давомли ёмғирли кунларда эса, намлик миқдорини камайтириш учун оҳак тошларини бутунлигича қўйиб чиқилган. Оҳак тоши ўзига ортиқча намликни тортиб олиб, ёрилиб ва титилиб кетган.

Қўлланилаётган энг сўнгги усул:

Бу усулда узум токдан узилмайди. Одатда токзорнинг атрофи девор билан ўралган бўлади ва ҳаво кириб айланиб туриши учун девор ўрталаридан эшик (туйнук) қўйилади. Ҳаво исиб кетган кунлари ёки кундузлари туйнуклар очиб қўйилади, совиб кетганда ёки тунлари ёпиб қўйилади. Бу усул учун одатда, сўриток девор бўйи қилиб тортилган бўлади. Ҳаво ҳарорати +5°С дан пасая бошлагач сўриток тепасидан полиэтилен плёнкаси тортилади. Ҳавонинг янада совиб борганида эса плёнка тепасидан хашак ва поя боғлари ташлаб қўйилади. Шунингдек, токзорнинг айрим жойларига электр лампочкалар ёқиб қўйиш ва иситгичлар ўрнатиб, умумий ҳароратни 0°С атрофида ушлаб турилиши таъминланади. Бундай ҳолатда, албатта, узум ўз бандида узоқ сақланади, лекин узум зангининг чарчаб, келгуси йили ҳосил бермаслигага олиб келади. Миришкорлар бунинг ҳам бир оз йўлини топгандайлар. Бунинг учун уч ҳосилдор новданинг биридаги узум бошлари бутунлай узиб олиниб келгуси йилга қўйиб қўйилади, чарчаган новдалар эса баҳорда кесиб ташланади.

Ҳозирги оммалашган усул:

Кичик тахта яшиклар тагига газета қоғози ёзилиб, уларга узум бошлари зич ҳолда терилади. Сақлаш учун албатта йирик донали ва меваси тоза ҳамда яхши пишиб етилган узум бошлари танлаб олинади. Улар зич ҳолда терилганида узум таркибидаги намлик узоқ сақланади. Бу эса унинг дастлабки вазни ҳолатининг узоқ ва сифатли сақланишига ҳам сабаб бўлади. Сақлаш мақсадида узиладиган ҳосил одатда, кузнинг об-ҳаво ҳарорати +20°С дан пастлаган ойларида йиғилади. Қишда сақлашга мўлжалланадиган узум бошларига мева пиша бошлаган, яъни халқ тили билан айтганда, сув кира бошлаган август ойининг бошларида уларнинг ҳар бирининг тепасидан қоғозни карнай қилиб ўраб чиқилади. Бу билан ёғилажак ёмғир ва тонгги шудринг намидан эҳтиёт қилиниб, меванинг табиий чанггини сақлаб қолишга эришилади. Унинг табиий чанги, яъни ўзига хос табиий пардаси узумнинг узоқ ва сифатли сақланишини таъминлайди.  Узум яшикларга терилиб, омборга тахлаб қўйилгач, бир боғ қуруқ исириққа бир чой қошиқда олтингугуртни тутатиб қўйилади ва бу жараён ҳар ойда бир такрорланиб туради. Бундан мақсад ёрилган узум доналари ёки қорайиб чиришига сабаб бўлган бактерияларни ўлдириб, майизга айлантириб, қотириб қўйишдир. Бу жараённинг бошқа мева доначаларига таъсири бўлмайди.

Манба:

ЕИ ва БМТ (2010). Меваларни маҳаллий усулларда сақлаш бўйича баъзи тавсиялар. Турмуш даражасини ошириш дастури, Фарғона.

Улашиш: