Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Инокуляция ёки уруғларни “уйғотиш” нима учун лозим?..

22/Dekabr/2024 18:06
  1257

Ўзбекистонда кўпгина қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан икки ва уч маротаба ҳосил олиш мумкин. Зеро, сара уруғ тайёрлаш бўлажак ҳосилни асосини ташкил этади. Шу билан бирга уруққа ишлов бериб, яхши натижаларга эришилади. Уруғнинг ўлчами келажакда ўсадиган ўсимликдан юзлаб, айрим ўсимликлар учун ўн минглаб марта кичик бўлгани учун унга ишлов бериш кенг далага ишлов беришга нисбатан кам меҳнат ва кам препаратлар талаб қилади, арзонга тушади.

Уруғларга ишлов беришнинг кенг қўлланиладиган усли протравка деб аталади ва травить – заҳарлаш сўзидан олинган. Маҳсус танланган кимёвий воситалар билан уруғлар экинларни касалликлари ва зараркунандаларга қарши ишлов берилади. Амалиёт бундай ишлов берилмаса донли экинларни ниҳоллари фузариум ва бошқа касалликлардан баъзи ҳолларда ярмигача ҳалок бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Протравка амали донли ва бошқа экинларни ҳосилдорлигини 10% гача ошириши қайд этилган.

Инокуляция – уруғларга ишлов беришнинг иккинчи усули бўлиб, протравкани инкор қилмайди, балким унга қўшимча амал бўлади. Инокуляция бевосита экиш олдидан уруғларни уйғотиб юбориш учун, унувчанлиги ва ўсиш энергиясини орттириш учун бажарилади. Шу билан бирга инокуляция учун қўлланиладиган айрим воситалар экинларни турли касалликларини олдини олиш учун, экинларни ҳашоратларга қаршилик қилиш қобилиятини ошириш учун ҳам хизмат қилади.

304.jpg (8 KB)

Ўсимлик ўсиши учун ердан турли минералларни олади, агар зарурий минераллардан бири етишмаса, бошқа барча барча минералларнинг етарли ва ортиқча бўлиши буни ўрнини босмайди. Илмий тажрибалар шуни кўрсатадики, етишмайдиган минералларни экинларни устига сепиш ҳам қониқарли натижа бермай, етишмайдиган минералларни айнан экилган уруққа етказиб бериш зарур экан. Иккинчи тарафдан кўп микроэлементлар ўсимликларга микроскопик кичик миқдорларда керак бўлгани учун етишмайдиган элементларни таҳлил қилгандан кўра уруғларни табиий минераллар аралашмаси билан инокуляция қилиш мумкин. Бундай воситаларни бири сифатида “Йод-шифо” Ўзбекистон табиий минерал сувлари концентрати  қўлланиши  (бир литри 1-3 м3сувда эритилиб) мумкин. Юртимизда “Фитовак” стимулятори яратилган. Ўсимликларни биологик жараёнларни чуқур ўрганиш натижасида яратилган бу восита ўсимликлардаги биокимёвий жараёнларни тезлаштиришдан ташқари ўсимликларни имун системасини, деярли барча касалликларга қаршилик кўрсатиш қобилиятини кучайтиради. Фитовак препаратини қўланиши самарадорлиги юқори эканлиги кенг далаларда тасдиқланган. Инокуляция мақсадида бир литр препарат билан 2-3 м3 эритма тайёрланади.

Ернинг табиий унумдорлиги ердаги микроорганизмлардан бошлаб чувалчанглагача бўлган тирик мавжудодлар яратади. Айнан уларнинг тинимсиз фаолияти билан ернинг донадор тузилиши, ҳаво ва сув сингдирувчанлиги вужудга келади. Уларнинг ҳаётий фаолияти туфайли ўсимликлар учун зарур бўлган беҳисоб биологик актив органик бирикмалар вужудга келади, озуқавий моддалар ердаги зарралардан эритмага ўтади. Афсуски замонавий агротехналогиялар туфайли: ерни ағдариб ҳайдалиши, турли пестицид ва минерал ўғитларни кенг қўлланиши натижасида ердаги жониворлар тизимига оғир талофат етказилган, далаларда чувалчанг топилиши қийин, далада қолган ўсимлик қолдиқларини чириши қийин бўлиб қолган. Шунинг учун экинларнинг уруғини фойдали микроорганизмлар билан инокуляция қилиш ернинг табиий унумдорлигини тиклашга ёрдам беради, микрооорганизмлар уруғ билан бирга ерга тушиб кўпаяди ва экин илдизлари атрофида фойдали ризосфера ҳосил қилади, ўсимлик ва микроорганизмлар симбиози ҳосил бўлиб, ҳосилдорликни оширади.

Фойдали микроорганизмлар орасида ҳаводаги молекуляр азотни боғловчи бактериялар мухим, чунки ўсимликлар илдизлари билан фақат боғланган азотни ютиши мумкин. Бундай бактериал препаратлардан масалан ризоторфинни эсга олиш мумкин. Препаратни идиши очилиши билан бир соат ичида инокуляция бажарилиши ва яна бир соат ичида уруғ ерга экилиши керак. Лекин гектарига 0.4л препарат қўлланилиб бу амал бажарилар экан, масалан сояни умуман минерал ўғитлар қўлламасдан етиштириш мумкин бўлади. Яна Ўзбекистон ФА Микрабиология институтида яратилган фосфор парчаловчи микроорганизмлар ва сув ўтларидан иборат экологик соф ўғитлар инокуляция учун қўлланилганда катта самарадорликка эга. Масалан бу препаратлар арпа-буғдой каби донлар ҳосилдорлигини 25% ошириш қобилиятига эга.

БайкалЭМ1” микробиологик препарати саксондан ортиқ фойдали микроорганизмлар симбиозидан иборат бўлиб, ернинг табиий унумдорлигини оширишга ҳам, бевосита ўсимликларни ривожланишига ҳам комплекс тарзда таъсир этади. Экинларни ривожланишига, ҳосилдорлигига ижобий таъсир этишдан ташқари уларни касалликларга нисбатан турғунлигини, зарарли ҳашоратларга қаршилик қобилиятини оширади. Инокуляция учун қўлланилганда препаратнинг бир литридан 0.5-1 м3 ишчи эритма тайёрлаб ишлатилиши мумкин.

Турли яшил ўсимликлардан сувли экстракт ҳосил қилиниб, экинларга фойдали қўлланиши эскидан маълум. Лекин “Байкал ЭМ1” препарати яратилганидан сўнг бундай экстрактларни ҳосил қилинишида препаратни қўллаш билан экстрактни таъсирчанлигини янада ошади.

Экстракт тайёрлаш учун кўм-кўк ўтларни эрта тонгда тайёрланади (ўрилади), улар қанчалик турли-туман бўлса, шунчалик яхши. Беда, қичитқон, укроп, кашнич, подарожник, райхон, сельдр, шалфей каби ўсимликлар яхши самара беради. Ўтлар темир ёки пластик бочкага топилганича солиниб, тоза хлорсиз сув билан тўлдирилади, 0.2-0.5 л. “Байкал ЭМ1” препарати аралаштирилиб, усти ҳаво кирмайдиган қилиб, плёнка билан пишиқ бекитилади. Ўтларни ферментланиши (микробиологик қайта ишланиши ва микроорганизмларни кўпайиши) ҳароратга қараб 7-10 кун давом этади. Бочкада ҳосил бўлган газларни 2 кунда бир аралаштириб, чиқариб юбориш керак. Сувдан “Байкал ЭМ1” ҳиди келса, жараён тўғри кетишидан дарак беради. Ҳосил бўлган экстрактни экинларни суғориш, баргларига сепиш учун фойдаланилади. Идишда қолган ўтларни қўл билан олиб, молга берилади, ЭМ-препарат каби экинларни остига кўмилади, ёки экинларни орасига мульча каби ташлаб қўйилади. Идишнинг тагида қолган экстракт кейинги экстракт учун ачитқи бўлади.

Миришкорлардан бири бир бочкадан бошлаб, кейин бочкалар сонини 5 тага етказганини, уларда кетма кет экстракт тайёрлашини ва экинлари гуллаб яшнашини ёзади. Бошқа фермер экстрактни 3 кублик темир идишда тайёрлаб, уни электр насос ва қувурлар ёрдамида томорқасига сепиб юборишини ёзади.

ЭМ-технологияларни таъсирчанлиги ҳақида бир мисол келтирайлик. Хоразм вилояти, Гурлан туманидаги Сапарвой фермер хўжалигида ЭМ – технология 2011 йилдан буён турли экинларга комплекс (инокуляция, тупроққа ишлов бериш, барг орқали озиқлантириш) қўлланилмоқда. Биринчи йилдаёқ технологияни фойдали эканлиги маълум бўлган. 2012 йили препарат ҳислатларини ҳисобга олиб, қўлланиладиган азот ўғитларини 30% камайтирилди. Меҳнат ва бошқа ресурсларни сарфи ошмасдан шоли ҳосили илгари ҳеч қачон эришилмаган даражада юқори бўлди. Шолининг навига қараб ҳосилдорлик 120-180 ц/га ташкил этди. Шолидан гурунч чиқиши одатдаги 50-55% эмас, балким 80% ни ташкил этди. Пахта, буғдой ва бошқа экинларда ҳам препарат ўз фойдали ҳислатларини тасдиқлади.

Манба: ekobarqaror.muloqot.uz.  Муаллиф: Султонмурот Орифжонов

Улашиш: