Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Хурмо кўчатини етиштириш (2-қисм)

20/Sentabr/2024 21:37
  1026

Кўчатхонага мўлжалланган майдонни ноябрь – декабрь ойларида яхшилаб ўғитлаб – 20 т/га чиринди 100 кг/га фосфор, соф ҳолда 40 кг/га калий ўғити солиниб, 30–35 см чуқурликда ҳайдалади. Эрта баҳорда намни яхши олиш ва сақлаш мақсадида бороналанади. Қишки намгарчиликдан тупроқ зичлашган бўлса, уни баҳорда чизелланади ёки ағдармасдан ҳайдалади ва майдон ҳар хил ўтлар илдизларидан тозаланади. Экиш олдидан 18–20 см чуқурликда чизелланади ва борона қилинади, бу икки тадбирни бир йўла ўтказса бўлади. Экиш сифати ва униб чиқиши яхши бўлиши учун тупроқ яхшилаб майдаланган бўлиши лозим. Катта кўчатзорларда уруғни, одатда, биринчи далага пайванд қилинадиган далага экилади, экишдан олдин 60–70 см оралиғида ариқлар (жўяклар) олинади. Ариқ пуштасининг тепа қисмида кичкина ариқчалар (жўякчалар) қилинади ва ушбу ариқчаларга 3–4 см чуқурликда уруғлар экилади. Уруғ икки усулда экилади: қатор қилиб ёки уялаб. Қатор қилиб экилганда уруғнинг ораси 2–3 см бўлади, уялаб экилганда эса уялар ораси 20–25 см бўлиб, ҳар бир уяга 3–4 дона уруғ ташланади. Экилган уруғларнинг устига 3–4 см тупроқ тортилади. Бир гектар майдонга қаторлаб экилганда 80–100 кг, уялаб экилганда 40–50 кг уруғ сарфланади. Экилгандан сўнг ариқлари қорайтириб суғорилади, зарурат бўлса уруғни унишига қараб 1–3 маротаба суғорилади. Қатқалоқ ҳосил бўлмаслиги учун ариқлари культивация қилинади, пушталари эса хаскаш билан юмшатилади, ёки қатқалоқ пайдо бўлишидан олдин қум сепилиб, мульеча қилинади. Уруғдан ниҳоллар ўсиб чиқиб, икки чин барг ҳосил қилгандан сўнг ниҳоллар ягана қилинади. Қаторлаб экилган ўсимликлар ораси 10–15 см бўлиши лозим. Уялаб экилганларда эса ҳар бир уяда 1–2 ўсимлик қолдирилади. Ягана қилиш натижасида олинган ўсимликларни сийрак, чиқмаган ерларга экиш мумкин бўлади. Виргин хурмоси илдиз системаси патаксимон бўлиб ривожланиши учун икки чинбарг ҳосил қилгандан сўнг 10–15 см чуқурликда ниҳолнинг ўқ илдизи махсус пичоқ билан кесилади ва бу тадбирдан сўнг яхшилаб суғорилади.

Ниҳоллар зичлиги ўсимликлар ўсишига салбий таъсир қилмайдиган даражада бўлса, пайвандларнинг тутиши шунча юқори бўлади. Ниҳоллар сийракроқ бўлса, пайвандларнинг ушлаш даражаси пастроқ бўлади ва 5–10 фоизни ташкил қилиши мумкин. Чунки пайванд қилинмаган ўсимликларга қуёш нури ва ҳавони кўриш омили салбий таъсир кўрсатади. Ниҳолларнинг зичлиги юқори бўлса, уларнинг барглари остида намлик даражаси юқори бўлади ва ўзига хос микроиқлим ҳосил бўлади – ҳавонинг намлиги юқори туриб, қуруқ ҳаво оқими ва қуёш нурини тўғридан-тўғри тушишидан сақлайди. Бу ҳол хурмонинг биологик ҳусусиятига мос шароит бўлиб, пайвандлар тутиш даражаси анча юқори (80–90%) бўлишини таъминлайди. Баҳорнинг ёмғирли иссиқ ҳавосида ўтказиладиган пайванд натижаси анча самаралироқ бўлади. Кўчатхона учун ер танлаш, уни тайёрлаш, уруғини экиш, ниҳолларни парвариш қилиш, улар зичлигини таъминлаш – ҳаммаси бир гектар майдонда 70–90 минг ўсимликни текис жойлашишига қаратилиши лозим.

Ниҳолларни текис ва яхши ривожланиши мақсадида вегетация даврида 10–12 маротаба суғорилади ва икки-уч маротаба ўталади. Жўяклар ҳар сувдан сўнг юмшатилади, бирикки (июнь ойи бошида ва июль ойи ўрталарида) маротаба азот ўғити билан озиқлантирилади. Куз ойида ниҳолларни қишки совуқдан асраш мақсадида 10 см атрофида тупроқ билан кўмилади.

Баҳорда ниҳолларнинг таги очилади ва сув юриши билан пайванд бошланади. Пайвандни яхши тушишига пайванд қилинадиган кўзлар сифати катта таъсир қилади, кўзнинг сифатига эса новдаларнинг ҳолати, уларни тайёрлаш вақти ва сақлаш катта таъсир қилади.

Қишда она боғлар новдаларини совуқ уриши эҳтимоли борлиги учун новдалар баъзи ҳолларда кузда – барг тўкилгандан сўнг тайёрланади. Қиш қаттиқ келган ҳолларда ниҳолларнинг устки қисми шикастланиб, пастки қисми, қумланган ерга яқин бўлган қисми сақланиб қолади. Шундай шароитда юқорида баён қилинган ҳол ўзини оқлайди. Кузда олинган новдаларни узоқ муддат сақлаш лозим бўлганлиги учун уларнинг баъзи кўзлари, баъзи пайтда анчагина қисми шикастланади ва нобуд бўлади. Махсус сақлаш анжомлари бўлмаса новдаларни баҳоргача сақлаш анча мураккаб.

Шунинг учун иложи борича новдаларни кечроқ тайёрлаш лозим. Новдаларни куртаклар бўртгунига қадар тайёрлаш лозим. Бу муддат об-ҳавонинг келишига қараб аниқланади. Новдалар фақат апропация қилинган серҳосил, соғлом она дарахтлардан тайёрланади. Она дарахтларни апропация қилиш ўта муҳим ва мажбурий тадбир бўлиб, кўпайтириладиган новданинг ҳосилдорлигини ва тозалигини ошириб боришга хизмат қилади. Тайёрланган новда ингичка кўзлари (куртаклари) етилмаган қисмлари қирқиб ташланади. Улар 50–100 донадан қилиб боғланади, боғламдаги новдалар сони бир хил бўлиши лозим, бу ҳисоб-китобни осонлаштиради. Боғланган новдаларни соя-салқин ерларга қўйилади ёки тупроқ билан кўмилади. Агарда кесилган новдалар очиқда, шамолда, қуёшда қолса, бу новдалардаги куртакларга салбий таъсир қилади ва уларни тутувчанлик даражаси анча пасаяди. Тайёрланган новдалар кун охирида қиш давомида сақланадиган жойга олиб бориб жойлаштирилади. Новдаларни ташишда улар шамолламаслиги учун устини нам хашак ёки бошқа бирон-бир нарса билан (брезент, плёнка, қанор в.ҳ.) ёпилади. Новдалар боғламлари яшикларга жойлаштирилади, нам қипиқ билан оралари тўлдирилади, қопқоғи ёпилади ва совуқхонага қўйилади. У ерда улар +5о дан юқори бўлмаган ва -3о дан паст бўлмаган ҳароратда пайванд бошлангунча сақланади. Қумда сақланган новдаларга нисбатан нам қипиқда сақланган новдаларда ва пайванд вақтида яроқли куртаклар сонининг фоизи юқорироқ бўлади. Нам қопга ўралган (қоп канопдан бўлиши лозим, қанор қоп) новдалар куртаклари пайвандгача анча яхши сақланади. Куртакларнинг пайвандга яроқли ҳолати, кесимнинг нормал яшил рангга эгалиги ва камбий қатламининг соғломлиги билан аниқланади. Сақлаш муддати, одатда, бир ярим-икки ой давом этади.

Манба:

Орипов А., Аброров Ш. (2013). Хурмо етиштириш технологияси. Тошкент: «Sharq»

Улашиш: