Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Кузда пиёз етиштириш бўйича маслаҳатлар

24/Dekabr/2024 09:22
  1824

Мамлакатимизда бошпиёз майдони ва ҳосили жиҳатидан помидордан кейинги ўринда туради. Унинг сабзавот экинлари орасидаги улуши 23–24 %, ялпи маҳсулот бўйича 18–19 % ва ҳосилдорлига ўртача гектаридан 35–40 тоннани ташкил қилади. Ҳар йили 48–50 минг гектар майдонда пиёз етиштирилади, шундан 30–35 фоизи эртапишар пиёз навлардир.

Пиёз етиштириш учун механик таркиби енгил, қумоқ, бегона ўтлардан тоза бўз тупроқлар танланади. Пиёздан юқори ҳосил олишда оч тусли бўз тупроқли, шунингдек, дарё соҳилларидаги лойқа ўтирган, минерал моддаларга бой ва сув таъминоти яхши бўлган майдонлар ҳисобланади. Далани бегона ўтлардан тозаловчи картошка, карам, помидор, бақлажон, қалампир ва ғалладан бўшаган майдонлар мазкур экинларга мосдир. Танланган майдон ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан сифатли тозаланади, тупроқ  28–30 см чуқурликда юмшатилади, катта кесаклар майдаланади, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари олинади.

Экиладиган пиёз уруғи тоза, юқори унувчан, касалликлардан ҳоли, бутун бўлиши зарур.

Эрта кузги муддатда экиш учун пиёзни маҳаллий шароитда яратилган эртапишар Сумбула, Оқ дур, чет элнинг Ғ1 дурагайларидан Сибирь, Манас, Халсидон каби эртапишар навлар, саримсоқнинг Майский ВИР, Южний фиолетовий ва Чидамли навларини экиш тавсия этилади.

Пиёз икки хил усулда, яъни кўчат усулда ва уруғини сепиш йўли билан етиштирилади. Ёзги-кузги муддатда шимолий вилоятларда 15 август–1 сентябрь, бошқа вилоятларда 15 август–10 сентябргача уруғи сепилади. Пиёз уруғи бир гектар майдонга 12–14 кг. гача сарфланади. Ернинг нишабига қараб қатор ораларини 70–90 см. дан олиб, уч-тўрт қаторли усулда сепилади. Эгатлар оралиғи 70 см бўлганда (40+15+15)/3х8 см, 90 см бўлганда эса (45+15+15+15)/4х8см шаклда экилади.

Кўчат усулда етиштириладиган бўлса, пиёз уруғлари 10–15 августда ҳар гектар ҳисобига 3,5–4,0 кг 1,8–2,0 сотих майдонга сепилиб, 35–40 кунлик бўлганда юқоридаги схема бўйича экилади. Уруғ ерга 1,5–2 см чуқурликка кўмилади.

Кузги муддатда экилган пиёз тўлиқ ва сифатли ундириб олиш учун уруғ ва ундириш сувлари берилади. Суғоришлар ҳар 3–4 кунда ўтказилиб ўсимликлар тўлиқ майсалашгача давом этади. Пиёз ниҳолларининг бўйи 5–6 см бўлганда бегона ўтлардан тозалаб, суғорилади. Шунда ниҳоллар 8–12 см бўлиб қишлашга киради.

Баҳорда пиёз ниҳолари ягана қилинади ва ўсимликлар боғлам кўк пиёз ҳолатида истеъмолга чиқарилади. Эрта кузги пиёз етиштиришнинг ўзига хос хусусиятидан яна бири бу парваришлашда баҳорда шакллана бошлаган “карнайларни” – гулпояни ўз вақтида синдиришдир. Бу тадбирни кечиктириш пиёзбошининг майдалашиб, ҳосилдорлигини пасайишига сабаб бўлади.

Кўчат усулда етиштириладиган бўлса, пиёз уруғлари 2–2,5 сотих майдонга сепилиб, 1,5–2 см қалинликда яхши чириган гўнг билан мульчаланади ва захлатиб суғорилади. Намлик етарли бўлса 8–10 кунда пиёз уруғлари униб чиқади. Ниҳоллар униб чиққандан сўнг тупроқ намлигига қараб суғорилади ва бегона ўтлардан тозалаб, нимжон ёки касалланган ниҳоллар юлиб ташланади. 1 м2 майдонга 15–16 кундан кейин озуқа: 10 л сувга 5 г азотли, 4 г фосфорли, 2 г калий ўғитлари эритилиб, устидан берилади. 30–35 кунлик кўчатлар далага олиб чиқиб 70 ёки 90 см.ли эгатларга 3–4 қаторли лентасимон усулда, ўсимликлар орасини 7–8 см қилиб экилади.

Пиёз патак илдизли сабзавот бўлиб, илдиз системаси асосан тупроқнинг устки қисмига яқин жойлашади. Шунинг учун экин ернинг устки қисмида асосий озиқа элементлари кўп бўлишини талаб қилади. Бўз тупроқларда ҳар 10 сотих ерга ўртача 30,0 кг азот, 22,0 кг фосфор ва 9,0 кг калий бериш керак. Ўтлоқи, ўтлоқи-ботқоқ тупроқларда эса 25,0 кг азот, 20,0 кг фосфор, 8,0 кг калий солинади. Шўрланган, тупроқ бонитети паст бўлган ўтлоқи тақир, тақир тупроқларда пиёз етиштирилганда 32,0 кг азот, 22,0 кг фосфор ва 10,0 кг калий берилиши мақсадга мувофиқ.

Уруғ униб чиқаётган ва пиёз боши шаклланаётган даврда экиннинг сувга талаби кучаяди. Ўсув даврининг охири ва пиёз бошлари етилган пайтда талаби бир оз камаяди. Сизот сув чуқур бўз тупроқли ерларда кўкламнинг охири ва ёзнинг бошларида пиёз ҳар 7–10 кунда суғорилади. Июннинг иккинчи ярмидан бошлаб, яъни пиёзбошининг ўсиши тўхтагандан кейин 12–14 кун оралатиб икки марта суғорилади ва йиғиб-териб олишга бир ой қолганда суғориш тўхтатилади. Сизот сув чуқур жойлашган бўз тупроқли ерларда қишга яқин ва кўкламда пиёзни ўсув даврида 11–13 марта, сизот сув яқин бўлган участкаларда 7–9 марта суғорилади.

Пиёз пашшаси, тамаки трипси, кузги тунлам ва бошқа зараркунандаларга қарши курашда 10 сотихга препаратлардан 10 фоизли ДВА-три эм.к. дан 40 мл, 10 фоизли Талстар эм.к. дан 30–40 мл, 20 фоизли Конфидор эм.к. дан 25–30 мл, сохта ун шудринг, илдиз чириш, мозаика, сарғайиш, бўғин чириш касаллигига қарши 1 фоизли Бордо суюқлиги (мис сульфати бўйича 6–8 кг/га) билан ишлов берилади, 10–15 кунда қайта ишлов ўтказилади. Бунда 10 фоизли Топаз эм.к. ни 12,5–15,0 мл ёки Курзат Р (200–250 г) препаратини 60 литр сувга аралаштириб пуркаш тавсия қилинади.

Кузда пиёз экиш учун авваламбор экиш материаллари яъни нав биологияси бўйича танлаш керак. Қайси мақсадда етиштиришга қараб экиш муддатлари, схемаси, усуллари ва парваришлаш чора-тадбирлари ўз вақтида ҳамда сифатли ўтказилса кўзланган ҳосилга эришилади.

Манба: agro.uz

Улашиш: