Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Хурмо кўчатини етиштириш (1-қисм)

24/Dekabr/2024 18:14
  1387

Хурмо кўчатлари қаламчадан, уруғидан ва пайванд қилиш йўли билан (куртак пайванд ва қаламча пайванд) ўстирилади.

Хурмо новдасининг илдиз олиши анча қийин бўлганлиги учун ишлаб чиқаришда бу усулдан деярли фойдаланилмайди.

Уруғ билан кўпайтириш, асосан, хурмо селекциясида фойдаланилади.

Энг кўп тарқалган усул бу пайванд йўли билан кўчат етиштириш, бунда олдин уруғдан пайвандтаг ўстирилади ва етилган пайвандтагга кўпайтириладиган навнинг куртаги ёки новдаси пайванд қилинади. Пайвандтаг сифатида хурмонинг учала турини ишлатиш мумкин: Шарқ, Кавказ ва Виргин хурмоси. Ўзбекистон шароитида пайвандтагга, асосан, Кавказ хурмоси ва баъзида Виргин хурмоси уруғидан фойдаланилади. Уруғ, асосан, кеч кузда, мевалар пишиб етилганда тайёрланади. Терилган меваларни тўда қилиб ёки яшикларга солиб сақланади ва бочкаларга солиб, устидан сув қуйилади, мевалар тўлиқ юмшагандан сўнг уни ишқалаб данагини ажратиб олинади, бунда махсус элаклар ёки сим тўрлардан фойдаланилади. Ювилган уруғлар сал- қин ерга 2–3 см қалинликда ёйилади ва ҳар куни бир-икки маротаба аралаштириб турилади. Кавказ хурмосининг бир килограмм уруғини олиш учун беш килограмм меваси керак бўлади, бир килограммда ўртача 7,0–7,2 минг дона уруғ ташкил қилади. Қуритилмаган, янги тайёрланган уруғларни униб чиқиш муддати: Кавказ хурмосиники 8–10 кун, Виргин хурмосиники 15–17 кунни ташкил қилади. Кавказ ва Виргин хурмоси уруғларининг унувчанлиги икки йилгача, Шарқ хурмосиники эса бир йилгача сақланади.

Уруғлар қуритилгандан сўнг улар қуруқ ва салқин ерда сақланади, кузда экиладиган бўлса, то экилгунгача. Баҳорда экиладиган уруғларни эса январь ойининг ўрталарида қумлаш – стратификация (етилтириш), ёғочдан ясалган қути, зах чуқурда ва нисбатан совуқ ерда амалга оширилади. Қумлашда бир қисм уруғни уч қисм тоза қум билан аралаштирилади, қум доим ўртача намликка эга бўлиши керак, қумнинг ўта намлиги уруғнинг унишига салбий таъсир кўрсатади. Ҳарорат 5–8о даражани ташкил қилганида стратификация даври 50–60 кун давом этади.

60–90 кун давомида уруғларни 10 даража илиқликда стратификация қилиш тавсия этилади. Экилишдан олдин уруғлар тозаланади, намланади ва Тирам (Thiram) каби фунгицид кукуни билан ишлов берилади, сўнгра усти ёпиқ пластик идишларга жойланиб, музлатгичда -2, -6 даража ҳароратда сақланади. Уруғлар, одатда, январь–февраль ойларида экилади. Экилгандан кейин 1 ҳафтадан 6 ҳафтагача муддат ичида уруғ мағзи илдиз томондан ниш уради ва бир ойлардан кейин барглар ҳам уруғ пўчоғини ёриб чиқади. Уруғларни намланган газета саҳифалари орасида сақлаб ҳам ниш урдириш мумкин. D. kaki уруғларига ҳам худди шу усулни қўллаш мумкин. Хурмо уруғларининг қуриб қолишига йўл қўйиб бўлмайди, қуриб қолиши уларнинг униб чиқиш имкониятларини кескин камайтиради. Уруғлар 28 даража илиқ ҳаво ҳароратида яхши униб чиқади ва шундай ҳаво ҳарорати шароитида уруғлар униб чиқиши учун 2–3 ҳафта вақт кетади. Униб чиққан ёш кўчатлар офтобдан ҳимояланиши ва салқинда сақланиши лозим. Кўчатлар, одатда, 10–12 ойда пайванд қилишга тайёр бўлади. Деярли барча кўчатларни пайвандустнинг кичик диаметрли пайвандтакка қаламчали пайванд усулида ва каттароқ диаметрли пайвандтакка ёрма пайванд усулида бириктириш орқали кўпайтириш ҳам мумкин. Пайвандтаг сифатида янги, ёш кўчатлардан фойдаланган афзалроқ. Қаламчали пайванд қилиш куртакпайванд усулига қараганда кўпроқ яхши натижалар беради. Пайванд қилиш учун энг яхши давр февраль ва март ойлари ҳисобланади. Сентябрнинг биринчи ярми давомида ёнбошдан ямоқ пайванд усули ҳам тавсия қилинади.

Кавказ хурмоси уруғини ювгандан сўнг қумланса, унувчанлиги анча юқори бўлади. Уруғлари, асосан, баҳорда экилади, одатда, март ойида, кузда экилган уруғлар совуқ таъсирида, ёки эрта униб чиққан ўсимталари эрта баҳорда бўладиган совуққа чалиниб, нобуд бўлишлари мумкин.

Экиш муддатини аниқлашда қуйидагиларга аҳамият бериш лозим. Кавказ ва Виргин хурмосининг уруғлари 12– 13о, Шарқ хурмосининг уруғлари эса 14–15о даража илиқда унишни бошлашади, уруғларнинг униш энергиясини энг катта даври 15–20о даражага тўғри келади.

Хурмо кўчатхоналарини ташкил қилиш учун текис, сув билан таъминланган, шўри йўқ, суғориш учун рельефи маъқул бўлган, қуёш нури яхши тушадиган, гармселлардан ва совуқ шамоллардан сақланган майдон танланади. Унумдорлиги юқори, яхши дренажга, енгил ёки ярим енгил зичликка, қалин қатламга эга тупроқлар бўлиши керак.

Манба:

Орипов А., Аброров Ш. (2013). Хурмо етиштириш технологияси. Тошкент: «Sharq»

Улашиш: