Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Арпабодиён ўсимлигининг шифобахш хусусиятлари ва етиштириш технологияси

24/Dekabr/2024 11:25
  3409

Шифобахшли хусусиятлари. Арпабодиён меваси препаратлари ва  мойи тиббиётда бронхит касаллигида балғам кўчирувчи, ичак фаолиятини яхшиловчи, ел ҳайдовчи дори сифатида ҳамда фармацевтикада дорилар мазасини яхшилаш учун ишлатилади. Арпабодиён меваси ўз таркибида сақлаган эфир мойи ҳисобига ундан тайёрланган ва олинган препаратлар яллиғланишга қарши, балғам кўчирувчи, спазмолитик (силлиқ мушакларни бўшаштирувчи) ва қисман микробларга қарши таъсир кўрсатиш хусусиятига эга. Шунинг учун уни турли шаклдаги дори воситалари сифатида нафас йўлларининг шамоллашида (ларингит, трахеит, бронхит, зотилжам ва бошқалар) кенг миқёсда ишлатилади ва яхши самара беради.

Кўкати таркибида турли эфир мойлари, кальций, магний каби моддалар ва витаминлар мавжуд. Магний суяклар учун керакли бўлган моддалардан саналади ва у кальций ҳамда D витамини билан биргаликда суякларнинг мустаҳкам бўлишига ёрдам беради. Шунингдек бу витаминлар стресс, толиқиш, асабийлик, соч тўкилиши, терининг сўлғинлашиб қолиши, тирноқлар ўртасида ариқча пайдо бўлиши, кўриш қобилиятининг сусайиши, кўзлар толиқиши, иштаханинг йўқолиши, қорин оғриғи кабилардан ҳам халос бўлишга кўмаклашади. Жигар ва ўт пуфагидаги кўплаб иллатлар арпабодиён билан даволанади.

Ибн Сино арпабодиён мевасини нафас олиш қийинлашганда уни енгиллаштириш учун ва терлатувчи дори сифатида ҳамда бошқа касалликларда  ҳам  қўллашни тавсия этган.

Халқ  табобатида ўсимлик мевасидан тайёрланган дамлама терлатувчи, сийдик ва ўт  ҳайдовчи, иштаҳа очувчи восита сифатида ишлатилади. Бундан ташқари, арпабодиённинг эфир мойи қўшилган комплекс препаратлар  ҳам  мавжуд.

Овқатга зиравор маҳсулот сифатида арпабодиённинг тўлиқ пишиб етилган мевалари қўлланилади. У нон пиширишда, ширинликлар (қандолатчиликда) ва ароқ-ликёрлар тайёрлашда ишлатилади. Маринадлар ва консерваларни хушбўй ҳидли қилишда, сабзавотларни (бодринг, лавлаги, гулкарам, сабзи ва бошқалар) тузлашда ҳам фойдаланилади. Майдалангани турли  пироглар, печенье,  пряник, кекс ва бошқа ширинликларга ҳамда ҳар хил таомларга (сутли ва мевалардан пиширилган шўрваларга, гуручдан тайёрланган ширин овқатларга), пудингга, мевалардан тайёрланган салатларга қўшилади.

Арпабодиён  уруғидан олинган мой совун пиширишда кенг қўлланилади. Меваси ва эфир мойи озиқ-овқат саноатида, анетол эса парфюмерияда ва кунжараси паррандалар ва молларни боқишда ем сифатида ишлатилади.

Кимёвий таркиби. Меваси таркибида 1,23,2% (баъзан 6% гача) эфир мойи, 16-28,4% мой, 1,05% кул, оқсил, витаминлар C, B6, B5, B2, B1, A ва минерал моддалардан: рух(Zn), селен (Se), мис, марганец (Mn), темир (Fe), фосфор (P), натрий (Na), магний (Mg), кальций (Ca), калий (K) моддалар бўлади.

Эфир мойи таркибида 80-90% стеароптенанетол, 10% метилхавикол, анис альдегид, анис кетон ва анис кислота ҳамда бошқа терпенлар учрайди.

Агар эфир мойи ёруғликда узоқ сақланса, мой бузилади. Анетол оксидланиб, анис альдегидга, сўнгра анис кислотага ўтиши мумкин. Шу туфайли мойнинг кислоталилиги ошиб кетади ва у бузилади.

Арпабодиённинг тарқалиши. Арпабодиён ёввойи ҳолда Европа жанубида, Ҳиндистонда, Эфиопияда учрайди. Ватани аниқ белгиланмаган. Тахминан Ватани Кичик Осиё, Хитой, Египет, Туркия ва Шарқий Ўртаерденгизидан келиб чиққан.  Арпабодиённи жуда қадимги даврдан инсонлар истеъмол қилишган, бу ҳақда тош даврига таълуқли топилган уруғи дарак беради. Қадимда Египет, Греция ва Римда экилган.Улар арпабодиённи дори-дармон ва озиқ-овқат экини сифатида фойдаланишган.

Систематикаси.  Аниссимон (оддий) арпабодиён-Pimpinella Anisum L. (Anisum Vulgare Gaertn) cелдердошлар-Apiaceae (соябонгулдошлар-Umbelliferae) оиласига киради.

Морфологияси. Арпабодиён бир йиллик, бўйи 30-60 см га етадиган ўт ўсимлик.

Илдизи кучсиз шохланувчи, қуйиқ ён илдизчалари бўлган ўқ илдиз.  Илдизи 50-70 см га чуқурликка киради. Асосий илдизлари тупроқнинг 20-30 см лик қатламида жойлашади.

Пояси тик ўсувчи, юмалоқ, эгатчали, поянинг юқори қисми кам шахланган. Бўйи 60 см гача бўлади.

Барги. Илдизолди ва поянинг пастки қисмидаги барглари узун бандли, юмалоқ, буйраксимон, тухумсимон ёки бўлакли, йирик тишсимон қиррали. Поянинг ўрта қисмидаги барглари узун бандли, уч бўлакли (бўлаклари ромбсимон), аррасимон қиррали, поянинг юқори қисмидагилари эса қинли, 2-5 марта патсимон қирқилган. Поя учидаги барглар бандсиз, уч бўлакка қирқилган ёки бутун, чизиқсимон, ёхуд тор ланцетсимон бўлади. Барглар пояда банди билан ёки қини ёрдамида кетма-кетма жойлашган.

Гултўплам. Гуллари майда, кўримсиз, оқ рангли, мураккаб соябонга тўпланган бўлиб, соябонгулдошлар оиласига хос тузилган. Косачабаргларининг тиши билинар-билинмас, гултожиси  беш баргли, оталиги 5 та, оналик тугуни икки хонали, пастга жойлашган. Июнь-июль ойларида гуллайди, меваси августда етилади. Асал берувчи ўсимлик. Июн-июл ойида гуллайди ва августда пишади.

Меваси. Арпабодиён меваси  сариқ-кулранг ёки қўнғир-кулранг қўшалоқ пистадан иборат. Мева узун бандли, тухумсимон ёки тескари ноксимон, асос қисми кенг бўлиб, учки қисмига қараб торая боради. Мева узунлиги 3-5 мм, эни (асос қисми бўйича) 2-3 мм. Пишган мевасини икки бўлакка (ўртасидан узунасига) ажратиш мумкин. Ҳар қайси мева бўлаги ичида биттадан (мева пўстига ёпишган) уруғи бўлади. Мева бандининг юқори қисми  айрисимон бўлиб, ҳар қайси қисмига мева бўлаклари ўрнашган. Меванинг юқори қисмида беш тишли гулкосачаси ва икки томонга эгилган оналик устунчаси сақланиб қолган. Яримта меваларнинг ички томони текис, бирбирига тегиб туради, устки томони эса дўнг бўлиб, 5 та узунасига жойлашган қовурғаларга эга. Қовурғаларнинг иккитаси четки ҳисобланади. Мевадаги туклар жуда майда, улар фақат лупа ёки микроскоп остида кўринади. Меваси янчилганда мева банди мевадан ажрадмайди.

Уруғи. Меваси ўзига хос хушбўй ҳидга ва ширин - ўткир мазага эга. Уруғи йирик эндосперма ва унча катта бўлмаган уруғ палласидан ташкил топган. Уруғ ядросида майда друзлар кўринади. 1000 дона уруғнинг вазни 2-4 грамм.

303.jpg (91 KB)

Биологияси. Иссиқлика муносабати. Арпабодиён уруғи тупроқ +4-5°С исиганда уна бошлайди. Аммо бу ҳароратда уруғининг унишига 30 кун вақт кетади. Ҳарорат 15°С да ва нам етарлик бўлганда 14 кунда тўла майсалайди. Арпабодиён уруғининг  униши ва ўсув даври учун мақбул ҳарорат 20-25°С ҳисобланади. Уруғининг униб чиқиши учун 150-160% нам  керак бўлади. Майсаси -7°С совуққа чидайди. 2200-2400°С фойдали ҳарорат талаб қилади.

Намликка муносабати. Арпабодиён намсевар ўсимлик. Уруғининг униши учун вазнига нисбатан 150% нам талаб қилади. Намни энг кўп талаб қиладиган даври поялашдан гуллаш давригача бўлиб, бу даврда қуруқ моддаларнинг асосий қисми тўпланади. Мева ҳосил бўлиши даврида иссиқ ва қуруқ ҳаво бўлиши маъқул, бу даврда намнинг кўп бўлиши меваларнинг қорайишига ва эфирмойларининг камайишига олиб келади.

Ёруғликка муносабати. Арпабодиён  ёруғсевар ўсимлик.

Тупроққа  муносабати.  Арпабодиён  механик таркиби енгил ва ўрта бўлган,  бир оз оҳакли  қора тупроқларда яхши ўсади. Тупроқ муҳити pH 6,5...7,2. Арпабодиён учун оғир соз тупроқли, енгил қумли тупроқлар, шунингдек сизот сувлари яқин бўлган мойдонлар яроқсиз ҳисобланади.

Озиқа элементларига муносабати. Арпабодиён тупроқда азот ва фосфорнинг етишмаслигига жуда сезувчан ўсимлик.

Арпабодиённинг ўсиши ва ривожланиши. Арпабодиённинг ривожланиш даврлари: Арпабодиён дастлабки ривожланиш даврларида жуда секин ўсади ва ўсув даври 120-150 кунни ташкил қилади. Мева ҳосил қилишида иссиқ ва қуруқ ҳавони талаб қилади. Бу вақтда намнинг кўп бўлиши мевасининг қорайиб кетиб, таркибидаги эфир мойининг камайиб кетишига олиб келади. Ёш меваларида эфир мойи кўп бўлади. Уруғининг унувчанлигини 5 йилда йўқотади.

Манба:

Улуғов Ч.Х., Жумаева Н.Б. (2018). Эфирмойли арпабодиён ўсимлигининг шифобахшли хусусиятлари ва етиштириш технологияси. Мойли экинларни етиштириш ва қайта ишлаш:  ҳозирги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари мавзусидаги Республика илмий-амалий анжумани материаллари тўплами. Тошкент, 155-157 б.

Улашиш: