Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Болғар қалампирини (ширин қалампир) етиштириш технологияси

23/Dekabr/2024 21:37
  1593

Биологик хусусиятлари ва навлари. Ўсимлик дастлабки 5 та жуфт баргларнинг шаклланишигача ва ҳосил бериш даврида жуда секин ўсади. Униб чиқишидан гуллашигача 60-70 кун, ҳосилни дастлабки териб олгунча эса 100-150 кун керак бўлади. Ўсимликни парваришлаш ва етиштириш муддатларига боғлиқ ҳолда унинг вегетация даври 8-9 ойгача давом этади. Болғар қалампирининг иссиқхона учун мўлжалланган навлари ва гибридлари тезпишар, касалликлар ва зараркунандаларга бардошли, ҳосил бериш қобилиятини ёруғлик камайганда ҳамда ҳаво ҳарорати ва намлигининг кескин ўзгаришлари шароитида ҳам сақлай олиши, шунингдек, ҳосили мазали ва хуштаъм бўлиши лозим. Улар йирик ҳосилли, узоқ сақланадиган, транспортда узоқ масофага ташишга чидамли, шохламаган ихчам пояли бўлиши керак.

Ўсимлик тезпишар навларининг иссиқхонада униб чиқиб, тоза пишиб етилгунича 110 кунгача, ўртапишар навларида 110 кундан 140 кунгача, кечпишар навларида эса 140 кундан ортиқ вақт ўтади. Узунбўйли навларда ҳосил бериш даври етти ойгача давом этади, шохламайдиган тезпишар навларда эса бу муддат атиги 20-30 кунни ташкил этади.

Ўзбекистонда болғар қалампирини иссиқхоналарда етиштиришда, уларнинг очиқ майдонларда экиш учун районлаштирилган қуйидаги навларидан фойдаланилади: Тошкент Туҳфаси, Шарқ Тонги, Зумрад, Тонг, Наргиза, маҳаллий Ғ1Жайхун гибриди, Денвер француз гибриди, Ғ1Маратос, Орион, Фиеста номли нидерланд гибридлари. Қисқа муддатларга мўлжалланган экишларда маҳаллий навлардан, узоқ муддатли экишларда эса ҳорижий навлардан ҳамда маҳаллий Зумрад навидан фойдаланилади.

Етиштириш технологияси. Баҳорги плёнкали иссиқхоналарда болғар қалампири баҳор-ёз даврларида етиштирилади. Кўчатлар мартнинг ўрталарида экилиб, уларнинг вегитацияси июльавгустда тугайди. Ҳосили эса майнинг ўрталарида етилади. Экишнинг бу турида болғар қалампирининг тезпишар, детерменант навлари ва гибридларидан фойдаланиш яхши натижа беради. Иситиладиган иссиқхоналарда эса болғар қалампири қишки-баҳорги ва ўтиш даврларида етиштирилади. Қишки-кузги экиш даврида кўчат январнинг ўрталаридан, февралнинг ўрталаригача экилиб, ундан июлда ҳам ҳосил олинади. Экиш учун унинг тезпишар ва ўртапишар навларининг 55-60 кунлик кўчатларидан фойдаланилади. Ўсимлик мартнинг охирида ҳосилга киради. Ўтиш давридаги экишда эса болғар қалампирининг 35-40 кунлик кўчатлари октябрнинг охири, ноябрнинг бошларида экилади. Бунда ўсимликнинг ўртапишар навларидан фойдаланилади ва унинг ҳосил бериши январнинг охири – февралнинг бошидан бошланиб, июлгача давом этади.

Болғар қалампирининг кўчатини турли экиш даврлари учун етиштириш технологияси кўп жиҳатдан помидор кўчатларини етиштириш технологиясига ўхшайди. Лекин, болғар қалампирида, унинг уруғини экишга тайёрлашга алоҳида этибор қаратилади. Жумладан, экиш учун унинг сақлаш муддати бир йилдан кўп бўлмаган янги уруғларидан фойдаланилади. Уруғ ош тузининг 3 фоизли эритмасида сараланади, яъни экиш учун фақат унда чўккан уруғлардан фойдаланилади.

Уруғ, экишдан олдин, 25-30 0С ҳароратдаги сувда икки кун давомида сақланади. Қишки-баҳорги давр учун уруғни экиш уни кўчириб ўтқазишдан 70 кун, баҳорги-ёзги экишда 60 кун, ўтиш даврида эса – 40-45 кун олдин амалга оширилади.

Сифатли кўчат олиш учун 1 м2 юзага 8-10 г уруғ экилади. Уруғ сепилгач, унинг юзасига 0,6 см қалинликдаги тупроқ ёки майда чиринди гўнг сепилади, сўнг текисланиб, пуркагич ёрдамида суғорилади. Шундан кейин унинг юзаси, янги униб чиққан ниҳоллар намликка эҳтиёж сезгунича, полиэтилен плёнка ёки қоғоз билан ёпиб қўйилади.

Болғар қалампири кўчатларини чиринди гўнг билан тўлдирилган, 6х6х6 см ўлчамлардаги идишларда ёки улардан кичик бўлган тувакчаларда ва қутичаларда ҳам етиштириш мумкин. Кўчатларни кўчириб ўтқазишдан олдин амалга ошириладиган тайёргарлик ишлари тупроққа барча турдаги зарур бўлган ўғитларни солиш, кўчатлар ўрнини белгилаш, йўлаклар ва жўякларни ўтказиш тадбирларни қамраб олади. Баҳорги-ёзги даврда қаторлар оралиғи 60-70 см, улардаги ўсимликлар оралиғи эса 20-25 см ўлчамларда экилади. Натижада 1 м2 юзага 6-8 та кўчат тўғри келади. Қишки-баҳорги ва ўтиш даврларида кўчатларнинг озиқланиш майдонлари 70х25-30 см ёки 60х3035 см ўлчамларда бўлиши лозим. Бунда 1 м2 юзага 5-6 та кўчат тўғри келади. Баъзан, экишнинг 100+60 см х 25 см схема бўйича қўш қаторли лента усули ҳам қўлланилади. Болғар қалампирини етиштиришда помидордаги каби ўғитлаш ва озиқлантириш тизими қўлланилади. Болғар қалампири СО2 билан озиқлантиришга катта эҳтиёж сезади. Қишки-баҳорги экишда унинг пакана навлари тупи ҳеч нарсага боғланмайди. Ўртапишар навларининг туплари эса, айниқса ўтиш давридагиси, вертикал осилиб турган каноп ипларга боғлаб қўйилади. Баҳорги-ёзги экишдаги барча навлар ҳамда қишки-баҳорги экишда пакана навлар шохламайди. Ўрта бўйли навлар икки-учта шох ҳосил қилади, уларнинг ҳар бири алоҳида каноп ипларга боғланади. Ўсимликни парваришлашда ҳосил бермайдиган новдалар, нимжон ва ривожланмаган шохчалар олиб ташланади. Ушбу тадбир йирик ҳосил олишга имкон беради. Ўсимликнинг гуллаш даврида, унинг ҳосил тугишни яхшилаш мақсадида, шпаллерга таёқча билан оҳиста уриб, поя ва новдалар силкитиб қўйилади.

Кўчат экилгандан сўнг, 3-4 ҳафтадан кейин, биринчи бўғимлар шаклланади. Ҳар бир поянинг биринчи барглари бандларидаги ҳосил олиб ташлангани маъқул. Лекин, улардан кейинги кичик шохлардаги ҳосил қолдирилади. Ўсимликни праваришлаш ҳаво ҳарорати ва намликни белгиланган режимда сақлаб туришни, тупроқни юмшатишни, суғоришни ҳамда зараркунандалар ва касалликларга қарши курашишни қамраб олади.

Ўсимлик ҳосилга киришишига қадар иссиқхонадаги ҳарорат ҳаво очиқ кунларда, 23-26 0С, булутли кунларда 21-24 0С ва кечқурунлари 17-19 0С, ҳосилнинг асосий қисми шакллангандан сўнг эса юқоридаги кўрсаткичлар, мос равишда, 21-24 0С, 20-22 0С ва 15-16 0С оралиқларда ушлаб турилиши лозим. Тупроқнинг энг мақбул ҳарорати 24-26 0С оралиқда бўлади.

Иссиқхонани шамоллатиш йўли билан ўсимликлар ҳарорат кўтарилишида сақланади. Плёнкали иссиқхоналарнинг плёнкаси майнинг ўрталарида йиғиб олинади.

Сифатсиз кўринишдаги ҳосил тезда олиб ташланади, лекин бу жараён яшил ҳосил териб олинишидан олдин 2 ҳафтадан кечиктирилмаслиги лозим.

Болғар қалампири помидорларга нисбатан тез-тез суғорилишни талаб этади, у тупроқнинг қисқа муддатли қуриб қолишини ҳам кўтара олмайди. Шунингдек, ортиқча намликка ҳам чидамсиз бўлиб, шу туфайли ўсимлик кичик меъёрларда суғорилади. Ўсимлик кўчати экилгандан кейин, дастлабки 2-4 ҳафталарда тупроқнинг намлиги мўътадил (65-70 %), кейинчалик - биринчи ҳосиллар шакллангунча – 75 %, ҳосил бериш даврида эса 80-90 % бўлиши керак.

Ҳавонинг энг маъқул нисбий намлиги 70-75 % атрофида бўлади. Қаторлардаги тупроқни юмшатиш суғоришдан кейин, ўсимлик туплари оралиқларигача, ленталар оралиқлари эса ҳосил йиғиб олингандан кейин ва навбатдаги суғоришдан олдин ўтказилади.

Ўсимликларни парваришлаш тадбирлари орасида, доимий равишда уларнинг қуйи баргларини олиб ташлаш, ўсимлик тупини силкитиш, унинг учини чеканка қилиш (ҳосилни йиғиштириб олишдан олдин 40 кунгача), зараркунандалар ва касалликларга қарши ўз вақтида курашиш кабилар ҳам муҳим ҳисобланади.

Болғар қалампирининг ҳосили техник ёки биологик етилганда териб олинади. Охирги ҳолатда ҳосилдорлик сезиларли даражада камаяди. Ҳосилни дастлабки ҳамда қиш мавсумларида териб олиш ҳафтасига 1-2 марта, қуёшли кунлар бошланиши билан эса ҳафтасига 2-3 марта ўтказилади. Болғар қалампирининг ҳосилини териб олишда, унинг банди пичоқ ёки иссиқхона қайчисида қирқилади. Йиғиб олинган ҳосил навларга ажратилиб, сўнг 5-10 кг ли яшикларга жойлаштирилади.

Болғар қалапири ҳосилини қисқа муддатли сақлаш ва узоқ масофага олиб бориш 12 0С ҳароратда амалга оширилади.

Манба:

Асатов Ш.И. (2016). Қорақалпоғистон  Республикасининг шимолий туманларидаги тупроқли иссиқхоналарда сабзавот экинларини  етиштириш технологияси бўйича тавсиялар. Baktria press.

Улашиш: