Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қуён боқиш бўйича маслаҳатлар

23/Dekabr/2024 17:13
  1471

Асосий биологик хусусиятлари

Қуён ўсимликхўр кемирувчилар оиласига мансуб жонивор-дир. Жинсий ва жисмоний жиҳатдан 3-4 ойга тўлганида етилади. Урғочи қуённинг ҳомиладорлик даври 29-31 кун давом этади. Янги болалаган урғочи қуён 2-3 кундан сўнг жинсий майил билдириб, такрор уруғланиши мумкин. Тулаш мобайнида қуён момиғи осон ажралади. Момиқ олиш учун мўлжалланган қуён зотини етиштирувчи қуёнбоқарлар жониворнинг ушбу хусусиятини билиши керак. Бундай зот момиқлари ҳар 2-2,5 ойда юлиб олинади. Яхши боқилган тўрт ойлик қуён вазни 3-3,5 килограммга етади. Яъни, туғилгандаги вазнига нисбатан 60 баробар оғир бўлади. Ёш қуёнчаларда копрофагия (ўз ахлатини истеъмол қилиш), одатда, 23-24 кун ўтгач, она сутидан ташқари бошқа емлар билан ҳам озиқлана бошлаганидан сўнг намоён бўлади. Копрофагия қуёнлар организми учун фойдали хисобланади.

Қуён боқишнинг фойдали жиҳатлари

  • Қуённинг гўшти пархезбоп.
  • Мўйнаси ва момиғидан тайёр-ланган ашёларга бўлган талаб доимо юқори.
  • Қуён тез вояга етади ва тез кўпаяди.
  • Қуённи кичкина, жумладан, шаҳар томорқа хўжалигида ҳам парваришлаш мумкин.

Асосий турлари ва зотлари

Қуёнлар олинадиган махсулотга қараб 3 турга бўлинади: гўшт, гўшт-тери (мўйна) ва юнг олинадиган қуёнлар.

Қуёнлар яна қуйидаги хусусиятлари бўйича ҳам турларга бўлинади:

  • юнг қопламасига кўра: қисқа юнгли, меъёрий юнгли (аксарият зотлар) ва узун юнгли (момиқли);
  • танасининг катталигига кўра: йирик, ўрта ва майда.

Совет шиншилласи. Йирик, гўшт-тери олишга ихтисослаш-тирилган. Бақувват жуссаси ва қалин юнг қатлами билан фарқланиб туради. Ўртача ти-рик вазни 5 килограмм, айримлари эса 6-7 килограммгача етилади. Урғочи қуён серпушт, сутлилик даражаси юқори бўлиб, 8-12 бошгача бола боқиб, улғайтиради. Баданидаги юнг қопламаси кумуш ва кумуш-мовий тусда бўлади.

232.jpg (10 KB)

 

Кулранг «Bеликан». Йирик, гўшт-тери олишга ихтисослаш-тирилган. Гавдасининг узунлиги 51-65 сантиметргача етади, деярли юмалоқлашиб кетган, жуссаси бақувват. Кўкрагининг йўғонлиги 37-39 сантиметр, бели тўғри ва кенг. Оёқлари бақувват, қисқа, сермушак. Тирик вазни 5-8 килограмм-га етади. Юнг қопламасининг ранги 4 хил: сарғиш кулранг, оч кулранг, тўқ кулранг ва қора бўлади. Урғочиси тез урчийди, ҳар болалаганида 10 бошгача бола беради.

233.jpg (8 KB)

 

Оқ момиқ. Ўртача катталикда, юнг олишга ихтисослашти-рилган. Вазни 3-4 (баъзан 4,5-5,0) килограмм-ни ташкил этади. Танасининг узунлиги 54 сантиметр, кўкрагининг йўғонлиги 30-34 сантиметр келади. Йил давомида ҳар бир толасининг узунлиги 6-16 сантиметр келадиган, вазни 300-500 грамм, айримлари 700 граммгача оппоқ момиқ (юнг) беради.

234.jpg (72 KB)

 

Оқ «Великан». Гўшт-тери олишга ихтисослаштирилган. Танасининг узунлиги 60-67 сантиметрни ташкил этади. Ўртача тирик вазни 5 килограммга етади. Ўз вақтида ва сифатли шилиб олинган тери олий навга қабул қилинади. Оқ великан, одатда, альбинос бўлиб қизил кўзлари билан фарқ қилиб туради.

235.jpg (7 KB)

 

Парваришлаш

Шахсий томорқа ва фермер хўжаликларида қуёнларни қафасларда сақлаш тавсия этилади. Бу наслни назорат қилишда, озуқани тежаш-да, касалликни даволаш ва олдини олишда қулайликлар яратади. Қафасларнинг тури ва катталиги иқлимга, қуён зоти ва турига(йирик, ўртача, кичик, зотдор, маҳсулдор, катта ёшли ва ёш) қараб белгиланади. Катакларни тайёрлаётганда катта ёшдаги қуён учун бир хонали катаклар 0,5-0,7 м2, икки хонали катаклар 0,84 м2 катталикда қилиб тайёрланади. Онасидан ажратиб олинган ёш қуёнлар гуруҳи учун ўралган майдонча поли металл тўрдан тайёрланган бўлса ҳар бир қуёнга 0,15-0,2 м2 гача, яхлит тахтали бўлса 0,2-0,3 м2 гача май-дон тўғри келиши лозимлигини ҳисобга олиш керак. Қафаслар иқлимий шароитга кўра очиқ ёки ёпиқ майдонда жой-лаштирилади.

Қуён боқиш учун жой танлаётганда қуйидагиларни ҳисобга олиш лозим:

  • шамолнинг тезлиги секундига 30 сантиметрдан ошмаслиги;
  • ҳавонинг нисбий намлиги 60-75% бўлиши;
  • ёритилиш давомийлиги 9 соатдан кам ва 16 соатдан кўп бўлмаслиги;
  • ҳаводаги аммиак ва олтингугурт миқдори мос равишда 0,01г/л ва 0,15г/л дан ошмаслиги лозим.

Қуёнларни бир катакдан иккинчисига олиб ўтиш, урчитиш, вазнини ўлчаш каби амалларни бажариш учун тез-тез қўлга олиб туришга тўғри келади. Бу амални эҳтиёткорона бажариш лозим. Акс ҳолда қуённи нафақат қўрқитиб юбориш, балки танасини шикастлаб, терисининг остини моматалоқ қилиб қўйиш, муҳим органларига жароҳат етказиш мумкин.

Жуда мухим: Қуённи қулоғидан ушлаб олиб юриш мумкин эмас. Бунда унинг жони оғрибкина қолмай, ҳаётига ҳам хавф туғилади. Гап шундаки, қулоғидан ушланиб тик осилиб турган фурсатда қуённинг кўкрак-қурсоқ пардаси ички органлар босимига бардош бера олмайди. Қорин бўшлиғидаги органлар кўкрак-қурсоқ пардасини таранг тортиб, ҳаракатсизлантириб қўяди. Бу эса, ўз навбатида, қуённинг диафрагмали нафас олиш жараёнини издан чиқаради. Натижада қўлингизда осилиб, нафас олиши қийинлашган қуён ҳалок бўлади. Айни шу сабабга кўра қуённи боши билан ерга қарата осилтириш ҳам ярамайди. Бундан ташқари осилиб турган қуён жони оғриганлиги боис қаттиқ қаршилик кўрсатиб, ўзининг пайлари ва мушакларини узиб юбориши мумкин. Қуёнчани бел усти терисидан тутиб ташиш лозим. Шундай қилинганида у кўпроқ горизонтал ҳолатда бўлиб, қўлингизни тимдалай олмайди. Катта қуённи бўйин ва яғринидаги тери буришиғидан тутиб ташиш мақсадга мувофиқдир. Айни пайтда унинг бўйни ва боши бироз ортга тортилиб, кафтингизга тиралади. Қуённи кўтарган кишининг қўли қуён умуртқасига параллел, иккинчи қўли эса думғазаси остидан суяб борилмоғи лозим.

Жинсини аниқлаш

Ташқи кўринишига қараб қуёнлар жинсини аниқлашнинг имко-ни йўқ. Уларнинг жинсини аниқлаш учун чап қўл билан қуённинг елка ва кўкрак умуртқаси ҳудуди терисидан ушлаб, қорни юқорига қилиб ётқизилади ва ўнг қўл кўрсаткич бармоғи билан думи илдиз қисмидан қаттиқ қисилиб, бош бармоқ билан жинсий аъзолар олди териси бош томонга тортилади. Вояга етган эркак қуёнларнинг жин-сий аъзоси озгина пастга букилган бўлади, ёшларида думалоқ чиқариш тешиги озгина бўртиб чиққан бўлади. Урғочи қуёнларда жинсий аъзоси дум йўналишида чўзилган бўлади.

Харид қилиш

Боқиш учун қуёнбоқар хонадонидан 2-3 ойга тўлган ёш қуёнлар харид қилингани ҳам яхши. Шундай қилинса қуён емининг таркиби, режими ва боқилган шароитини кескин ўзгартириб юборилишига йўл қўйилмайди. Насл олиш учун олинадиган эркак қуён ҳам айни шу зотдан, ёши урғочи қуёндан 2-3 ой катта, жуссаси йирикроқ бўлиши, лекин урғочи қуёнга қариндош бўлмаслиги, яна яхшиси бошқа хўжаликдан харид қилиниши мақсадга мувофиқдир. Қуён зотдор-у, фақат яхши емланмаган деб ишонтиришга ҳарчанд уринсалар ҳам ланж ва озғин қуённи харид қилманг. Ёдингизда бўлсин! Соғлом қуён озғин бўлмайди! Тумшуқчаси ҳўл (нам) бўлган, қулоғининг чаноқлари тоза бўлмаган, думининг таги ифлосланган қуён харид қилинмайди. Бўйнидан ушлаб кўтарилган соғлом қуён эластик пружинани эслатади. Шалвираган заиф қуён эса, шалпайганича осилиб тура-ди. Жинсий органининг ташқи кўриниши ва ҳолатига эътибор қаратилади. Жинсий органининг шакли бузилган, тошма тошган ва шу каби бошқа оғишларга эга қуён ҳам харид қилинмайди. Оёқ тукларининг кафт ичига ёпишиб қолганлиги юқумли тумов аломатидир. Соғлом қуён кўзлари равшан, жонли, қовоқлари шишмаган, баданидаги юнг қопламаси силлиқ ва ялтироқ бўлади.

Озиқлантириш

Қуён жуда баднафс бўлиб, кундуз куни ҳам тунда ҳам ем еб тўймайди. Бунинг сабаби жуда тез вояга етиши ва тез-тез болалаб туришидир. Шу боис ҳам у турли-туман емларга эҳтиёж сезади.

Қуёнга бериладиган асосий емлар жумласига:

  • кўк ўтлар (майса ва илдизмевалар палаги, карам барги, маккажўхори пояси ва барги);
  • ширадор емлар (илдизмевалар, полиз ва боғ маҳсулотларининг чиқиндилари, силос);
  • дағал емлар (пичан, сомон, шох-новдалар);
  • кучли бойитилган емлар (арпа, сули, буғдой, маккажўхори, дуккакли ўсимликлар дони ва уларнинг чиқиндилари яъни: кепак, кунжара, тахтакунжара, комбикорм);
  • қумоқланган донадор емлар (ўт-алаф уни, кунжара, дон чиқиндилари, гўшт-суяк ёки балиқ уни ва микроэлементлар);
  • минераллар (туз, бўр, суяк уни) киради.

Диққат! Қуёнга заҳарли гиёҳлар берилмайди.

Санитария чора тадбирлари

Қуёнхона ва катакларни йиғилиб қолган тезак, ем қолдиқлари ва тўшамалардан муттасил тозалаб бориш лозим. Йилда икки маротаба, айниқса ёғингарчилик кўп бўладиган ойларда (куз ва баҳор фаслларида), шунингдек, хўжаликда юқумли касаллик вужудга келганида дезинфекцияланади.

Дезинфекция воситаларини тайёрлаш усуллари:

1. 2% ли формалин — 1 стакан формалин 1 челак совуқ сувда эритилади.

2. 2% ли ўткир натрий — 200 гр модда 1 челак иссиқ сувда эритилади.

3. Каустик (ўткир) сода — 200 гр сода 1 челак иссиқ сувда эритилади (санаб ўтилган дезинфекция воситаларининг 1 литри пол ва деворларнинг 1 м2 қисмига сарфланади).

4. Кул суви (ишқорли сув) — 2 кг ёғоч кули 1 челак иссиқ сувда эритилади. Ушбу эритма 2 соат қайнатилгач тиндирилади, ушбу сув 4 челак сувда аралаштирилади ва такрор қайнатилади ҳамда қайноқ ҳолатида қўлланилади.

5. Хлорли охакнинг 1, 2 ва 5 %ли эритмаси — ёғоч анжомлар, катакларнинг ёғоч қисмлари ва ҳудудни дезинфекциялаш учун қўлланилади.

Иситилган эритмалар (50-60 0С) совуқ ҳолатига нисбатан самаралироқдир. Шахсий хўжаликларда қуёнхона, асбоб-ускуна ва катакларга оловли ишлов бериш усули энг содда ва самарали усул саналади. Бунинг учун оддий пайвандлаш лампаси ёки газ горелкаси қўлланилади. Катакнинг астойдил тозаланган ёғочларига оч қўнғир тус олганга қадар олов воситасида ишлов берилади.

Ёдда тутинг! Қуёнхона ичи ва яқинида тамаки чекманг. Кемирувчиларнинг пайдо бўлишини олдини олиш мақсадида ёввойи ўт-алафни ўз вақтида ўтаб ташлаш, қуёнхона атрофидаги буталарни сийраклаштириш ва дератизация тадбирларини ўтказиш лозим. Касалини даволашдан кўра касалликнинг олдини олиш ҳам осон ва ҳам арзондир.

Баъзи ўсимликларнинг таркибий озуқа бирлиги даражаси

Озуқа турлари ОБ1
Экиладиган озуқалар кўк ўти
1. Беда ўти 0,22
2. Беда гуллаш даврида 0,21
3. Янги ўсган беда ўти 0,20
4. Жавдар ўти 0,19
5. Сули ўти 0,18
6. Судаи ўти 0,20
7. Арпа ўти 0,18
8. Тритикале ўти 0,22
9. Маккажўхори гуллаганда 0,15
10. Маккажўхори сут даврида 0,18
11. Маккажўхори мум даврида 0,27
12. Оқжўхори ўти 0,20
13. Хашаки нўхат ўти 0,17
14. Соя ўти 0,21
15. Эснарцет ўти 0,22
16. Раис ўти 0,12
17. Топинамбур ўти 0,20
Табиий яйловлар ўти
18. Бошоқли яйлов ўтлари 0,19
19. Дуккакли ва бошоқли турли ўтлар 0,24
20. Тоғ ўтзорлари ўти 0,23
21. Сув босадиган яйловлар ўти 0,24
22. Ярим чўл яйлов ўтлари 0,34
23. Қирдаги ўтлар 0,21
24. Қўнғир бошли яйловлар ўти 0,32
Табиий яйловлар ва ўтзорлар пичанлари
25. Дуккакли ўтлар пичани 0,45
26. Бошоқли ўтлар пичани 0,46
27. Турли ўтлар пичани 0,44

Озуқа бирлиги. Озуқа бирлиги деб 1 килограмм ўрта сифатга эга сулининг тўйимлилиги қабул қилинган. Бошқа барча емларнинг тўйимлилиги сулининг тўйимлилиги билан таққосланади. Мисол учун, тўйимлилик 1 килограмм пичанда 0,2, силосда 0,15-0,2, кунжара ва донли емда 1 озуқа бирлигига тенг бўлади.

Манба: maslahatim.uz

Улашиш: