Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Наъматак кўчатларини ўстириш

24/Dekabr/2024 07:22
  1249

Наъматак саноат плантацияларини барпо этиш учун сифатли кўчатлар зарур бўлади. Экиладиган уруғнинг сифати кўчат етиштиришни муваффақият билан ўтказишга, ҳамда кўчатларни доимий жойларига экилгандан сўнг яхши ривожланиб, тезроқ ҳосилга киришига ва ташқи муҳит омилларига чидамли бўлишига катта таъсир кўрсатади.

Шу сабабли уруғлар серҳосил, йирик мевали, касаллик ва зараркунандалардан зарарланмаган, витамин миқдори юқори, ҳамда қимматли генетик сифатларга эга бўлган буталардан тайёрланади.

Наъматак уруғларини тўлиқ физиологик етилиши меваси тўлиқ етилишидан сал олдинроқ рўй беради. Мева эти сариқ, қуёшга қараган томони қизарганда (август охири-сентябр боши) уруғлари экиш учун яроқли бўлади. Бунинг учун унинг уруғлари мевасидан ажратилади, тўқ уруғларни пуч уруғлардан ажратиш учун сувли идишга солинади. Тўқ уруғлар идиш тубига чўкса, пучлари сув юзасига қалқиб чиқади. 1 кг меваларидан 10-17% уруғ чиқади. Уруғлар мевадан ажратилгандан сўнг стратификация қилиниши керак. 50-60 кун стратификация қилинган уруғлар ноябр ойида нам тупроққа 8 г/м миқдорида сепилади.

Стратификация жараёни қуйидагича ўтказилади: уч хажм тоза дарё қумига бир хажм уруғ бир текисда аралаштирилади ва доимо нам ҳолатда сақланади.Уруғлар олдиндан тайёрланган ораси 60 см бўлган кўтарма эгатларга 10 см кенгликда, 2 см чуқурликка тасмасимон қилиб қўл ёрдамида экилади.

Уруғ сепилган эгатлар пуштаси ёғоч қипиғи билан мулчаланади ва дарҳол захлатиб суғорилади. Уруғларни териш, ажратиш, стратификация қилиш ва экиш жараёнларида уруғларни қуритиб қўймасликка эътибор бериш керак.

Наъматак уруғлари баҳорда март-апрель ойларида униб чиқади, бу даврда тупроқни намлатувчи суғоришни амалга ошириш ниҳолларни бир текисда униб чиқишни таъминлайди.Наъматак кўчатлари тупроқ намлиги 60-70% бўлган шароитларда яхши ривожланади ва ўсади. Бунинг учун вегетация даврида 10 марта суғоришни амалга ошириш зарур: май ойида иккита, июнда-учта, июлда-учта, августда-икки марта суғорилади. Суғоришдан сўнг тупроқ етилгач юмшатилади ва бегона ўтлардан тозаланади. Бу тадбирлар заруриятга қараб 6-8 марта ўтказилади. 1 гектар кўчатзорга N90P90K60кг га (таъсир этувчи моддасига кўра) ҳисобидан минерал ўғитлар солиш кўплаб стандарт кўчатлар чиқишини таъминлайди.

Минерал ўғитлар (азот фосфор, калий ) қуйидаги  муддатларда солинади: биринчи озиқлантириш –майнинг охирида (азот); иккинчи озиқлантириш июннинг охирида (азот ва калий); учинчи озиқлантириш – август охирида (фосфор).Фосфорли ўғитлар кузда бўлғуси кўчатзор учун ажратилган ер майдонини шудгорлашдан олдин солинса, янада самарали бўлади. Минерал ўғитлар эгатлар бўйлаб уруғ сепилган қатордан 15-20 см масофада ва ер сатҳидан 10-12 см чуқурликка солинади. Кўчатларга минерал ўғит солишдан аввал эгатлар бегона ўтлардан тозаланади, ўғитлар билан озиқлантирилгандан кейин суғорилади.

Наъматак кўчатлари бир йил давомида парваришланади ва шундан кейингина доимий жойига ўтказиш учун яроқли бўлади. Ер устки қисми  баландлиги 15 см дан кам бўлмаган уруғкўчатлар стандарт кўчат ҳисобланади, баландлиги 20 см дан кам бўлмаган кўчатлар биринчи навга киради. Ушбу агротехник тадбирларга риоя қилинганда 1 га кўчатзордан 400-500 минг дона стандарт кўчатлар етиштириш мумкин.

Наъматакни вегетатив усулда яъни қишги ёғочлашган новда қаламчаларидан ҳам кўпайтириш мумкин. Бу усулда улар барча оналик қимматли хўжалик белгиларини ўзида тўлиқ сақлаб қолади. Бунинг учун ноябрнинг иккинчи ярмида ўсимлик тиним даврига киргандан сўнг танланган истиқболли наъматак шаклларининг буталаридан диаметри 1,52см бўлган бир йиллик новдаларидан 30 см узунликда тайёрланган қаламчалар 50 донадан қилиб боғланади ва тагига қум тўшалган траншеяга қуйи қисмини пастга қаратиб вертикал ҳолатда кўмилади ва шу ҳолатда баҳоргача сақланади. Баҳорда уларни очиқ грунтга экиш имконияти пайдо бўлгач, қаламчалар аввалдан тайёрланган эгатларга экилади. Бу даврда қаламчаларнинг қуйи қисмида каллюс ҳосил бўлган бўлиб, экиш жараёнида қаламчаларни эҳтиётлик билан, махсус экиш таёғи ёрдамида аввал чуқурча тайёрлаб сўнгра экиш зарур. Қаламчалардан етиштирилган кўчатлар тез ўсади ва вегетация охирида 1-1,5 м баландликка эга бўлади, улар 2  йили ҳосилга киради.

Манба:

Бердиев Э.Т. (2016). Наъматакни кўпайтириш ва плантацияларда ўстириш бўйича фермерлар учун тавсиянома. CGIAR.

Улашиш: