Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Куркаларни қандай парваришлаш лозим?..

24/Dekabr/2024 01:12
  1305

Зотлари ва хусусиятлари. Аҳоли хонадонларида Исроил давлатидан келтирилган оқ патли, кенг кўкракли тез етиладиган куркалар (қулқул товуқлар) боқилади. Гўшти мазали, парҳезбоп. Макиён куркалар ерга оддийгина ин қуриб, 10–15 та тухум қўяди. Хонаки курка хўрозларининг тирик вазни 9–35 кг, макиёнлариники 4,5–11 кг. 8–9 ойлигида тухум қила бошлайди. Бир йилда 70–90 та тухум қўяди. Тухумининг оғирлиги 80–88 г. Ҳар бир куркадан 40–60 бош ёш курка олиш мумкин. Улар 4–5 ой боқиб семиртирилса 160–200 кг гўшт етиштирилади.

Парваришлаш. Курка товуқдан бир неча баробар катта, шу боис кўпроқ озуқа талаб қилади. Курка жўжаларини рацион билан боқиш қаторида, офтобга ҳам чиқариш керак. Акс ҳолда жўжалар ўсишдан тўхтайди, баъзида нобуд бўлади. Агарда офтобга чиқаришнинг иложи бўлмаса, куркаларга кўпроқ кўкат, айниқса, кўк пиёз бериш мақсадга мувофиқ.

Курка парваришининг энг оғир ва масъулиятли даври бу тухумдан чиққан жўжаларни улғайтириб олишдир. Аввало, куркачалар учун қулай жой ҳозирлаш лозим. Жўжаларнинг сонига қараб, ёғочдан ясалган қути ёки унча катта бўлмаган ёпиқ жой керак. Ҳаво салқин бўлса, уни иситадиган мослама, ёритиш чироғи бўлиши шарт. Майдоннинг тозалиги, вақтида сув ва овқат бериш илк кунларда жуда муҳим аҳамиятга эга.

Тухумдан чиққан курка жўжаларини тезда онасидан ажратиш керак, фақат она куркани тинчлантириш учун икки ёки уч дона жўжа қолдирилса кифоя. Сабаби, аксарият ҳолларда курка тухумдан янги чиққан болаларини билмасдан босиб ўлдириб қўяди. Жўжаларни қутига жойлаштиргач, биринчи куни озиқлантириш шарт эмас. Унинг организмида захира моддалар бир кунга бемалол етади. Кечаси қутидаги ҳарорат 30–35 даражадан тушмаслиги зарур. Тор қутига ўнлаб куркачаларни жойлаштириш ҳам ярамайди. Бир квадрат метрда бешта жўжа боқилса мақсадга мувофиқдир.

Илк кунларда жўжаларга овқат бериладиган идишга ҳам эътиборли бўлиш зарур. Яхшиси – рангланмаган, бир неча қаватли матодан фойдаланишдир. Сабаби, жўжаларнинг тумшуғи жуда мўртлиги боис, қаттиқ идиш уларга зарар етказиши ҳеч гап эмас. Фақатгина беш кунлик жўжаларга одатий идишларда озуқа берса бўлади. Куркачалар турган хонанинг ҳароратини 28 даражадан паст бўлмаслигига ҳаракат қилиш керак. Айниқса, биринчи ҳафтада бу жуда муҳим. Агар хона ҳарорати тушиб кетса, жўжалар ёппасига нобуд бўлиши мумкин. Хона ҳавоси ҳаддан ташқари қуруқ ёки нам бўлса, жўжалар уйкучи бўлиб қолади ва яхши ўсмайди.

Хонада кераклича намлик бўлмаса, жўжаларнинг нафас олиши қийинлашади, танасидаги намлик камайиб кетади. Натижада улар озиқланиш ўрнига ҳам фақат сув ичади. Шунингдек, меъёрдан ортиқ намлик ҳам куркачалар учун ҳалокатли. Бу ҳолатда жўжа танасидаги ортиқча суюқлик нафас йўллари орқали чиқади ва унинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, ҳаддан ортиқ қуруқ ёки нам ҳаво зарарли микроорганизмларнинг кўпайишига шароит яратади ва куркачалар юқумли хасталикларга чалинади.

Ёш куркачаларнинг ўсиб-ривожланишида қуёш нурининг ҳам алоҳида ўрни бор. Ўн-ўн беш кунлик бўлган жўжалар кунига 15–20 минут атрофида офтобга чиқарилиши керак. Кун сайин бу муддат ошириб борилади. Бир ойлик жўжаларни эса кун бўйи бемалол сайрга қўйиб юборса ҳам бўлаверади. Чунки эркинликда улар турли озуқалар – ҳашаротлар, қурт-қумурсқа ва капалакларни ўзлари топиб ейишади.

Куркачаларнинг илк озуқаси майдаланган тухум, янги творог, буғдой ёрмаси, қизил сабзи ва кўкпиёздан иборат бўлади. Тўрт суткадан кейин эса тухум ва творогга маккажўхори ёрмасидан ҳам қўшилади. 10 кундан кейин озуқа таркибидаги тухум секинлик билан камайтириб борилади. Творог ва кўкатлар салмоғи оширилади.

Шунингдек, куркачаларга ачитилган сут маҳсулотлари ҳам жуда фойдали. Турли кўкатлар биргаликда гўшт қиймалагичдан ўтказилиб берилса, жўжаларнинг хасталикларга чидамлилиги ортади. Масалан, кўкпиёз ичак хас­таликларида муҳим профлактика вазифасини ўтайди. Тухумдан чиққан жўжаларга илк ҳафталарданоқ кўкпиёз мунтазам бериб борилса, улар тез улғаяди, иштаҳаси ҳам жойида бўлади.

Манба:  mehnat.uz

Улашиш: