Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Бодрингнинг биологик хусусиятлари ва навлари

24/Dekabr/2024 03:38
  1507

Бодрингнинг тезпишар навлари 30-40 кундан сўнг, ўртапишар ва кечпишар навлари эса 45-70 кундан кейин гуллайди. Найчалар ҳосил бўлгандан сўнг, бодрингнинг техник пишиб етилиши тезпишар навларда 8-10 кундан сўнг, ўртапишар ва кечпишар навларида эса 11-12 кундан кейин кузатилади.

Бодрингнинг иссиқхоналар учун мўлжалланган навлари ва гибридлари уларни шпалерларда етиштиришга, юқори ҳаво намлигига ва кундузги ҳамда тунги ҳароратларнинг катта фарқига, кам миқдордаги ёруғликка мослашаган. Шунингдек, бу навлар юқори ҳосилдорлик имкониятига эга бўлиш билан бирга, уларда ҳосил бериш жараёни узоқ давом этади. Улар ҳар бир бўғимда бир нечта найча ҳосил қилади. Мазкур навлар ва гибридлар янгилигида истеъмол қилишга мўлжалланган бўлиб, аччиқ таъмлардан холосдир.

Бодрингнинг партенокорпик навлари чангланмасдан ҳосил беради. Шунингдек, уларни маҳсулот сифатида узоқ сақлаш имконияти мавжуд бўлиб, бу ҳолат ҳосилни териб олиш муддатлари оралиқларини узайтиради.

Ушбу гибридлардан сабзавотчиликка мўлжалланган иссиқхоналарда кенг фойдаланилади (1-расм). Уларнинг асаларилар ёрдамида чанглантириладиган навлари ҳам мавжуд. Гуллаш хусусиятларига кўра, партенокорпик гибридлар тўлалигича ёки аксариат ҳоллларда аёллик типига мансубдир.

231.jpg (8 KB)

1-расм. Партенокарпик бодринг дурагайининг гули

Уларни иссиқхоналарда етиштиришда, асосан, ишлаб чиқариш талабларига жавоб берадиган махсус гетерозис гибридларнинг биринчи авлодидан фойдаланилади. Шунингдек, бодрингларнинг йил давомида етиштириладиган, баҳорги-ёзги даврларда ҳамда қишки-баҳорги ва ўтувчи даврларда экиладиган навлари ва гибридлари ўзаро фарқланади. Улар қиш ойларининг қисқа давом этадиган кундузги кунларига ва кам  ёруғлиққа мослаштирилган.

Қишки-баҳорги экишда ўсимликлар баҳорда қишдагига нисбатан тез ўсади ва шохлайди, натижада уларни шакллантириш харажатлари ортади. Шу туфайли экинларнинг ушбу навлари учун шохланишнинг табиий бошқарилиши хос ва бу жараён муҳимдир.

Битта иссиқхонада бир вақтнинг ўзида бодрингнинг партенокарпик ва асаларилар чанглатадиган навларини экиш тавсия этилмайди. Чунки, асаларилар дарчалардан учиб кириб, гуллар ни чанглатади, ностандарт ҳосилни кўпайтиради (ҳосил учида бўртиб чиққан “уруғ каллачаси” шаклланади).

Бодринг гибридларини танлашда, дастлаб, уларнинг асалари билан чанглатилиши ёки партенокарпиклигига эътибор қаратиш лозим. Иссиқхоналар учун албатта партенокарпик навларни танлаш тавсия этилади, чунки уларда ҳосилнинг шаклланиши чанглатувчи ҳашоратларга боғлиқ бўлмайди.

Асаларилар билан чанглатиладиган гибридлар орасида аёллик типига мансублари аралаш типида гуллайдиган навларга нисбатан серҳосил бўлади. Лекин, чангланиш сифатини ошириш учун уларга 10 % атрофида ўзи чангланадиганларни ҳам экиш керак.

2015 йил учун “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалиги экинларининг Давлат реейстри” га ҳимояланган тупроқларда экиш учун бодрингларнинг 80 хил намуна навлари киритилган. Улардан ҚР ҳудуди учун 69 та намуна навлар районлаштирилган. Улар орасида биттаси мамлакатимизда етиштирилган Серсув-14 нави ва учтаси  - Навбаҳор, ТошДАУ-70  ва Совға гетерозис гибридлардир.

Ҳозирги кунда гибридларнинг жуда калта (10-12 см) ҳосилли навлари кенг тарқалган. Улар тезпишарлиги ҳамда бир бўғимда бир нечта найчалар тугуши билан бошқалардан ажралиб туради. Иссиқхоналарда экиладиганлар орасида қуйидаги Ғ1 гибридлар кўпроқ тарқалган: кузги-қишки экишда – Кураж, Магнум, Амур; ўтувчи экиш даврида – Магнум, Орзу; қишки-баҳорги экишда – Орзу, Кураж, Артист, Роки, Мультистар. Булардан Кураж Ғ1 районлаштирилмаган, қолганлари районлаштирилган.

Манба:

Асатов Ш.И. (2016). Қорақалпоғистон  Республикасининг шимолий туманларидаги тупроқли иссиқхоналарда сабзавот экинларини  етиштириш технологияси бўйича тавсиялар. Baktria press.

Улашиш: