Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Пол-пола ва уни етиштириш ҳақида...

23/Dekabr/2024 20:23
  1438

Табиатда буйрак ҳасталикларини олдини олиш ва даволашда доривор ўсимликлар кенг миқёсда ишлатилади. Бундай доривор ўсимликларни диуретик ўсимликлар, яъни пешоб ҳайдовчи доривор ўсимликлар дейилади. Республикамиз табиатида бундай ўсимликлар кўплаб учрайди, чунончи қуш торон, қирқ бўғим, рўян, иттиканак ва бошқа бир қанча ўсимликлар шулар жумласига киради. Бундан ташқари пешоб ҳайдовчи дори воситаси сифатида табобатда маккажўхори попуги, бодринг (айниқса сарғая бошлагани), кўкатлардан укроп ва петрушкалар ҳам қўлланилади. Аммо, буйрак ҳасталикларини самарали даволайдиган доривор ўтлардан бири бу тукли эрва яъни “пол-пола” бўлиб, бу асосан тропик ва субтропик мамлакатларда, жумладан, Филлипин ва Янги Гвинияда ёввойи ҳолда кенг тарқалган.

Илгариги вақтларда тукли эрва хом-ашёси “пол-пола” номи билан Шри-Ланканинг Колумба шаҳридан собиқ иттифоқнинг порт шаҳарларига оз миқдорида бўлсада етказиб бериб турилган.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг доривор ўсимликлар дехқончилигига алоҳида эътибор берилди. Шу мақсадда Республикамизда доривор ўсимликлар етиштиришга ихтисослашган Давлат ўрмон хўжаликлари ташкил этилди. Мазкур хўжаликларнинг мақсад ва вазифалари асосан ёввойи ҳолда ўсаётган доривор ўсимликлар табиий захираларини сақлаб қолиш, флорамизда табиий ҳолда учрамайдиган, аммо табобат учун ўта зарур бўлган айрим доривор ўсимликлар, яъни, маккаи сано, қалампир ялпиз, мойчечак, тирноқгул, арслонқуйруқ, тукли эрва – “пол-пола” ва бошқаларни маданий ҳолда экиб ўстириш ва фармацевтика саноати эхтиёжлари учун доривор ўсимликларни етказиб бериш ва мустахкам хом-ашё базасини яратишдан иборатдир.

Тукли эрва (Aerba lanata (L.) Juss.) – матинчдошлар (Amarantaceae) оиласига мансуб кўп йиллик ўсимлик. Тукли эрва рус тилида эрва шерстистая ёки “пол-пола” номи билан ҳам аталади. Ўз ватанида кўп йиллик ўт сифатида тошлоқ ва қумлоқ ялангликларда, чўлларда ва бутазорлар орасида ўсади. Ўзбекистон шароитида эса бу ўсимлик бир йиллик ўт ўсимлик сифатида етиштирилади. Илдиз тизими чуқур эмас 15-20смга етади. Пояси ёғочланган бўлиб, ўртача 70-75см ни ташкил этади. Барглари наштарсимон-тухумсимон ёки тухумсимон-эллиписсимон, узунлиги-2-3см, эни-0.5-1.5см, қисқа бандли, атрофлари бутун, учки қисми ўткирлашган ёки тумтоқ бўлиб, асоси понасимон. Барглари пояларда дастлаб қарама-қарши, кейин кетма-кет жойлашган бўлиб, қўйи қисмидаги дастлабки барглари йирикроқ, юқорилашган сари майдалашди. Тўпгули конуссимон зич бошоқ шаклида бўлиб, қалин оқимтир тук билан қопланган. Гулларининг катталиги 2мм, ташқи томони сертуклиги туфайли кулранг-оқиш тус олади.Ички томони эса оч яшил рангли. Уруғлари 0.6-0.8мм, қора ялтироқ рангли.

Юқорида айтилганидек, “пол-пола”нинг ер устки қисмлари табобатда диуретик восита сифатида ишлатилади. Унинг дамламаси буйрак ва сийдик йўллари ҳасталиги ва простата безларининг шамоллашини даволашда қўлланилади. Ҳиндистон ва Нейлон халқ табобатида ўсимлик дамламаси буйракдаги тошларни эритишда, буйрак шамоллаш асоратларини даволашда, организмдаги гижжалар ва ҳар-хил гельминтларни тушуришда ишлатилади. Алоҳида таъкидлаш жоизки, айни пайтда республикамизнинг ихтисослашган ўрмон хўжаликлари ва айрим фермер хўжаликларида мазкур ўсимлик экиб ўстирилмоқда. Жумладан, Наманган вилояти Поп тумани, Абу Али Ибн Сино номидаги ихтисослашган Давлат ўрмон хўжалигида, Республикамизда фармацевтика фаолияти билан шуғулланувчи “Мехри гиёх”, “Асель” ва “Оқтош” кичик хусусий корхоналарида ўсимлик хом-ашёси биринчи қайта ишланиб, 25-50гр ли қадоқланиб дорихоналарда чиқарилмоқда.

Пол-полани етиштириш

“Пол-пола” ўсимлигини икки хил усул билан ўстириш тавсия этилади.

Биринчи усул- агротехникаси тўғри йўлга қўйилган (албатта кузда яхшилаб шудгорлаган, бегона ўтдан тозаланган, молаланган, чизилланган, текисланган майдонлар танланиши талаб этилади) ерларга оралиғи 60см қилиб олинган эгатларга уруғ сепиш билан амалга оширилади.

Март ойи охирлари ва апрел ойларида 10кг/га ҳисобида уруғ сепилади. Уруғларнинг белгиланган майдонга тўғри тақсимлаш мақсадида уларга тенг ҳисобда қум, кул ёки кукун ҳолидаги чиринди гўнг аралаштирилади ва эгатлар юзасига сепиб чиқилади. Уруғ сепилгандан сўнг, эгатлар заҳлатиб суғорилади ва майса ҳосил бўлгунга қадар тупроқ юзаси нам ҳолатда сақланиб турилади. Тупроқ ҳарорати 20-250 етиши билан апрел ойи охири ва май ойлари бошларида майсалар кузатилади. Майсалар жуда нозик бўлиб, 3-4 жуфт чин барг ҳосил қилгандан сўнг, қатор ораларига ишлов берилади.

Ўсимлик майдони вегетация давомида 8-10 маротаба суғорилади. Ҳар 2-3 маротаба суғоришдан сўнг культивация ўтказилади ва қатор оралари кетмон билан чопиқ қилинади. Ниҳолларнинг озиқа майдонини тўғри тақсимлаш ва меъёрда ривожлантириш мақсадида улар (бир-биридан 10-15см оралиқда хар бир уяда 2-3 тадан) ўтоқ ва ягона қилинади ҳамда парвариш қилинади.

Иккинчи усул- бу помидор, бақлажон, карам ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари каби “пол-пола” ни ҳам иссиқхоналарда кўчат усули билан етиштириш мумкин. Кўчат етиштириш 18-240 иссиқхоналарда феврал ойининг охири ва март ойининг бошларида амалга оширилади. Бунда 60-30см ўлчамли ва баландлиги 25см ли тахтачалардан яшикли жойлар тайёрланади. Дренаж сифатида яшиклар тубига майда шағал ва йирик донадор қум солинади. Унинг устидан олдиндан 3х3х1 нисбатда тайёрланган аралашма ( тупроқ, чириган гўнг ва қум) солинади ва уруғлар сепилади. Намликни сақлаш мақсадида сепилган уруғлар устига ёғич қириндисини 1-2мм қалинликда сепиш мумкин. 1м2 майдонга 50гр уруғ сарфланади.

Экилган уруғлар ҳар куни гулдон (лейка) ёрдамида суғорилади. Майса ҳосил бўлгунга қадар ер усти нам ҳолатда сақланади. Уруғлар 8-10 кундан сўнг униб чиқади. Майсаларнинг намоён бўлиши билан суғориш сони аста камайтириб борилади ва майсалар ҳолитига қараб ҳафтасига 2 марта суғорилади. Бир жуфт барг ўсиб чиққач майсалар бир-биридан 3-5см оралиқда кўчириб кўриларга (пикировка қилинади) ўтказилади. 3-4 жуфт чин барглар чиққандан сўнг, об-ҳаво шароитига кўра олдиндан тайёрлаб қўйилган эгатларга 10-15см масофага очиқ далаларга ўтказилади.      Ўсимликнинг қулай ўсиши ва ривожланиши учун 1 га майдонга 60-70 минг дона кўчат ўтказиш самарали натижа беради сарфланади. Очиқ ерларга кўчат қилиб экилган ниҳоллар юқорида таъкидлаб ўтилган агротехника қоидаларига биноан ишлов берилади ва парвариш қилинади. Ўсимликнинг ер устки қисми қийғос гуллаб, уруғлар пишиб етилгандан сўнг қўл ўроғи ёки бошқа ўткир тиғли ўриш мосламалари ёрдамида ўрилади ва йиғиштириб олинади. Ер устки қисмининг ёғочланганлиги сабабли, уларни ҳўл ҳолатда 5-10см узунликда қирқиш, соя ва салқин шийпонларда қуритиш мақсадга мувофиқдир.

Уруғ олиш учун яхши ўсиб ривожланган алоҳида майдонлар ажратилади. Ажратилган майдондан йиғиб олинган хом-ашё алоҳида тўшалган брезент ва бошқа мосламалар устида қуритилади. Сўнгра ўсимлик янчилиб элакдан ўтказилади, уруғлари олинади ва тозаланади.Тозаланган уруғлар бўз қопчаларга жойланиб,унинг устига ёрлиқлар ёпиштирилади. Хом-ашё ўсимликнинг ер устки қисми, яъни поя, барг, бошоқ ва уруғларидан иборат бўлиб, оч-кул рангли ўзига хос ҳид ва таъмга эгадир. “Пол-пола” ни қуритилган, майдаланган ер усти қисмлари ва айрим ҳолатларда илдизлари ҳам хом-ашё сифатида ишлатилади. Хом-ашёлар бўз қопларга жойланиб устига ёрлиқ ёпиштирилади ва махсус омборхоналарда сақланади. Сақланиш муддати 2 йил.

Манба: agro.uz.    Муаллифлар: М. Аллаёров, Э. Ахмедов

Улашиш: