Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Олманинг ёзги эртапишар навлари

24/Dekabr/2024 05:19
  1353

Первенец Самарканда

Бу нав Р.Р.Шредер номли  БУ ва ВИТИда яратилган. Жудаям ширин сувли, мазаси билан ажралиб туради. Эти қарсилдоқ, еганда сувли, меваси йўлга чидамли (20–30 кун сақланади). Серҳосил, ҳар йили ҳосил беради. Дарахти бўйчанг, танаси ясси думалоқ, совуққа чидамли. Пакана пайвандтагда учинчи-тўртинчи йили маҳсулдор ҳосилга киради. Паст бўйли пайвандтагда эса бешинчи-олтинчи йили. Мевасининг ҳажми ўртача (90–130 г) тўғри думалоқ шаклда, эти сарғиш, олтин рангда, баъзида қисман қизғиш рангга эга. Этининг ранги очсариқ, новвотранг, серсув, хушбўй ҳидли. Тўлиқ ҳосилга кириб мўл ҳосил берган йиллари меваси майдалашиши мумкин. Шунинг учун бу навнинг танасини доим сийраклаштириб туриш лозим. Бу навни фақат эркин ҳолда ўстириш тавсия этилади.

Старк эрлист

АҚШдан кириб келган. Қимматбаҳо эртаки навлардан бири ҳисобланади. Налив белый нави билан бир пайтда пишади ва ундан мевасининг сифати бўйича анча устунлик қилади. Мевалари унча йирик эмас (70–100 г), бир текис, япалоқ думалоқ, ташқи кўриниши жудаям ёқимли, жозибадор, қизил кармин қизғиш рангли. Эти нозик, юмшоқ, серсув, ажойиб чучук ширин мазали. Мевалари нисбатан сақланувчан ва йўлга чидамли. Пакана пайвандтагга уланган дарахтлар иккинчи-учинчи йили, паст бўйли пайвандтагда эса тўртинчи-бешинчи йили ҳосилга киради. Дарахтлар танаси симбағазда ўстириш учун жудаям мос келади.

121.jpg (9 KB)

Старк эрлист нави

Ред мелба

Келиб чиқиши Канададан. Мевалари ўртача (90–120 г), думалоқ учи қовурғали, меваси нозик, мазкур қоплама билан қопланган. Қизил малина тарам қизғиш рангга эга. Эти оқ яшил, нозик, серсув, ажойиб нордон ширин, мазали, хушбўй ҳидли. Мевалари узилгандан сўнг бир ойгача сақланади. Паст бўйли пайвандтагда дарахтлар эрта ҳосилга киради, ҳосилдорлиги юқори ва йиллар давомида текис. Замбуруғли касалликларга чидамлилиги ўртача. Дарахтлари ўрта бўйли, сийракроқ шохланган, думалоқ шаклга эга, қишга чидамли. Симбағазда шакллантириш учун танаси жуда қулай. Мевалари нозикроқ бўлгани учун йўлга унча чидамли эмас. Шунинг учун уларни истеъмол қилиш пунктлари яқин бўлган ерларда экиш мақсадга мувофиқдир.

122.jpg (10 KB)

Ред мелба нави

Боровинка ташкентская

Эски рус олма нави, Боровинканинг дурагайи. Р.Р.Шредер номли  БУ ва ВИТИда ажратилиб олинган. Мевалари ўртадан юқорироқ (120–140 г.) бир текис, тўғри думалоқ чўзинчоқ шаклли, уч томонида билинар-билинмас қовурғали, жуда чиройли, тўқ оч қизил тарам-тарам қизғиш рангга эга. Эти оқ рангга эга, зичлиги ўртача, серсув, хушбўй нордон ширин мазали, хушбўй. Меваси 30 кунгача узилгандан сўнг сақлана олади, йўлга чидамли. Дарахти кучли, танаси бақувват новдаларга эга, кенг думалоқ шаклга эга, совуққа чидамли. Нав эрта ҳосилга киради ва йиллар давомида текис ҳосил беради. Пакана пайвандтагда ўсувчи дарахт симбағазда яхши шаклланади ва ўсади. Олма қурти ва бошқа ҳашаротлар билан кам шикастланади.

123.jpg (10 KB)

Боровинка ташкентская нави

 

Манба:

Арипов А.У., Арипов А.А. (2013). Уруғли интенсив мева боғлари. Тошкент, “Sharq”.

Улашиш: