Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Глобал иқлим исиши қандай зарар келтириши мумкин?

24/Dekabr/2024 03:30
  1429

Халқаро ташкилотларнинг тарқатган маълумотига кўра, глобал иқлим исиши туфайли жаҳон океанлари сатҳи йил сайин кўтарилиб бормоқда. Бу эса қитъалардаги йирик-йирик шаҳарларда сув тошқинларининг юзага келишига сабаб бўлаётир, деб ёзади ЎзА.

Океан ва денгиз соҳилларидаги 136 та шаҳар сув остида қолиши мумкинлиги ҳақида ҳам хавотирлар мавжуд. Айнан, сув тошқинлари оқибатида йилига ўртача 6 миллиард доллар миқдорида зарар кўрилмоқда. 2050 йилга бориб бу кўрсаткич 52 миллиард долларгача ўсиши мумкин. АҚШнинг Майами, Нью-Йорк ва Янги Орлиан шаҳарлари табиий офат ҳудудларига киради. Бу борада Хитойнинг Гуанчжоу шаҳри рўйхатни бошқариб бормоқда. 2050 йилда дунё океанлари сатҳи 20 сантиметрга кўтарилиши натижасида жаҳон иқтисодиётига йилига 1 триллион доллардан зарар етиши таҳмин қилинмоқда. Гаунчжоу ҳисобига эса йилига 13,2 миллиард доллар, Мумбайга 6,4 миллиард, Калкуттага эса 3,35 милиард доллар зиён кўриши айтилмоқда. Нева бўйи соҳилидаги Санкт-Петербург бу 20 талик рўйхатга кирмаган.

Яна бир маълумот, Голландиянинг Амстердам шаҳри денгиздан пастда жойлашганлиги туфайли айнан сув тошқинидан йилига 3 миллион доллардан зарар кўряпти. Вьетнамнинг Хошимин шаҳрида ҳам вазият яхши эмас. СИНХУА агентлигининг хабарига кўра, Хитой жанубидаги Гуандун вилоятида тинимсиз ёғаётган ёғингарчиликлар оқибатида тоғ ҳудудидан сел келмоқда, кўчкилар ҳам кўплаб уйларнинг вайрон бўлишига сабаб бўляпти.

Исландиядаги Катла вулқонинг фаоллашиши туфайли бу орол мамлакатнинг катта қисми сув остида қолиши ҳақида ҳам гапирилмоқда. Гренландия музликларининг эриши тезлашиши оқибатида Исландиянинг катта қисми хавф остида қолади. Москва давлат университети илмий ходими Николай Жарвиннинг фикрича, “мудраб” ётган вулқонларнинг уйғониши кучли цунамиларнинг юзага келишига сабаб бўлади. Бу албатта, Нью-Йорк, Рио де-Жанейро, Буэнос-Айрес, Санкт-Петербург, Калининград, Мурманск, Архалгельск шаҳарлари аҳолисини тинчини бузиши аниқ.

АҚШнинг шарқий соҳилларида эса ёз фаслининг охирлари ва куз фаслининг бошларида тропик довуллар кузатилади. Бу, биринчи навбатда, сув тошқинларини юзага келтирмоқда. 2005 йили АҚШ ҳудудига “Катрина” довулининг ёпирилиши оқибатида Луизиана штатининг Янги Орлиан шаҳрида 2 мингга яқин киши ҳаётдан кўз юмди. “Сенди” довули эса ўтган йили юздан ортиқ Нью-Йорклик аҳолисининг ўлимига сабаб бўлди. Хитой халқи доимий равишда сув тошқинлари, умуман, табиий офат азобларини бошдан кечириб келади. Янцзи дарёси сўнгги 2 минг йил ичида минг маротабадан ортиқ ўзанидан чиқиб, минглаб одамларни ўз домига тортди. 1911 йилнинг сентябрида кучли ёғингарчиликлардан сўнг 1 минг 800 квадрат километр майдон сув остида қолди, 200 мингдан ортиқ киши қурбон бўлган. 4 минг 845 километр узунликдаги Хуанхе ёки бўлмаса Сариқ дарё 1887 йили тошиши оқибатида 2 миллионга яқин киши ўлган. 1931 йили 4 миллион, 1938 йилнинг июнида 1 миллион хитойлик ҳаётдан бевақт кўз юмди.

Тарихга мурожаат қиладиган бўлсак, ўтган асрларда кўплаб йирик сув тошқинлари юзага келганлигининг гувоҳи бўламиз. Шулардан айримлари билан таништириб ўтамиз. 1883 йили Индонезиядаги Кракатау вулқони ҳаракатга келиши натижасида юз берган цунамида Ява ва Суматра оролларининг 36 минг нафар аҳолиси, 1887 йили Хитойнинг Хенан вилоятида Хуанхе ўзанидан чиқиши натижасида 900 минг нафар, 1916 йили Нидерландиядаги Шимолий денгиздан ёпирилган кучли тўлқинлар оқибатида 10 минг нафар, 1938 йили Хитой қўшинларининг милитаристларга қарши кураши даврида Хуанхе дарёсидаги тўғон портлатилиши 1 миллионга яқин кишининг ўлимига сабаб бўлди. 1970 йил Бангладешда юз берган сув тошқинида ярим миллионга яқин, 1985 йили эса Бразилиянинг шимолий шарқий ҳудудларида кучли ёғингарчилик ва сув тошқини 1 миллион кишининг уй-жойсиз қолишига олиб келди. 1991 йил Бангладешда юз берган табиий офат 125 минг кишининг ўлимига олиб келди.

БМТ маълумотига кўра, 2008 йилда юз берган табиий офатларда дунё миқёсида 146 минг киши қурбон бўлган, 2 ярим миллионга яқин киши бошпанасидан айрилган.

Манба: www.uza.uz. Муаллиф: Азимжон Пўлатов

Улашиш: