Харид Қилиш Саватчаси

Жами

«Теплица» ва «парник» бир-биридан нимаси билан фарқланади?..

23/Dekabr/2024 11:55
  1843

«Теплица» ва «парник»лар турли мева-сабзавотларни етиштириш ва ҳар қандай об-ҳавода ҳосил олишга мўлжалланган. Аммо қайси бири қулайроқ: «теплица»ми ё «парник»?

Аввало, томорқага «теплица» ёки «парник» қуришдан олдин қандай мақсадни кўзлаётганингизни аниқ билишингиз керак. Йил бўйи мева-сабзавоту кўкатлардан мўл ҳосил олмоқчимисиз ёки шунчаки, илиқ кунлар келгунга қадар ўсимликларни ўстиришни мўлжаллаяпсизми?

Кўпчилик «теплица» ва «парник»ни адаштиради. Айримлар, фарқ уларни қуришга бўлган турлича ёндашувда, деган фикрда. Аслида «теплица» ва «парник»нинг бир-биридан анча фарқи бор.

«Парник» – қуёш, биоёқилғи билан иситиладиган, плёнка билан ўраладиган маҳсус жой. Аксарият ҳолларда унинг ўлчамлари кичик бўлади. Ундан кўпинча, кунлар илигач, ўсимликларни далага кўчириш учун фойдаланилади. «Парник»лар, масалан, редиска, салат ва бошқа бозорга эрта чиқадиган ўсимликлар ривожланишининг тўлиқ жараёнини қамраб олишга мўлжалланмаган. Ёз ойларида унинг ичи шу даражада исиб кетадики, натижада ўсимликлар «куйиб» кетиши мумкин. Кўнгилдагидек ҳосил олиш учун эса «парник»ни очиб-ёпиб туриш керак бўлади.

112.jpg (8 KB)

«Теплица» – ичкаридан иситиладиган қурилма ҳисобланади. Унда ўсимликлар экилганидан то етилгунича бўлган барча жараёнлар ўтади. Хоҳишга қараб, айрим ўсимликларни очиқ далага кўчириш ҳам мумкин. Аксарият ҳолларда ўсимликлар «теплица»да то ҳосил йиғилгунга қадар ўсади. Айримларидан эса қайта-қайта ҳосил олинади.

111.jpg (7 KB)

Қурилма ойна ёки поликарбонат билан қопланади, газ, кўмир, ўтин ёки электр билан иситилади. Тупроғи эса чириган гўнг ва бошқа чириндилар ҳисобига исийди. Тупроқни тагидан қувур ўтказиб ҳам иситиш мумкин. «Теплица»га ҳароратни назорат қилиш, ўсимликларни автоматик суғориш мосламаси ва ёритгичлар ҳам ўрнатилади. «Теплица» «парник»ка қараганда анча қулай ва самарали. Бироқ шунга яраша каттагина харажати ҳам бор. «Теплица»ни ёғочдан ёки металлдан қуриш мумкин. Аммо унутманг, ёғоч чиройли кўрингани билан иссиқликни ёмон ўтказади. Рух билан қопланган металл конструкция анча қулай ва узоқ муддат хизмат қилади.

Манба:  mehnat.uz

Улашиш: