Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Фермер хўжаликларида балиқ етиштириш мини ҳавзаларини барпо этиш бўйича тавсиялар

23/Dekabr/2024 20:55
  1659

1. Ҳозирда республикада фаолият кўрсатаётган фермер дала шийпонларида кичик-кичик ҳовузлар мавжуд бўлиб, бу ҳовузлар бўш бўлиб ишлатилмай қолмоқда. Бу ҳовузларда балиқ боқиш мумкинми деган савол туғилади? Мумкин ва албатта бу ҳовузлар балиқ етиштиришга хизмат қилиши керак. Бунда нималарга эътибор бериш керак:

а) агар ҳовузлар пахта ва ғалла далаларидан чиқадиган оқава сувлар чиқаётган жойда жамланса бу ҳовузларда балиқ боқиш ишлари осон кечади, далалардан оқиб чиқаётган сизот сувлари минерал ўғитлар билан бирмунча тўйинган бўлиб бу сувларда балиқ боқиш кўп сарф ҳаражат талаб қилмайди, умуман ҳовузлар далаларни мелиоратив холатига зарар етказмайдиган ва сизот сувлар сатхини кўтариб юбормаслиги керак ва бу ҳовузларда ўсимликхур ва карп балиқларини етиштириш тавсия этилади.

б) фермер хўжаликларни шийпонларида сув тарқатилаётган жойлардаги ҳовузларда ҳам балиқ етиштириш ишларини олиб бориш мумкин, бундай холатда ҳовузда карп зотига мансуб балиқлар етиштирилиши ва уларни озиқлантириш ишларини олиб борилиши мақсадга мувофиқдир, ўсимликхўр балиқларни етиштириш кам миқдорда олиб борилиши керак. Ҳар иккала холатда ҳовузларни тайерлаш ишларига эътибор қаратилиб, сув кириш ва чиқиш жойларига балиқ чиқиб кетмаслиги учун махсус мослама ўрнатилиши керак. Бу мосламалар ҳовузларни холатидан келиб

чиқиб, фермер хўжалиги ўзида бўлган темир ва тахталардан ясалиши мумкин.

2. Фермер хўжалик далаларида мавжуд бўлган ҳовуз ва ариқларда ўрдак боқиш ишларини йўлга қўйиш ҳам жуда яхши натижа беради, бунда ўрдак боқиладиган ҳовузлар, ўрдакларни гўнглари билан бойиди ва бу ҳовузларда балиқлар истеъмол қиладиган сув ўтларини кўпайишига туртки бўлади.Бу ҳавзаларда ўсимликхур балиқларни етиштирилиши яхши натижа беради. Бундай холатларда ҳовузларга ўғит сарфи камаяди ва ҳосилдорлиги ошади. Ўрдак истеъмол қилмай қолган емлар, балиқлар учун етади.

3. Балиқларни етиштириш учун кичик ҳовузлар мавжуд бўлмаса, ҳовуз қуриш учун сув манбаига якин бўлган, қиялик ерлардан майдон танлаш лозим. Чунки бундай майдонлардан ҳовуз қуриш учун сарфланадиган маблағ бир-оз камроқ бўлади. Ҳовуз қуришда, уларнинг майдони узунлиги 10-15 метр эни 5-10 метр  қилиб қрилгани мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Охирги олиб борилган илмий-тадқиқот ишлар натижасида, ҳар бир куб метр сиғими ҳисобига, кичик ҳовузлардан кўпрок ҳосилдорликка эришиш мумкин эканлиги аниқланган. Ҳовуз қуришда, биринчи навбатда, ҳовуз майдони дамбалар билан кўтарилиб, ажратиб олинади ва ҳовузга сув киритиш ва чиқариш учун мўлжалланган иншоатлар қурилади. Ҳовуз майдони сув киритиш иншоатидан, сув чиқариш иншоатига қараб бир оз қия бўлиши лозим. Агарда бундай қиялик бўлмаса, балиқларни овлашда анча қийинчиликларга дуч келинади.

4. Ҳовуз қурилгандан сўнг, уни ботқоқ ва балчиқ ерларини ҳар ўн сотих майдон ҳисобига 2,5 центнергача сўндирилмаган охак билан, агарда балчиқ бўлмаса ҳар ўн сотих майдон ҳисобига 0,4 центнердан сўндирилмаган охак билан ишлов берилиши лозим. Ҳовуз сувсиз холатда бўлган холатда, ҳовузни саёз ерларига ҳар ўн сотих майдон ҳисобига 100 килограммдан органик ўғитдан, яъни мол гўнгидан туп-туп қилиб уйиб чиқиш ҳам кейинчалик сувда табиий озуқа базасини ривожланишига ижобий таъсир этади.

Ҳовузга сув қуйилгач, уларга бир ёшлик балиқ чавақчаларни ўтказиш ишларини сувнинг ҳарорати 6-7 градус бўлган даврларда амалга ошириш яхши натижа беради. Чунки бундай ҳароратда, балиқлар ҳаракати суст бўлади ва улар кўчириб ўтказиш жараёнида кам чиқитга чиқадилар. Ҳовузларга ўтказиш учун бир ёшлик балиқ чавақчаларини вилоятларда мавжуд бўлган балиқчилик хўжаликларидан харид килиб олиш мумкин.

5. Ҳовузларга ўтказиладиган бир ёшлик балиқлар ҳисоби. Мисол учун: майдони ўн сотих бўлган ҳовузга 400 дона карп ва 200 дона дўнгпешона балиқларини ўтказган бўлсак, шу ҳовуздан кузда неча килограмм балиқ овлаб олиш мумкинлигини қуйидаги ҳисобларда келтирамиз. Ўтказилган балиқлар сонидан 80 % кузга келиб овлаб олинишини назарда тутадиган бўлсак, кузда балиқларни сони карп балиғи бўйича 320 дона, дўнгпешона балиғи бўйича 160 донани ташкил этади. Балиқларни овлаш даврида уларни ўртача вазни карп балиғи бўйича 500 граммни, дўнгпешона балиғи бўйича бир килограммни ташкил этса, биз кузга бориб 200 кг карп, 160 кг, дўнгпешона балиқларидан, ҳаммаси бўлиб 360 кг балиқ овлаб олишимиз мумкин.

6. Озуқа бирлиги, омихта ем таркибидаги оқсил моддасининг улуши 23 % бўлган омухта ем учун қабул қилинган бўлса, агарда сарфланган омухта ем таркибидаги оқсил моддаси 23 % дан кам бўлса, сарфланадиган омухта ем миқдори ошиб боради. Карп балиқлари учун омухта сарфи ҳар бир килограмм етиштириладиган балиқ учун 4,7 коэффициенти қабул қилинган.       Омухта емдан ташқари, ҳар ўн сотих майдонга йил давомида 40 килограмм аммоний селитраси ва 40 килограммдан суперфосфат, 225 килограмм органик ўғит - гўнг ҳам сарфланади.

Эслатма: Сунъий балиқчилик ҳовузлар қурилиши қишлоқ хўжалиги экинлари (пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари) экилмайдиган            шўрланган ерларда қурилиши ва атрофдаги экин майдонлари сув сатҳини кўтариб юбормаслиги ҳамда мавжуд мелиоратив мувозанатга салбий таъсир кўрсатмаслиги шарт.

Манба:

Қурбонов Р.Б., Ахмедов Х.А. (2017) Ўзбекистон Республикаси фермер хўжаликларида  балиқ етиштириш мини ҳавзаларини барпо этиш бўйича тавсиялар. Тошкент.

Улашиш: