Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Хандон пистани куртак пайвандлаш

23/Dekabr/2024 20:50
  1430

 

Уруғлар экилгандан 3-4 йил кейин хандон пистани уруғкўчатларини куртак улаб пайвандланади. Бунда уруғкўчатларнинг марказий танасини диаметри 1,2-1,5 см бўлиши керак. Плантацияларда уруғкўчатларни пайвандлаш учун гуллари ҳар хил вақтда очиладиган ва мевалари ҳар хил вақтда пишадиган навлар ва шаклларни танлаш мақсадга мувофиқдир. Одатда ўсимликларнинг гуллаш вақти ҳар хил бўлса (ўрта, ўртача ва кеч гулловчилари) ушбу плантациядан кафолатли ҳосил олишни таъминлайди.

Ҳар 8-10 она гулли ўсимликларга вегетатив усулда 1 та  эркак гулини кўпайтириш лозим, бунда уларнинг  гуллаш вақти ҳисобга олинади.

Навни яхшилашнинг асосий усули - бу узун қалқонча (30-35 мм узунлиги ва эни 8-12 мм) билан куртак пайвандлашдир. Куртаклар навли дарахтлардан олинади ва пайвандтагнинг териси Т шаклида кесилади ва унинг остига куртак қалқончаси билан ўрнатилади. Пайвандуст сифатида яхши пишиб етилган вегетатив куртаклар ишлатилади.

Бойлашда қалқонча пайвандтагга зич жойлашиши ва унинг пайвандтаг билан ўсиб кетишида камчилик бўлмаслиги учун пайвандтагнинг кўндаланг кесимидаги терисига ва уланган қалқончанинг чети оралиғи 1 мм қилиб очиқ қолдирилади. Қўйилган қалқонча полихлорвинилли плёнка билан зич қилиб боғланади.

Бунда барча кесилган жойлар плёнка билан ёпилиши керак, куртак эса очиқ бўлади. Полиэтиленли плёнканинг узунлиги 30-35 см, кенглиги 1-1,5 см бўлиши лозим.

Пайвандлаш ишлари эрта ёзда  (йилига ёғин -сочиннинг миқдори 200-250 мм бўлган ҳудудда) ва ёзги вақтда (одатда июннинг биринчи декадасидан июлнинг биринчи декадасигача) вегетатив куртакларнинг тўлиқ етилишидан то пайвандтагнинг тана қисмини терисини ажралиши тўхтагунча) бажарилиши лозим.

Нам шароитида қаламчаларни сақлаш даври хона ҳароратида 3 суткадан ошмаслиги керак. Қаламчалар +1 дан +5оС ҳароратда 10 суткага давомида сақланиши мумкин. Пайванд ишлари эрталабки ва кечки соатларда икки кишилик звено билан бажарилади. Бири пайванд иши билан, иккинчиси қаламчаларни олиб келади ва уланган жойни кесади. 15-20 кундан сўнг куртак пайвандтаг билан бирга ўсади, бу вақтда плёнкалар олиб ташланади ва куртакларни тутиб қолиши назорат қилинади. Пайвандтагдан ўсиб чиққан ён бачки новдалар ва пайвандтагнинг уч қисми кесиб ташланади. Куртак ўсиши билан уланган куртакдан 20 см баландликда новда кесилади. Уланган куртаклар 30 см гача ўсганда тепасидаги ёввойи қисми олиб ташланади.

Керак бўлганда пайвандлаш қайтарилади.

 

152.jpg (5 KB)

Расм 1. Узунлиги 30-35 мм ва эни 8-12 мм бўлган қалқонча куртаги билан

 

153.jpg (5 KB)

Расм 2. Пайвандтагнинг терисини Т шаклда кесиш (1 ёшли новда, унга куртак пайвандланади).

 

154.jpg (5 KB)

Расм 3. Хандон пистанинг навдасидаги пайвандланган куртак.

Хандон писта ўсимлигини яхши ўсиши, ривожланиши учун вегетация давомида тупроққа ишлов бериш, ўғитлаш, шох-шаббасини шакллантириш. Хандон писта ёруғсевар экиндир, шунинг учун қалин жойлашган новдалари қисман кесиб ташланади. Заракуканда ва касалликларга қарши қураш ишларини олиб бориш лозим бўлади. Навларнинг ҳосилга киришига қадар 1 га майдонга 100-150 кг азот, 75-100 кг фосфор, 15-20 кг калий берилади. Одатда ўсимликнинг ёш даврида ўғитлар дарахтнинг атрофидаги ариқчаларга солинади. Ҳосилга кирган боғда азотли ўғитлар 300-400 кг/га, фосфор -300, калий 50-75 кг/га миқдорда берилади (таъсир қилувчи қисми ҳисобида). Гўнг 30-40 т/га берилганда азотнинг миқдори 150-200 кг/га фосфор - 150 кг/га, калий 25-50 кг/га бўлади. Ўғитлар 3 йилда бир марта солинади. Ерлардан унумлироқ фойдаланиш мақсадида пистазорларнинг қатор ораларига сабзавотли экинлар, нўхат, ловия ва бошқа ўсимликларни экиш мумкин, аммо донли экинларни экиш тавсия қилинмайди, чунки улар тупроқни кучли равишда қуритадилар ва хандон пистанинг горизонтал илдизларини ривожланишини кучсизлантирадилар.

Манба:

Чернова Г.М. (2010). Ўзбекистонда хандон пистани боғ типида плантацияларини  барпо қилиш бўйича тавсиянома. Тошкент.

 

 

Улашиш: