Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Баъзи дарахтларнинг дориворлик хусусиятлари

23/Dekabr/2024 23:11
  1532

Ҳозирги пайтда айрим дарахтлардан турли хил касалликларни даволашда кенг фойдаланиб келинмоқда. Сабаби уларнинг таркибида ҳар хил кимёвий моддаларнинг (глюкозидлар, скипидар, сапонинлар, витаминлар, ферментлар, ошловчи моддалар, органик кислоталар, эфир мойлари ва бошқалар) мавжудлигидир. Улар инсон организмига фармокологик таъсир кўрсатади.

Доривор препаратларнинг 30 дан 40 фоизгача бўлган миқдори ўсимликлардан олинади. Юрак-қон томир, ошқозон ичак, асаб, буйрак ва жигар касалликларини даволашда ўсимлик препаратлари 80—90 фоизни ташкил этади.

Оддий қарағай — Pinus silvestrus L. қорақарағайлар оиласига мансуб турдир. Бу дарахт туридан фойдали доривор воситалар олинади (терпентин, канифоль, эфир мойи, хлорофилли паста, С витамини ва бошқалар игна баргларининг экс­трактидан олинади). Қарағайли ўрмонларда эса санаторийлар ва дам олиш масканлари ташкил этилади. Доривор воситаларни тайёрлаш учун дарахтнинг барча қисмларидан фойдаланиш мумкин (игна барги, новдалари, гуллари, уруғлари, пўстлоғи ва ёғочидан). Куртакларидан эфир мойи, смола, С ва К витаминлари, ошловчи ва бошқа моддалар мавжуд. Куртакларининг қайнатмаси балғамни кўчиришда, сийдик ҳайдашда ва дезинфекциялаш воситасида, нафас йўлларини ингаляциялашда, ванна тайёрлашда спиртли аралашмаси сил касаллигини даволашда ишлатилади. Скипидари ревматизм, неврология, тери касалликларини даволашда, ёғочидан олинадиган қатрон таш­қи дезинфекцияда, паразитларга қарши, экзема ва бошқа касалликларни даволашда қўлланилади.

Қорақарағай — Piсеa. Даволовчи воситаларга бой бўлиб, унда дарахт канифоль, абиётин кислотаси, эфир мойи, С,Е,Д,К,В ва бошқа витаминлари мавжуд. Ёш новдаларининг қайнатмаси, радикулитни, (орқа мия нерв толаларининг яллиғланиши) новдалари дизенфекциялаш воситаси сифатида, игна баргларидан сийдик ҳайдовчи, терлатувчи, сафро (ўт) ҳайдовчи ва бошқа касалликларга қарши препаратлар тайёрлашда ишлатилади.

Қайин — Betula. Баргли куртакларидан тайёрланган доривор воситалар, ёш ёпишқоқ баргларидан, териси ва ёғочи ҳар хил касалликларга қарши қўлланилади. Куртак ва баргларидан тайёрланган дамламаси сийдик ва сафро (ўтни) ҳайдашда яхши восита бўлиб хизмат қилади. Куртак ва баргларнинг қайнатмаси жигарни, шишган жойни, нафас бўғилишида жуда фойдали. Қайиннинг қатрони тери касалликларини даволашда (қичитма, экзема, тангасимон темиратки ва бошқалар), активлашган кўмири эса заҳарланганда ва бактерицидли токсинланганда адсорбирлайдиган восита сифатида қўлланилади.

Тол-Salux. Тол дарахти республикамизнинг барча ҳудудларида учрайди. Пўстлоғи ва бошқа қисмларидан тайёрланган препаратлар иссиқни пасайтиради, ревматизм ва бошқа касалликларга қарши ишлатилади.

Қора терак — Populus nigra L. Унинг баргли куртаклари ва ёш ёпишқоқ баргларидан олинган препаратлар куйган терига, бўғин касалликларига ва бавосилни даволашда ишлатилади, сочни тўкилишини олдини олишда ва ўстиришда халқ табобатида куртаклари ва ёш барглари ёғ билан бирга яраларни ва чипқонни даволашда қўлланилади.

Грек ёнғоғи — Juglans L. Унинг барглари, ҳали пишмаган мевалари, мевасининг пўсти қонни тўхтатувчи ва дезинфекцияловчи восита сифатида ишлатилади. Баргларининг қайнатмаси ичакларнинг яллиғланишига ва тиш милкидан қон кетишига қарши қўлланилади. Тиббиётда ёнғоқлар юқори диетик озуқа сифатида маълумдир. Ошқозон ва ичакларни, гастритни, модда алмашинуви бузилишини, юрак-қон томир касалликларини даволашда фойдаланилади.

Қора маржон дарахти — Sambucus nigra L. Бу дарахтнинг гуллари, мевалари, пўстлоғи ва баргларидан тайёрланган препаратлар терлатишда, ларингит, бронхит, грипп, буйрак, бўғим касалликлари, қовуқни даволашда ҳамда шамоллашга қарши, ич суришда ва сийдик ҳайдовчи сифатида қўлланилади. Мевасини еса бўлади, у витаминларга бойдир. Халқ табобатида меваси йўтални, гулининг қайнатмаси бош оғриғини қолдиради.

Оддий шумтол — Fraxinus excelsior L. Унинг барглари ва пўстлоғидан тайёрланган препаратлар ич суриш, сийдик ҳайдовчи ва бодга қарши восита сифатида ишлатилади. Халқ табобатида барглари ва пўстлоғидан нафас йўллари, безгак, радикулит, йўтал, яраларни даволашда ишлатилади.

Оддий ўрмон ёнғоғи — Corylus avellana L. Унинг ёнғоғи, пўстлоғи ва баргларидан тайёрланган препаратлар жигар касаллигини даволашда фойдали.

Оддий арча — Juniperus virginiana L. мевалари сийдик ҳайдовчи, сийдик йўлларини дезинфекциялаш, балғамни кўчириш, овқатни ҳазм қилишда ишлатилади. Халқ табобатида мевасининг қайнатмаси буйрак, жигар, қовуқ, бод касалини, хом мевалари эса ошқозон ярасини даволашда қўлланилади. Арчазорлар сил касалликлари учун жуда фойдалидир.

Шумурт (черёмуха) — Padus mill. Мевасининг қайнатмасини маҳкамловчи восита сифатида, кўзнинг шиллиқ пардасини даволашда ишлатиш мумкин.


Манба: qxjurnal.uz.  Муаллифлар: М. Собиров, Б.Тиркашов, Ж.Темиров

Улашиш: