Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Соя етиштириш бўйича тавсиялар

23/Dekabr/2024 22:59
  1325

Соя сифатли тайёрланган майдонларга кенг қаторлаб 60–70 см кенгликда экилади. Экиш меъёри соя навлари, тупроқ-иқлим шароитига боғлиқ бўлиб, 50 кг/га. дан 70 кг/га. гачани ташкил этади. Экиш пневматик сеялкаларда амалга оширилиб, 4–6 см чуқурликка экилади ва уруғ суви берилади. Кўчат қалинлиги гектарига 300–350 минг донагача бўлади. Эртапишар навларини Такрорий экин сифатида донли экинлардан кейин июннинг охири ва июлнинг бошларида экиш мумкин.

Деҳқончиликда энг асосий агротехник тадбирлардан бири ўсимликнинг ўсиб-ривожланиш даврида унинг қатор ораларига ишлов беришга катта аҳамият бериш лозим. Соя униб чиққандан бошлаб то ҳосилни йиғиб олгунча культивация, ўғитлаш, суғориш ишларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш зарур.

Соя ниҳоллари кўриниб қолиши билан уларга ишлов берилади. Культивацияни ўз вақтида ва сифатли ўтказиб, бегона ўтларга қарши кураш олиб борилади. Биринчи культивация соя ниҳоллари 3–4 чинбарг чиқарганда 10–12 см чуқурликда ўтказилади. Иккинчи ва учинчи культивация унинг чуқурлиги 8–10 см бўлиши керак.

Культивация билан биргаликда ўсимликни азот ўғити билан озиқлантириш яхши натижа беради. Соя тупроқ унумдорлигига жуда талабчандир. Бошқа дуккакли экинларга нисбатан тупроққа қўлланилган минерал ва органик ўғитларни яхши қабул қилади. Минерал ўғитлардан азот-фосфорли ўғитларни қўллаш яхши натижа беради. Азотли ўғитлар уруғдаги оқсил таркибини, фосфор эса мойини оширади.

Соя униб чиққандан то гуллагунча ердан озиқ моддаларни кам ўзлаштиради. Гуллаш давридан бошлаб озиқа элементларига талаби ортади. Изланишлар натижасига кўра, соя учун минерал ўғитларнинг энг мақбул меъёри соф ҳолда азот – 90 кг, фосфор – 90 кг ва калий – 100 кг/га. ни ташкил этади. Соя дуккаклилар оиласига мансуб бўлганлиги учун ўзидан кейин тупроқда ҳар гектарига 40–50 кг соф азот қолдиради.

Фосфор ва калий ўғитларнинг тенг ярми шудгордан олдин, қолган ярми азотли ўғитлар билан сояни озиқлантиришда 2 марта берилади. Биринчи озиқлантириш 2–3 чинбарг чиқарганда, иккинчиси эса гуллаш даврининг охирида ўтказилади.

Экиндан юқори ҳосил олиш учун ўсув даврида сув билан етарли даражада таъминлаш керак. Бунда суғориш муддат ва меъёри, тупроқ хусусиятлари, об-ҳаво шароити ва сизот сувлар чуқурлигини ҳисобга олиш керак.    Вегетация даврида сизот сувлар чуқурлигига қараб 3–5 марта суғорилади. Вегетация даврида суғориш муддатлари қуйидагича: биринчи суғориш шоналашда, иккинчиси дуккаклар шаклланишида, кейинги суғоришлар дон ҳосил бўлиш жараёнида амалга оширилади. Шунда суғориш меъёрлари 800–1000 м3 ни ташкил этади.

Турли зараркунандалар, жумладан, тунламлардан ҳимоя қилишда Цеперметрин (0,3 л/га) препаратини 2 марта 200 литр сувга аралаштириб сепиш яхши самара беради. Битларга қарши БИ-58 40 фоизли эм.к. (1,5 л/га) сепилади. Ўргимчакканага қарши Каратэ ёки Лямбдациталотрин (0,4–1 л/га) препаратлари қўлланилади.   Турли ҳашаротлар – битлар, каналар, ширалар, трипслар ва чигирткасимонларга қарши Карбафос ёки Малатион (2 л/га) ёки Фуфанон (1 л/га) икки марта, Омайт ёки Пропаргит (1,3 л/га) препаратларини қўллаш лозим. Соя ҳосили тўлиқ пишиб етилганда, яъни дуккаги қўнғир тусга кириб, уруғи қаттиқ бўлиб, барглари тўкилганда йиғиштириб олинади.     Ҳосилни қисқа вақт ичида йиғиштириб олиш лозим, акс ҳолда аксарият қисми нобуд бўлиши мумкин. Бунда ҳосил «Класс-Доминатор» ва «Кейс» комбайнларида йиғиштирилади. Ҳосил йиғиб олингандан сўнг тозаланиб, сараланади ва 14 % намликкача қуритилади. Соя дони қуруқ ва шамол ўтиб турадиган хоналарда яхши сақланади. Мухтасар қилиб айтганда, бошоқли экинлардан бўшаган майдонларда такрорий экинлар етиштириш халқимизнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини янада қондириш имконини бериши баробарида, фермер хўжаликларининг самарадорлиги ортишини таъминлайди.

Манба: agro.uz.  Муаллиф: И.Анорбоев

Улашиш: