Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ўрик экиш ва парваришлаш бўйича тавсиялар

23/Dekabr/2024 23:43
  1449

Экиш учун тавсия этиладиган навлари: Қандак, Субҳоний, Исфарак, Кўрсодиқ, Руҳи Жуванон, Хурмои, Шалах, Юбилейний Навоий ва ҳ.к.

Кўчатларни экишга тайёрлаш ва экиш. Кўчатларни экишга тайёрлашда аввало, томорқа майдонида сувнинг юриши ҳисобга олиниб, ер яхши текисланади. Майдоннинг ҳар квадрат метрга 6–10 кг гўнг, чиринди, 200–250 г фосфор, 100–120 г калий ва 150–200 г аммонийли азот ўғити солиниб, чуқур (25–30 см) ҳайдалади.

Ўрик 6×5 м (суғориладиган бўз тупроқларда) ва 4×4 м (шағалли-қумлик тупроқларда) схемасида эрта баҳорда – февраль охири-март ойи бошларида экилади.

Кўчат экиш учун чуқурлиги ва кенглиги 60×60 см бўлган чуқурчалар ковланади. Чуқур қазишда тупроқ устки қисмини 20–25 см қатлами ўранинг бир томонига, қолган қисми иккинчи томонга олиб қўйилади.

Ўрага 350–400 г фосфор, 30–40 г калий ўғити ҳамда 8–10 кг чириган гўнгни тупроқ билан аралаштириб солиб, кейин кўчат экилади. Кўчатни экишдан олдиндан тайёрлаб қўйилган шалтоққа (янги мол гўнги тупроқ билан 1:1 нисбатда аралаштирилиб, қаймоқсимон масса тайёрланади) ботириб олиш лозим.

Кўчат ўрага тик ҳолда қўйилиб, тупроқ билан кўмилади. Кўчатни пайванд қилинган жойи тупроқдан 4–5 см юқорида қолиши керак. Кўчат экилгандан сўнг ҳар бир чуқурга тўлатиб сув қуйилади. Шунда тупроқ зичланиб, ниҳол яхши кўкаради. Тупроқ чўккандан сўнг кўчат атрофига янги тупроқ солиб, тўлдирилади. Кўчатлар тупроқнинг намлигига қараб вақти-вақти билан суғориб турилади.

Томорқа майдони 0,03 га бўлса, ушбу майдоннинг қуёш тушадиган шарқдан жанубга қараган томонига ўрикнинг навларидан 1–2 тупдан экиш тавсия қилинади. Томорқа майдони 0,06 га бўлса, ярмига сабзавот экинлари, қолган қисмига эса мевалик дарахтлар, 0,10 га бўлганда сабзавот учун майдон қолдириб, қолган каттароқ қисмига мевали кўчатларни жойлаштириш мумкин.

Парваришлаш. Ўрикка шакл беришнинг яхши усули қаватлаб сийраклаштиришдир. Биринчи қаватда иккита шох қолдирилиб, кейинги шохлар бир-биридан 30–35 см масофада жойлаштирилади. Ўрик шохлари дастлабки йилларда кучли ўсганлиги учун биринчи йилдан бошлаб баҳорда сийраклаштиришдан ташқари, дарахт танасининг давоми бўлган йирик бир йиллик кучли қисқартирилади.

Томорқадаги ўрик дарахтларига 300–350 г азотли, 250–300 г фосфорли ва 200–250 г калийли ўғитлар соф ҳолда солиниши тавсия қилинади. Ҳар 2–3 йилда ўртача 50–60 кг чириган гўнг солиш ҳосилдорликни оширади. Бўз тупроқларда ўрик дарахтлари ўсув даври мобайнида 4–6 марта, шағалли ерларда 10–12 маротаба суғорилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Ўрик дарахтига зараркунандалардан мева канаси, бинафша ранг қалқондор, касалликлардан клястероспориоз (тешик доғ) зарар келтиради.

Бинафша ранг қалқондорга қарши эрта баҳорда куртаклар ёзилгунга қадар 17,5 фоизли Перфекто сус.к. (10 сотих майдон ҳисобига 15–20 мл) ва 20 фоизли Багира эм.к. (10 сотих майдон ҳисобига 15–20 мл) препаратлари пуркалади.

Мева канасига қарши 17,5 фоизли Перфекто сус.к. (10 сотих майдон ҳисобига 15–20 мл) билан ишлов берилади.

Клястероспориоз касаллигига қарши Бордо суюқлигининг 3 фоизлиги (10 л сувга 300 г мис купороси + 300 г сўндирилмаган оҳак) сепилади. Касалликка қарши препаратлар куртаклар ёзилгунига қадар, кузда ва эрта баҳорда пуркалади.

Ҳосилни йиғиштириш. Ўрик навлари асосан баҳор-ёз ойларида пишиб етилади. Мевалари техник пишиб етилганда териб олинади. Ҳосилни йиғиштиришда мевани бир қўл билан оҳиста ушлаб, мева бандига зарар етказмасдан узиб олинади. Терилган мевалар оҳиста саватларга жойлаштирилади. Кўпинча мевалар бир вақтда пишмаганлиги сабабли танлаб-танлаб бир неча бор терилади. Ҳар бир нав пишган пайтида ўзига хос ранг ва тусга киради. Меванинг пишганлиги шунга қараб аниқланади.

Манба: agro.uz. Муаллиф:  Ш.Аҳмедов

Улашиш: