Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Асал қандай олинади?

23/Dekabr/2024 06:20
  1286

Асал олишда уядан ажратиб олинган асалли рамкалар асал олиш жиҳозлари билан бирга олиб келинади. Хонага арилар кирмаслиги учун эшик-ойналар зич ёпилади. Хона ҳарорати кўтарилиши билан мумкатак рамкалардан асал сизиб чиқа бошлайди. Асалли рамкалар уядан, асал олишдан бир неча кун илгари ажратиб олинган бўлса ёки 20–25°С ҳароратли хонада 7–8 соат ушлаб турилса, асал тез сизиб чиқади.

Асал олиш учун асал олинадиган қурилма (мёдогонка), асалли рамкаларнинг инчалари устини қирқиш учун пичоқ, пичоқни сувда қиздириш учун идиш, ювиниш учун сувли идиш, совун ва сочиқ, асал қўйиладиган идишлар бўлиши керак. Асал оладиган қурилма яхшилаб ювилгач, офтобда қуритилади. Мазкур қурилмани шундай ўрнатиш керакки, бунда унинг жўмраги остига асал оқадиган челак ёки бирон бир бошқа идиш бемалол сиғсин. Айлантириш қўл ушлагичининг баландлиги ишлаётган одамнинг қўл тирсаги баландлигида бўлиши лозим. Қурилманинг жўмрагига тўр симли сузгич осиб қўйилса, идишга тозаланган асал тушади. Асалли мумкатак инчаларнинг усти қайноқ сувга солиб қиздирилган ва суви силкитиб ташланган пичоқ ёрдамида эҳтиёткорлик билан қирқилади.

067.jpg (11 KB)

Мумкатак инчаларини кесишда усти иссиқ ҳаво ёрдамида эритиш усули кенг қўлланилади. Бу усулда махсус иссиқ ҳаво юборувчи мосламалар ишлатилса 63оC да мумкатак устидаги мум эрийди. Шунда мумкатаклардаги асал ва мумкатаклар устини беркитган мум оралиғида бўшлиқ бўлганлиги учун иссиқ ҳаво асал сифатига таъсир қилмайди ва мум яхши эрийди. Агар ромлар бир неча маротаба ишлатилган ва қорайган бўлса мумкатак устидаги мум асалга ёпишади, натижада иссиқ ҳаво асал сифатига таъсир қилади. Бу усулнинг афзаллиги шундаки тез кесади (10 сек), қолдиқ бўлмайди, сузгичдан ўтказганда асал кам ифлосланади, асал оқиб кетмайди, мумкатакларнинг техник ҳолати бузилмайди.

Рамкалардаги асалли инчаларнинг усти қирқилгач, мумкатак рамканинг пастки қисми рамка солинадиган кассетанинг айланадиган тарафига туширилади. Асалли рамка солинган қурилма айлантирадиган ўқидан ушлаб аввалига секин, кейин аста тезлаштириб борилади. Инчалардан асал чиқиши тугагач, рамканинг иккинчи тарафи 180о асал олинадиган қурилманинг девори тарафига айлантириб қўйилади ва қурилма инчалардаги асал тўлиқ сизиб чиққунча айлантирилади. Янги тортилган мумкатак инчалардаги асал олинмоқчи бўлинса, мумкатак инчаларнинг мум заррачалари юлиниб кетмаслиги учун асалли рамкалар кассетага солингач, секин айлантирилади, иккинчи тарафи ўгириб қўйилади.

Асал олиш унумли ва тўхтовсиз бўлиши учун тўрт киши керак бўлади: икки киши уядан асалли рамкаларни ажратиб олиб, хонага келтиради ва бўш рамкаларни уяларга жойлайди; бир киши мумкатак рамкалардаги асалли инчаларнинг устини пичоқ билан қиради; тўртинчи киши эса асал олинадиган қурилманинг ўқини айлантириб туради.

068.jpg (7 KB)

Рамкалардан асал олингач, уларни махсус жойларга қўйишдан аввал мумкатак инчаларига бир оз сув сачратиб сепилади. Шунда инчаларни арилар тозалаб қуритиши осон бўлади. Мумкатак асалли рамкаларни уядан ажратиб олишда адашиб кетмаслик учун ҳар бир рамканинг тепа қисмини искана билан қириб, қора қалам ёки бўр билан оиланинг рақам сони ёзиб қўйилади. Рамкалардан ажратиб олинган асал идишда бир неча кун сақланса, асал ичидаги мум заррачалари, мумкатак рамкалардан тушган чиқиндилар ва асал пуфакчалари асалнинг юзига сузиб чиқади. Бегона аралашмалар олингандан кейин асал махсус қопқоқли идишларга қуйилиб, омборхоналарга жўнатилади.

Кейинги вақтда Европа мамлакатлари, хусусан Германияда мумкатакли асал олиш кенг тарқалган. Уяларга мум пардасиз рамкалар қўйилади. Асаларилар мумкатакларни ўзлари ясашади. Бу усулда асал олинганда меҳнат харажатлари тежалади, асални тоза сақлаш таъминланади, меҳнат унумдорлиги ошади ҳамда эски мумкатакларни қайта қўллаш олди олинади, рамкаларда мумпардалар бўлмагани учун таннарх пасаяди ва асал таркибида турли заҳарли дори препаратлар қолиб кетиши бартараф этилади. Бу усулни ҳаваскор асаларичилар, асаларичилик ва кўп тармоқли фермер хўжаликлар амалиётда қўллашларини тавсия қиламиз.

Хулоса қилиб айтганда, асал олиш жараёни асаларичидан сабр ва билимдонликни талаб қилади. Бунда асосий эътиборни нафақат амалиётда шаклланган, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган кўникмаларга таяниш, балки бу борадаги замонавий билимларни қўллаш, янги техник ва технологик имкониятларни ушбу жараёнга татбиқ қилиш лозим. Бу эса асал олиш самарадорлигини ошириб қолмасдан, шифобахш асалнинг сифатини яхшилаш имкониятини беради.

Манба:  agro.uz.  Муаллифлар: С.Абдуллаев, Т.Акмалхонов

Улашиш: