Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қовунқоқи қандай тайёрланади?

23/Dekabr/2024 01:02
  1298

Қовунқоқи қимматли озиқ-овқат маҳсулоти. Қовун таркибидаги глюкоза, фруктоза ва сахароза, клетчатка ва гемицеллюлозалар, шунингдек, пектинлар сақланади.

Қовунни офтобда оддий усул ёки махсус қуритгич шкафларда қуритилади. Қовунқоқини ҳамма навлардан тайёрлаш мумкин, қовун этининг тиғизлик даражасига қараб, қуритиш ва қирқишнинг турли усулидан фойдаланилади. Эти тиғиз бўлган Қизилуруғ, Оқ уруғ, Кўкча, Гулоби ва бошқа нав­лари оддий усулда илмоқларда, эти бўш, юмшоқ этли (Босволди, Тошлоқи, Гурвак ва бошқалар) нав­ларни сўкчакларга ёйиб 2-3 кун қуритилади, сўнгра яхши қуриб етилиши учун зангламайдиган симларга осиб қўйилади.

Қовунқоқини об-ҳаво шароити ва қовун тилимларининг қалинлигига кўра, қуритиш 6-14 кунга боради.

Тайёрлаш усули: қовун ўртасидан тенг иккига ажратилиб, уруғи олинади. Паллалар эни 3-4 см қилиб тилимланади, пичоқ орқали пўстидан ажратилади ва ўртаси охиригача кесилмай бир жуфт қилиб осиб қўйилади. Ширалиги ўртача навлардан 4,5-5,5, жуда ширин навлардан 7,5-10,1% (ўртача 7%) қоқи тушади. Таркибида умумий қанд миқдори 38-75,7%, намлиги 20% атрофида бўлади. Асосан, қиш ва баҳор фаслларида истеъмол қилинади.


Манба:  Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги портали

Улашиш: