Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Наманганлик тадбиркор тупроқсиз шароитда картошка етиштиради...

23/Dekabr/2024 04:32
  2155

Наманганлик тадбиркор аэропоника усулида тупроқсиз маҳсулот етиштиришни бошлади, деб ёзади «Оила даврасида» газетаси.

Кейинги пайтларда гидропоника усулида ўсимликлар етиштириш ҳақида кўп гапирилмоқда. Бунинг нима экани тушунарли, албатта. Яъни, қишлоқ хўжалиги экинлари тупроқсиз, махсус жиҳозланган шароитда, кокос пўстлоғида, сувда эритилган озиқ моддалар ёрдамида етиштирилади. Аммо яна бир янги усул секин-аста деҳқонларимиз ҳаётига кириб келаётганидан хабарингиз борми? Бу — аэропоника. Хўш, бу қандай усул?

Аэропоника — бу тупроқсиз ёки бирор асос (субстрат)сиз маҳсулот етиштириш жараёни. Бунда ўсимлик илдизлари тупроқда эмас, балки ҳавода осилиб туради. Уларга озиқ моддалар аэрозоль сифатида пуркалади. Мазкур усул сув ва электр энергиясини тежаш, шунингдек, ўсимликнинг соғломлигини назоратда ушлаб туриш имконини ҳам беради.

Аслида замонавий усулда картошка уруғи олиш мини тугунаклар етиштиришдан бошлаб, узоқ давом этувчи ва анча меҳнат талаб қиладиган жараён. Дастлаб, стерил лабораторияларда соғлом ва генетик тоза ўсимлик танланади. Кейин у торф балчиқ ёки бошқа қаттиқроқ асосга экилади. Аэропоника тизими унинг ўрнини бемалол боса олади. Сабаби, унга қаттиқроқ асос ёки бирор кўринишдаги балчиқнинг кераги йўқ.

Ўсимлик, масалан, картошка илдизлари қоронғи камерада ҳавода осилиб туради. Уларга эса, ўсиши, ривожланиши учун озиқ моддали аралашма маълум вақт оралиғида автоматик тарзда пуркаб турилади. Вақт ўтиши билан картошка илдизларида тугунаклар ҳосил бўлади. Аммо ўсимликнинг поя қисми аэропон камера ташқарисида, ёруғликда бўлади. Ёритиш интенсивлиги ҳам автоматик тарзда бошқарилади.

Анъанавий усулда уруғлик етиштиришда бир туп ўсимлик уч-тўрт ой давомида 4-8 та кичик тугунаклар бериши мумкин. Ҳосил бир мартада териб олинади. Янгича усулда ҳар бир тупидан 100 тагача мини тугунак олса бўлади. Аммо бунда бирданига барча тугунаклар териб олинмайди, балки керакли катталикдагилари териб олинади майдалари қолдирилади. Бу илдизга яна қўшимча тугунаклар ҳосил қилишга имкон беради.

Аэропоника усулида етиштирилган майда тугунаклар далада ўзини анъанавий усулда етиштирилгани каби натижа кўрсатади. Ҳатто, тугунакдаги томир отувчи кўзчалар ҳам кўпроқ бўлади.

Юртимизда илк бор ана шундай аэропоника усулида картошка уруғи олишга қўл урилди. Наманган вилоятининг Чуст туманидаги «Барака мева саноат сервис» МЧЖда замонавий аэропоника усулида бошланғич уруғлик картошка етиштирилмоқда.

— Бундай усулда картошка уруғи олишнинг нафақат юртимизда, балки Марказий Осиёда ҳам муқобили йўқ, илк бор амалга оширилмоқда, — дейди Наманган давлат университетининг биотехнология, селекция ва уруғчилик бўйича тадқиқотчиси Шерзод Тошпўлатов. — Бу усулни қўллаб кўриш ғояси мендан чиқди. «Барака мева саноат сервис» МЧЖ раҳбари Содиқ Ҳасанов Россиянинг Москва областига бориб, бу ишни ўрганиб келди. Кейин аэропоника усулига мослаб, маҳаллий ашёлардан махсус иссиқхона ясадик.

Уруғлик тугунакларни қаердан олдингиз?

— Уруғлик учун Ўзбекистон Фанлар академиясининг Биоорганик кимё институтидан «in-vitro» усулида етиштирилган тугунаклардан олдик. Уларни кокос пўстлоғида етиштириб, кейин кўчат ҳолида аэропон ускунага экдик. Аммо ўсимликни озиқлантириш масаласи осон бўлгани йўқ. Ҳеч бир хорижий фирма озуқа аралашмаси таркибини ошкор қилгиси келмади. Бошида аралашмага қанча кимёвий унсур қўшишни билмасдик. Хуллас, 24-25 марта тажриба ўтказгандан сўнг бизнинг шароитга мос озуқали аралашмани топишга муваффақ бўлдик. Кўчатлар илдизида 15 кундан сўнг тугунаклар пайдо бўлди. 40 кундан сўнг ҳар бир илдиздан ўртача 10 тадан биринчи мини уруғлик тугунакларини териб олдик. Уларнинг энг каттаси товуқ тухумидай, майдароқлари данак ва ёнғоқдай келади. Хуллас, жорий йилнинг август ойида буғдойдан бўшаган 2 гектар ерга кўчат қилиб экиб кўрмоқчимиз.

Оддий тупроққа экилгани-чи?

— Агар уруғлик тугунак тупроққа экилса, 18-20 минг дона уруғлик тугунак олиш мумкин. Аэропоника усулида биз 120 минг дона маҳаллий «Сарнав» навли уруғлик тугунаги олдик. Бу тупроқдагидан 6 бараварга кўп, дегани. Уни 60 минг донадан 2 гектар ерга экамиз. Тупроқдан олинган уруғлик тугунаги эса 35-40 сотих ерга экилган бўларди.

Иқтисодий самараси қандай?

— 1 гектар ерга 60 минг дона тугунак экилади. 1 килограмм стандарт супер элита авлодли уруғликда 20 дона тугунак бўлади. Биттасининг массаси ўртача 50 грамм десак, бу 375 сўмга тўғри келади. Аэропоника мини тугунаклари донаси 250 сўмга тушади. Бу четдан кириб келаётган уруғликдан 33 фоиз арзонроқ ва бир авлод юқори, дегани.

Аэропоника усулида етиштирилган уруғликнинг касалликларга чидамлилиги қандай?

— Жуда яхши. Уруғлик терилаётганда картошка илдизларига қуёш нури тушадиган қилиб, бир-икки кунга очиб қўйилса, касалликларга чидамлилиги янада ортади. Сабаби, илдиз қуёш нуридан ўзига керакли моддаларни йиғиб олади. Бу эса, ўсимликларнинг касалликка чидамлилигини оширади. Хуллас, 2 гектар майдондан 40 тонна сифатли, картошканинг турли касалликлардан холи супер элита авлодини олиш мумкин. Уни келаси йили 10 гектар майдонга экса бўлади. Аслида шу пайтга қадар ана шу 10 гектардан чиқадиган уруғлик ҳосили хориждан келтириларди.

Даромад-чи?

— Ҳозирча даромад олиш ҳақида ўйлаганимиз йўқ. Аэропоника усулида картошка уруғини етиштиришни ўргана бошлаганимга икки йил, амалда қўллай бошлаганимизга эндигина уч ой вақт бўлди. 2021 йилда Наманган вилоятини сифатли уруғ билан тўлиқ таъминлашни ният қилганмиз.

Манба: Нурпўлат Нурқулов, (od-press.uz)

Улашиш: