Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Кечки картошка етиштириш

23/Dekabr/2024 09:18
  2155

Мамлакатимизда кечки картошка етиштириш муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ушбу муддатда картошка ҳосилдорлиги эртагига нисбатан анча юқори бўлади, шу билан бирга узоқ муддат сақланади.

Июнда картошканинг ўртапишар ва ўрта кечпишар навлари экилади. Экиш ишлари марказий минтақалар вилоятларда жойлашган хўжаликларда 10–30 июнгача амалга оширилади. Жанубий вилоятларда шундан 15–20 кун кейинроқ, шимолий минтақаларда эса 15–20 кун олдинроқ экиш тавсия этилади.

Кечки муддатда картошканинг Розара, Санте, Алвара, Аринда, Белуга, Умид–2, Пском, Кондор, Драга, Карлена, Латона, Палма, Марфона, Пикассо, Романо, ўртапишар ва ўрта кечпишар – Тўйимли, Диамант, Симфония каби республикамизда экиш учун рухсат этилган навлар уруғи экилади.

Ер тайёрлаш. Кечки картошка ерини тайёрлашда экин қолдиқларидан тозаланиб, органик ва минерал ўғитлар тавсия асосида солиниб, майдонлар кетма-кет 28–32 см чуқурликда ҳайдалади, ортидан 20–22 см чуқурликда чизелланади. Бороналаш билан бирга молаланиб КРН-2,8А юмшаткич ёрдамида суғориш эгатлари олинади ва суғорилади. Асосий ер сифатида ажратиб қўйилган ёзги картошка майдонлари 20–25 см чуқурликда юмшатилиб, кейин борона билан бирга молаланади ва суғориш эгатлари олинади.

Экиш ва парваришлаш. Дала қондириб суғорилган майдонларга, ер етилиб экиш механизми кириш мумкин бўлган даврда картошкани СН-4Б русумли мосламада экиш тавсия этилади. Истеъмол учун етиштириладиган картошка туганаклари 70х25–30 см ёки 90х20–25 см оралиқда экилади.

Майдонлар ниҳоллар тўлиқ униб чиққунча об–ҳаво ва ер шароитига кўра 1–2 марта суғорилади. Суғориш натижасида бегона ўтлар ҳам жадал ўсиб чиқа бошлайди. Уларни йўқотиш мақсадида суғоришдан 4–6 кун ўтгач қатор оралари ва эгатларнинг устки қисмига тўрсимон бороналар ёки ротацион борона билан ялписига ишлов бериш катта аҳамиятга эга. Уруғ ердан тўлиқ униб чиққанидан 10–15 кун ўтгач, ўсимликларга биринчи комплекс ишлов берилади, қатор оралари 15–16 см чуқурликда, 10–12 см ҳимоя масофаси қолдирилиб юмшатилади. Кейин эса ўсимлик оралари енгил чопиқ қилиниб, бегона ўтлардан тозаланиши лозим. Шундан сўнг майдондаги ўсимликлар КРН-2,8 А русумли юмшатгич ёрдамида биринчи марта азотли ўғит (50%) билан озиқлантириб, суғориш тавсия этилади. Иккинчи комплекс ишлов биринчи ишловдан кейин 25–28 кун ўтгач ёки ўсимликлар ёппасига ғунчалайдиган даврда амалга оширилади.

Суғориш. Картошка намсевар, сувга талабчан ўсимлик, шу боис ундан мўл ҳосил етиштириш учун тупроқ нами доимо етарли бўлиши шарт. Бу экин ўсув даврида сувни бир хилда талаб қилавермайди, палаги ўсган сари унинг сувга талаби орта беради. Айниқса, гуллаш даврида тупроқ доимо сернам бўлиши лозим. Акс ҳолда буғланиш (транспирация) ва фотосинтез жараёни қисқаради, ўсимлик ўсишдан тўхтайди, туганаклар озиқ моддалардан фойдалана олмай ривожланишдан орқада қолади. Орадан маълум вақт ўтгандан кейин суғорилганида эса, туганаклар қайтадан ўса бошлайди, лекин у болалаб кетади ва туплари кўклайди.

Картошкадан юқори ҳосил етиштириш учун тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги камида 75–80% бўлиши керак, ана шунда ўсимлик яхши ўсиб-ривожланади.

Бўз тупроқли ерларда тупроқ нами 75–80 фоиздан кам бўлмай сув даланинг 50–70 см ли қатламини намласа, ҳар гектардаги картошка 450–600 м3 ҳисобида, ботқоқ ва ботқоқ-ўтлоқ тупроқли ерларда эса бундан кўра озроқ меъёрда суғорилиши керак. Картошкани неча марта суғориш унинг қайси муддатда экилишига қараб белгиланади.

Кечки картошка ёзда кун айни исиган вақтда экилади. Картошкани экишдан олдин ёки экилиши билан дала албатта суғорилиши зарур. Экиннинг ўсув даври ҳам ҳавонинг айни қуруқ ва тупроқнинг ҳаддан ташқари қизиган пайтида бошланади. Туганаклаш даври кузга тўғри келади, бу вақтда ҳаво ва тупроқ ҳарорати анча пасайиб, ўсув даврининг охирига келганда ёғин-сочин туша бошлайди. Шунинг учун кечки картошка экилиб майсалар кўриниши биланоқ суғорилиши керак.

Кечки картошка ўсув даврида 8–10 кун оралатиб бир меъёрда суғорилади. Ҳосилни йиғиб-териб олишга 2–3 ҳафта қолганда сув бериш тўхтатилади.

Сизот суви чуқур жойлашган бўз тупроқли ерларда кечки картошка 12–13 марта, сизот суви юза ерларда эса 6–10 марта суғорилади. Уруғлик учун кечроқ экилганларининг ўсув даври қисқароқ бўлганлиги туфайли уларга бир-икки сув камроқ берилади.

Ўғитлаш. Картошка ўсимлиги асосий озиқа элементларига ўта талабчан. Кечки муддатда экилган картошкадан юқори ҳосил олиш учун қуйидаги миқдорда минерал ўғитларни бериш тавсия этилади:

- қадимдан суғориб келинаётган бўз тупроқларда етиштирилганда гектарига соф ҳолда 250 кг азот, 180 кг фосфор, 125 кг калий;

- ўтлоқи, ўтлоқи-ботқоқ ерларда етиштирилганда эса 200 кг азот, 160 кг фосфор, 100 кг калий бериш тавсия этилади.

Органик ўғитлар, фосфорнинг 75 фоизи ерга асосий ишлов бериш олдидан, қолган 25% фосфор, 50% азот билан туганаклар тўлиқ униб чиққанда биринчи комплекс ишловда бериш тавсия этилади. Қолган 50% азот, калий картошканинг қийғос шоналаш даврида ўсимликка яқинроқ қилиб берилади.

Азот ўғитларидан сульфат аммоний, калий ўғитларидан эса сульфат калий ўғитларини бериш тавсия этилади. Калий ўрнига суғоришда шарбат усулидан фойдаланиш яхши натижа беради.

Манба: www.agro.uz.  Муаллифлар: Р.Ҳакимов, Ф.Расулов

Улашиш: