Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Агератум (долгоцветка) гули

23/Dekabr/2024 15:21
  1246

Агератум, долгоцветка — биологик хусусияти бўйича кўп йиллик ўсимлик, аммо бир йиллик сифатида қўлланилади. Қўқонгуллилар оиласига мансуб. Марказий Америкадан келтирилган. Нав таркиби унча катта эмас, турлари 30 тача. Мексика агератуми энг кўп тарқалган. Унинг тупи ихчам, баландлиги 20-35 см. дан юқорироқ ҳам бўлиши мумкин. Барглари чўзиқроқ тўмтоқ. Гулчалари майда, диаметри 0,4-0,6 см, кўпгулга йиғилган, гулбарглари тахминан шарсимон ёки зонтик кўринишидадир. Барча гулбарглар тупнинг юқори қисмида жойлашган. Ранги оқ, зангори кўк ва зангори бинафша. Сўнгги ранг гулчиликда алоҳида қимматга эгадир, чунки бундай ранг ўсимликлар орасида камдир. Июннинг иккинчи ярмидан, то совуқ тушгунча гуллайди. Гуллаб сўлиган гулбарглар ўсимликнинг манзарали кўринишига зарар етказмайди. Ўсимлик уруғдан кўпайтирилади ва айрим ҳолларда бир текис кўчатлар олиш учун қаламча билан ҳам кўпайтирилади. Туплар совуқ биноларда тувакларда сақланади. Март ойида ҳар бир ўсимликдан 20-30 та қаламча кесиб олинади. 18-22°да қаламчалар тез илдиз отади. Уруғларни бевосита очиқ ерга экишда бир текис ўсимликлар олиш жуда қийин. Уруғлар феврал бошида яшикларга сепилади. Кўчатлар яшикка 200 донадан кўчириб экилади. Улар очиқ ерга совуқлар тугаганда, яъни апрел бошларида экилади, чунки у енгил совуқларга ҳам чидамсиз. Экишда ўсимликларнинг орасидаги масофа навига кўра 15 дан 20 см. гача бўлади. Ўсимлик тупроққа талабчан эмас, озуқали, нордон бўлмаган тупроқларда янги гўнг солмаса ҳам яхши ўсаверади. Очиқ қуёшли жойларни севади. Алоҳида парваришга мухтож эмас. Агератумни кесгандан кейин, яхши ўсади ва тез гуллайди. Клумбалар, рабаткаларга ҳошияли ўсимлик сифатида экиш учун, айрим ҳолларда эса гултувакларга, яшикларга ва айвонларга экиш учун ҳам ишлатилади.


Манба: Бўриев Ҳ., Абдураҳмонов Л., Жононбекова А. (1999). Гулчилик. Тошкент, «Меҳнат».

Улашиш: