Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Хурмо дарахтини ўғитлаш ва суғориш

23/Dekabr/2024 15:54
  1368

Хурмо дарахтларига ўғит бериш ҳақида гап кетганда, турли муҳит ва шароитлар учун кўплаб бир-бирини такрорламайдиган навларнинг мавжудлиги уларга нисбатан қўлланиладиган ўғит бериш усулларини бир қоидага умумлаштириш имконини бермайди. Хурмо дарахтининг озуқавий талаблари ҳаётининг турли даврларида турлича бўлади. Ҳосилга киргандан кейин дарахтнинг ўғитга бўлган талаби йил давомида ўзгариб туради. Бу, биринчи навбатда, бир нечта вегетатив ўсиш ва ҳосил бериш жараёнларига алоқадор фазалар билан боғлиқ: куртаклар ниш уриши, куртаклар ва барглар ўсиши, гуллаш, мева тугилиши, мева ривожланиши, гул сўрилиши (мева ҳосил қилган гул қисмларининг тушиб кетиши), мева етилиши, дарахтларнинг захира йиғиши ва қишки уйқуга кетиш каби. Озуқавий нуқтаи назардан куртакларнинг ривожланиши алоҳида муҳим аҳамиятга эга. Бу фаза қисқа муддат ичида тез рўй беради ва бошланишида, асосан, дарахт бир йил олдин йиғган озуқа захиралар ҳисобига амалга ошади, чунки хурмо кеч барг ёзади ва яхши фотосинтез фаолиятини куртаклар ниш ургандан кейин 15 кун ўтгачгина бошлайди. Шунингдек, мевалар ривожланиш фазаси ҳам дарахтда етарлича озуқа моддалари бўлишини талаб қилади. Бу жараён июнь ойида бошланиб, октябрь бошларида тугайди. Азотнинг хурмога сўрилиши июль ойигача кучайиб боради ва кейинги ойлар давомида бу кўрсаткич кескин тушиб кетади; энг кўп сўриладиган даври май ва август ўрталарига тўғри келиб, бу даврда хурмо дарахтлари жами йиллик талабининг 68 фоизини истеъмол қилади.

Амалиётда ўғит солиш февралдан апрелгача амалга оширилади, дала шароитидан келиб чиқиб, ўртача кучдаги азотли ўғитлар ёки P, K ҳамда N миқдори етарлича бўлишини таъминлаш мақсадида комплекс ўғитлардан фойдаланилади. Кузда дарахтларга ўғит солинмайди, бунга сабаб кузнинг бошида ўғитлаш ўсиш жараёнини ортиқча узайтириб юбориши ва кеч кузда солинган ўғитнинг ювилиб кетишидан етадиган зарар.

Боғ майдонини дастлабки йилларда асосий ўғитлар билан таъминлаш учун органик моддалар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Одатда, органик моддалар чиринди гўнг ва яшил ўғитлар (ер ҳайдаш даврида далада ўсиб турган ўсимликлар чиришидан ҳосил бўладиган чириндилар) орқали берилади.

Аксарият хурмо навлари минимал ўғит миқдори билан ҳам яхши натижалар бераверади. Азотдан ортиқча фойдаланиш мевалар тўкилишига сабаб бўлиши мумкин. Агар барглар тўқ яшил тус олмаса ва новдалар йиллик ўсиш узунлиги 30 сантиметрга етмаса, ўртача қувватга эга ўғит билан дарахтга куч бериш мумкин. Бунда ўғит миқдори дарахт танасининг йўғонлигидан келиб чиқиб, тупроқ сатҳидаги диаметри ҳар 5 сантиметрга 1 кг ўлчамда берилади. Дарахтларни ўғитлантириш бевосита дарахт остидан кеч қишда ёки эрта баҳорда амалга оширилиши керак.

Хурмо дарахтларига йил давомида уч марта ўғит солиш лозим: биринчиси – март ойида, дарахтлар ҳали уйқуда эканлигида ёки барг ёзилишидан 2 ҳафтача олдин, иккинчи марта – июнда ва учинчи марта – август охири ёки сентябрь бошида. Умуман олганда, хурмо дарахтлари 5–7 йилда яхши ҳосил бера бошлаши билан бирга энг юқори ўғит миқдорини талаб қила бошлайди. Ўзбекистон шароитида ёш хурмо боғларига, ҳали ҳосилга кирмаган дарахтларга соф ҳолда азот 40–60 кг/га, фосфор 60–90 кг/га, калий 20–30 кг/ га берилади. Вояга етган дарахтларга бир гектар майдон учун ҳар йили дарахтнинг ўсишига қараб, соф ҳолда 100–120 кг азот ва 70–100 кг калий ва 90 кг фосфор солинади. Бир вақтда 10–20 тонна чиринди ҳам берилади. Бу йиллик миқдор ҳисобланади ва бунинг 50% қисми март ойида, қолган қисми эса иккига бўлиниб июнь ойида ва учинчи бор август ойи охирида 25% дан қўлланилади. Ўғитларни 7–10 кунлик оралиқ муддатда бериш тавсия этилади. Азотни нитрат кўринишида қўллаш тавсия этилмайди, сабаби унинг тез таъсир этиши мева тўкилишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун дарахтга секин етиб борадиган азот турларидан фойдаланиш керак.

Японияда олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, азот дарахтдаги гуллар сонини кўпайтиради ва умуман олганда энг муҳим элемент саналади. Калий шох ва новдалар ўсишига ҳисса қўшади, фосфор миқдорининг юқори кўрсаткичлари мевалар рангини кучайтиради ва магний уруғлар вужудга келишига ёрдам беради.

Ўғитлар махсус ўғит экувчи агрегатлар ёрдамида солинади. Ҳосилдор боғларда баъзан қатор орасига ўғитни сочиб беришади, бундай ҳолдан иложи борича воз кечиш керак. Ҳайдовдан, чизелдан олдин ўғитланадиган боғларда ўғитни сочиб бериш мумкин, чунки тупроққа ишлов бериш жараёнида ўғит маълум даражада чуқурроқ тушади, ўғит қанча чуқур тушса, айниқса, ҳосилдор боғларда, шунча самаралироқ бўлади. Дарахтларни ёши ва ҳосилдорлиги ошиши билан бир қаторда минерал ва органик ўғитнинг миқдори шароитга қараб оширилиб борилади. Баҳор ойларида ҳосилдор хурмоларда катта энергия билан бир вақтда ўсиш новдалари, мева новдалари ва гул куртакларининг ҳосил бўлиши, гуллаш ва мева тугиш жараёни қисқа муддат ичида ўтади ва катта энергия сарфлангани учун кўп озуқа талаб қилади. Шу даврда озуқа етишмаса юқорида баён этилган жараёнларни ўтиши чала ва сифатсиз бўлиб қолиши мумкин. Ёзда берилган озуқа дарахтнинг ривожланишига, новдаларнинг ўсишига, меваларнинг етилишига ижобий таъсир кўрсатади. Новдаларнинг яхши ўсиб ривожланиши келаси йил ҳосили учун замин бўлади. Боғга бериладиган ўғитнинг аниқ миқдори боғнинг ҳолати, тупроғининг агрокимёвий таркибидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Хурмо дарахтларини суғориш учун 90–120 мм атрофидаги йиллик сув миқдори керак бўлади. Иссиқ минтақаларда дарахтларни ҳафтасига 2–3 марта суғориш талаб этилиши мумкин, соҳил бўйи ва нам минтақаларда эса тупроқ хусусиятларидан келиб чиқиб, 6 ҳафтада бир марта суғориш етарли бўлиши мумкин.

Ўзини тутиб олган хурмо дарахтлари қурғоқчиликка чидамли бўлиб, айниқса, D. Мirginiana пайвандтагли дарахтларда бу кўрсаткич юқори. Қуруқ шароитда 6 ойгача баргларда сўлиш юз бермайди.

Ёш боғларни, дарахтни икки томонидан олинган жўяклар орқали суғорилади, жўяклар культивация қилинганда дарахтлар шикастланмаслиги зарур. Баъзи ҳолларда, дарахт атрофини янаям яхшироқ намлаш мақсадида дарахт атрофидан тақасимон жўяклар олиниб, сув ўтказилади. Кўчат экилгандан сўнг биринчи йили кўчат яхши тутиши ва ривожланиши учун тез-тез кам нормада суғориб туриш лозим. Кейинги йилларда кўчат яхши ривожланиши учун суғориш миқдорини камайтирган ҳолда унинг нормаси оширилади ва нами етарли бўлиши таъмин этилади. Ҳар сувдан сўнг жўяклар культивация қилинади, суғоришни бошлаш муддати баҳорги об-ҳавога, намгарчилик миқдорига боғлиқ, ўсимлик актив ривожланаётган даврда новдалар кучли ўсиб, гуллаш бошланиши арафасида тупроқ намини ҳаддан зиёд ошириб юбориш ярамайди, бу ҳол гуллаш ва мева тугишга салбий таъсир этиши мумкин. Яхши озиқланган майдонларда баҳорда ҳаддан зиёд суғориш новдаларнинг ортиқча кучли ўсишига, у эса ҳосилдорликка салбий таъсир этади. Кунлар исиб, ёзги мавсум бошланганда суғориш нормаси 700–800 м3/га дан 1000 м3/га гача оширилади, ўртача бўз тупроқлар учун кунлар иссиғи пасайиши билан яна 700–800 м3/га норма билан суғорилади. Ҳосилдор хурмозорлар вегетация даврида 8–10 маротаба суғорилади; май ойида бир маротаба, июнь ойида бир-икки маротаба, июль ойида уч маротаба, август ойида  2–3 маротаба, сентябрь ойида бир маротаба. Суғориш даврининг ораси бир текис бўлиши лозим. Ҳаддан ташқари чанқатиб, кейин кетидан бўктириб суғориб бўлмайди. Суғориладиган сув етишмайдиган ҳудудларда қишда яхоб сувини бериш яхши самара беради, енгил тошлоқ тупроқларда кам нормада тез-тез суғорилади, оғир тупроқларда эса аксинча.


Манба:  Орипов А., Аброров Ш. (2013). Хурмо етиштириш технологияси. Тошкент: «Sharq»

Улашиш: