Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Оғилхоналарда ҳайвонларнинг шикастланишини олдини олиш

23/Dekabr/2024 08:55
  1471

Қишлоқ хўжалик ҳайвонларини парвариш қилаётган барча фермер хўжаликларда чорвачилик маҳсулотларини етиштириш жуда кўп миқдордаги ҳайвонларни чекланган майдонда жойлаштирилиши туфайли биноларда ҳайвонларнинг ҳаракатланиши чекланган бўлишини, баъзан жуда қаттиқ материаллардан ишланган тирқишли поллар қўлланишини тақазо етади. Ана шу омилларнинг ҳаммаси ҳайвонлар ўртасида шикастланиш юз беришига сабаб бўлади.

Шунинг учун чорва биноларини қуришда ҳайвонлар шикастланишини олдини олиш кўзда тутилиши керак. Масалан: оғил катталигини, озиқлантириш фронтини, ҳаракат маршрутларини. Охирларни лойиҳалаштиришда ҳайвонларининг ўлчами, турли физиологик функциялари (озиқ ейиш, сув ичиш, таппилаш, сийиш) вақтидаги ҳаракатларнинг траекторияси, гуруҳдаги ҳайвонлар хулқ-атвори ҳисобга олиниб полларни лойихалаштириш ва қуришда уларнинг нишаблигига катта эътибор берилади (сигир ва отлар учун полнинг нишаб 1м га 0,5см ҳисобида). Бинобарин, у сийдик оқиб кетишини таъминлайди ва айни вақтда ҳайвон оёқларининг тойиб кетишига йўл қўймайди, туёқ шох қатламининг нормал едирилишини таъминлайди. Пол нишаблигининг катта бўлиши молларнинг орқа оёғи бўғинларига оғирлик тушишига олиб келади. Натижада буғоз моллар бола ташлаши мумкин, аммо фақат техникавий юмушларнинг ўзи билангина ҳайвонлар учун энг қулай шароит яратиб бўлмайди. Бу нарса иқтисодий жиҳатдан ҳам кўпинча ўзини оқламайди. Бунда ҳар кварталда бир марта туёқларининг ҳолати текшириб кўрилади. Бу вақтда туёқлар тозаланади, туёқ шохи қирқилади. Ҳайвонларни умумий асраш ва боқишни яхшилаш, туёқларни ўз вақтида тозалаш ва қирқиб туриш, ҳайвонларни яйратиб туришни ташкил этиш йўли билан оёқларда учрайдиган касалликларнинг олдини олишга эришилади.

Шуни эсда тутиш керакки, фақат оёқлари тўғри ўрнашган ва туёқлари тўғри шаклда ривожланган ҳайвонларни панжасимон ёки тирқишли полли бинода асраш мумкин. Оёқларни икссимон ўрнашган (шодабут) ва туёқларининг шакли ўзгарган, шунингдек жуда оғир вазнли, туёғи майда ҳайвонларни эса бундай полли биноларда асраб бўлмайди. Шунинг учун ҳозирги чорвачилик биноларида қотирилган тупроқли поллар - наслдор отлар, қуйлар, товуқлар, қуёнхоналар , бузоқларнинг яйраш майдончалари учун, гиштли поллар эса сигирхоналар, отхоналар учун ишлатилади. Шу билан бир қаторда, полни материали фойдаланиладиган бино турига қараб танланади, танланган пол ветеринария-санитария ва физик-механика талабларга жавоб бериши керак (физик-механика мустаҳкамлиги чидамлиги ва намликни ўтказувчанлиги, ветеринирия-санитария, одам ва ҳайвонлар учун зарар етказмайдиган, тозалаш ва дизинфекция қилишга қулай бўлиши).

Агар ҳайвон оёқлари шикастланса дарҳол яралар ва шилинган жойларга йод суркаб қуйиш керак. Башарти яралар яллиғланган бўлса, улар антисептиклар билан даволанади. Яралар газаклаган ҳолларда пенецелин, стрептомицин ёки сульфамид препаратлари қўлланилади. Агар шикастланиш жиддий бўлса, ҳайвонни ажратиб қўйиб, қон оқишни тўхтатиш ва септик ҳодисалар авж олишига йўл қўймаслик чораларини кўриш керак.


Манба: Амантурдиева Н., Маматиминов Ш., Халилова Ш., Абдуллаева Г. (2012). Ҳайвонларни шикастланишлари ва уларнинг олдини олиш. Агросаноат мажмуи тармоқларида инновацион фаолият самарадорлигини ошириш муаммолари. Университетлараро ёш олимлар илмий-амалий конференцияси материаллари. Тошкент

Ҳавола: maqolalar.uz

Улашиш: