Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Нидерландия: ўзининг лолалари ва картошкаси билан машхур ўлка

22/Dekabr/2024 23:43
  1366

Нидерландия сўзи таржимада “қуйи ерлар” деб аталиб, расмий пойтахти Амстердам шаҳридир. Кўпчилик Нидерландияни Голландия деб атайди. Бу эса тўғри эмас, чунки Жанубий ва Шимолий Голландия ҳозирги Нидерландиянинг ўн икки провинциясидан (вилоятидан) иккитаси холос. Бу провинциялар узоқ ўтмишдан буён жуда ривожланган бўлганлиги учун Нидерландия ташқарисида кўпроқ танилган.

Нидерландия иқлими ўртача. Ёзи иссиқ эмас, қиши эса анчагина илиқ. Ўртача ҳарорат ёзда +16-17°C ни ташкил этса, қишда –2-3°C дан ошмайди. Деярли ҳар куни ёмғир ёғади. Рим империяси давриданоқ голландияликлар денгиздан қуруқликни тортиб олишга ҳаракат қилишади. XIII асрдан буён анчагина ер қуритилиб, қишлоқ хўжалиги сафига қўшилган.

Бугунги кунда Нидерландия қишлоқ хўжалиги интенсив равишда ривожланмоқда ва 2013 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида етиштирилган маҳсулотлар мамлакат иқтисодиётига 20 млрд. евро даромад келтирди. Аграр экспорт тизимида сабзавотлар, мевалар ва гуллар (15 млрд. евро), ҳамда чорва маҳсулотлари (5 млрд.евро) етакчилик қилиб келмоқда. Қишлоқ хўжалигига мақбул ерлар давлатнинг барча ҳудудидан 65 фоизни ташкил этади. Шундан 27 фоизи ҳайдаладиган, 32 фоизи яйловлар ва 9 фоизи ўрмонлардир. Аммо йилдан йилга яйловлар сони қисқариб, биргина ўтган йиллар майдонида аҳоли учун янги уйлар қуришга  яйловлардан 8,2 фоизи олинган. Йилдан йилга ҳосилдорликни ошириш учун фермерлар ҳар бир қарич ерга энг замонавий технологиялардан фойдаланган, илмий асосланган ҳолда ишлов берилади.  Масалан, ҳар бир гектар ерга бериладиган табиий ва минерал ўғитларнинг ҳажми бошқа давлатларга нисбатан анча юқори бўлиб, Нидерландия бу борада дунёда биринчи ўринни эгаллаб келмоқда.

Бир дона лола учун ҳашаматли уй

Нидерландия бугунги кунда дунёнинг деярли барча мамлакатларига амалга оширадиган гуллар экспорти билан машҳур. Шуларнинг ичида Голланд лоласи алоҳида ўринга эга. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, аслида лолалар  Нидерландияга 16 асрда Туркидаги Австриянинг элчиси  Охир Гилэн де Бузбек номи билан боғлиқ эканлигини кўриш мумкин.  У Константинополдан Венага бир неча лола пиёзчасини олиб келади ва уларни Фердинанд I саройининг боғига экишади. Лолалар француз ботаниги Шарль де Леклюза кузатувида гуллайди. Тез орада мафтункор гулларнинг таърифи бошқа давлатларга ҳам тарқалади. Де Леклюза яширин равишда ҳозирги Нидерландия ҳудудида жойлашган Лейден шахрига кўчиб келади ва бу ерда лолалар етиштиришни йўлга қўяди. 20 йил ичида у 10 дан ортиқ лола навларини яратишга муваффақ бўлади. 1625 йилга келиб ноёб лоланинг бир пиёзбошчаси 2000 флорингача турарди. Лола  пиёзбошчалари Амстердам, Роттердам, Харлем ва Лейден  савдо биржаларида сотиларди. 1635 йилга келиб уларнинг нархи 5500 флорингача етган. Келинларнинг сепига баъзида  битта лола пиёзбошчаси берилган, унинг учтасининг нархига Амстердам марказидан ҳашаматли уй сотиб олиш мумкин бўлган. Аммо 1637 йилдан бошлаб ҳолат кескин ўзгаради. Харидорларга нисбатан сотувчиларнинг кўпайиб кетиши сабабли, нархлар кескин тушиб, 300 флоринни ташкил этган.

Бугунги кунда лолалар асосан Нидерландиянинг шимолий-шарқий қисмида ўстирилади. Дунёдаги энг катта гуллар аукциони «Флора Холланд» эса Амстердамдан 30 дақиқа узоқликда жойлашган.  Нидерландияда лолалар мавсуми март ойининг охиридан майнинг бошларигача давом этади. Биргина Кёкенхофда ҳар йили мазкур гулнинг 7 млн. дона пиёзбошчаси экилади. Лоладан ташқари Нидерландияда етиштириладиган наргис, лилия, гиацинт, гладиолусларнинг ҳам бозори чаққон. Улар эгаллаб турган майдон 16,4 минг гектарга тенг. Иссиқхоналарда эса  (5,2 га.) хризантема, атиргуллар, фрезия, чиннигуллар етиштирилади.  Гулларнинг экспорти  мамлакатдаги 16 та  улгуржи гуллар аукционларидан сотилади. Айни пайтда Нидерландия гулларнинг дунё бўйлаб экспортининг 65% ни қамраб олган. Бу ўз навбатида мамлакат иқтисодиётига салмоқли улуш бўлиб қўшилмоқда.

Картошка ва қанд лавлаги етакчи

Голландияликлар  бир сотихдан  700 кг.гача картошкадан ҳосил йиғиб олишади. Бунинг сабаби аъло сифатли уруғли картошкадир. Уни Нидерландия дунёнинг 70 та мамлакатига экспорт қилади. Уруғ етиштириш бўйича 100 нафардан зиёд олимлар тадқиқот ишларини олиб боришади. Илиқ иқлим, ҳосилдор тупроқ, сувнинг сероблиги ва албатта дақиқаси белгилаб бериладиган ўғитлар картошкадан  юқори ҳосил олиш учун қулай замин тайёрлайди. Сабзавотни касалликдан сақлаш учун уни асосан денгиз қирғоғи бўйида етиштиришади. Доимий равишда денгиздан эсадиган шамол ва амалга ошириладиган комплекс чора-тадбирлар фермерлар чўнтагини қаппайтиради.

Қанд лавлаги етиштириш картошкадан кейин иккинчи ўринда туради. Бундан ташқари бу ерда етиштириладиган брюссель карами, бодринг ва помидорлар, пиёз ҳам ўз харидорига эга.  Бўғдой, канакунжут, рапс ва цикорий ҳам етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда. Сули ва мкаккажўхори асосан молларга озуқа сифатида экилади.  Нидерландияда  фермерчилик асосини асосан оилавий фермер хўжаликлари ташкил этилишини инобатга олсак, бугунга келиб уларнинг ҳар бири кимёвий ўғитларсиз маҳсулот етиштиришга ҳаракат қилишмоқда. Зеро,  бозорда бундай маҳсулотнинг нархи анча юқоридир. Ҳар бир фермер хўжалиги автоматлаштирилган тизимга эга бўлиб, компьютерлаштирилгандир. Фермерлар селекция ишларига  асосий эътиборини қаратадилар. Мамлакатда очилган кўплаб қишлоқ хўжалик мактабларида ҳар бир бу соҳага қизиққан одам зарур билимларга эга бўлиши мумкин.

Сабзавотлар Европа бозорларида ўз харидорига эга. Зеро, сўнгги  йилларда  фермерлар сабзавот заракунандаларига қарши табиий, биологик воситалар билан курашишмоқда. Шунингдек, бу ерда етиштириладиган олма, нок, олча, олхўри, малина, смородина,  иссиқхоналарда эса шафтоли, узумларнинг сифати Ўрта Ер денгизи бўйларидаги мамлакатлардан келтирадиган меваларга кўра ҳам арзон, ҳам сифатли, ҳам кимёвий ишловлардан холидир.

Голланд сигирлари 5 қитъада машҳур

Сигирларнинг голланд зоти келиб чиқиши жиҳатидан энг қадимги ва энг серсут бўлиб, бугунги кунда уларни 5 та қитъанинг 33 та мамлакатида кўпайтиришади. Нидерландияда унинг учта зоти: голштино-фриз, қизил-қора ва гронингенлар энг кўп учрайди. Сигирларнинг тирик вазни одатда  550—580 кг, максимал 800 кг, буқаларники максимал — 1200 кг.гача етади. Сигирлар 9000 кг.гача сут бериб, унинг ёғлилиги 3,8-4,01%, оқсиллар  - 3,32-3,55%  дир. Ушбу сигирлар тез етилиб, турли хил иқлимга осонгина мослашади. Шу боис сўнгги йилларда Ўзбекистон фермерлари мазкур сигир зотини юртимизга келтириб, сут ва гўшт ишлаб чиқариш борасида  салмоқли муваффақиятларга эришмоқдалар.

Сутнинг аксарият қисми қайта ишланиб, асосан қуруқ ва қуюлтирилган ҳолатда сотувга чиқарилади. Гўшт етиштиришда чўчқачилик (13,1 млн. бош) ва паррандачилик (106 млн. дона жўжа етакчи ўринларни эгаллаб, қўйчилик (1,3 млн. бош) ҳам сўнгги йилларда тезлик билан ривожланмоқда.

Балиқчилик–қўшимча даромад Балиқчилик нафақат қирғоқбўйи ҳудудларда, балки  мамлакат ичкарисида ҳам ривожланиб, ички сув ҳавзаларида  балиқларнинг 10 дан ортиқ тури ва молюскалар етиштирилади. Шимолий денгизда эса балиқ катер ва музхонага эга траулердан иборат замонавий флот ёрдамида тутилади. Булар камбала, треска, мерлана, сельд, креветкалар, скумбрия,  хорсмакреллар бўлиб,  уларнинг ичида камбала алоҳида  ўрин тутади. Мазкур балиққа нисбатан талаб катталиги уни нафақат денгизда тутишга, балки ички ҳавзаларда ҳам етиштиршга ундамоқда. Ҳар йили Европа Қумитаси мутахассис биологларнинг балиқ заҳираси хусусидаги тавсияларидан келиб чиққан ҳолда Европа Иттифоқининг ҳар бир аъзоси учун ҳар йили балиқ тутиш квотаси белгилайди.  Қоидани бузган мамлакат жавобгарликка тортилади.

Манба: ekolog.uz. Муаллиф: Наргис Қосимова

Улашиш: