Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Сабзавот ва полиз экинларининг кўчатларини касалликлардан ҳимоя қилиш

23/Dekabr/2024 05:23
  1333

Сабзавот ва полиз экинларининг кўчатлари ҳам иссиқхоналарда, ҳам очиқ далаларда экиш учун етиштирилади. Барча экинларнинг уруғликларини соғлом (ёки кам зарарланган) ўсимликлардан олиш, уларни ҳар хил аралашмалар, склероций ва бегона ўт уруғларидан пухта тозалаш ва саралаш, унувчанлиги ва ўсиш энергияси юқориларини танлаб, экишдан олдин микроэлементлар (Mn, Cu, B ва б.) эритмаси билан ишлов бериш, мажбурий равишда дорилаш ва ўз вақтида экиш; ниҳоллар униб чиққач, қатқалоқ бўлишига йўл қўймаслик, тупроқни юмшатиб туриш лозим.

Уруғликни экишдан 1-3 ҳафта олдин термостатда 35-50оС да 1 соат ва 80оС да 1 соат вирус касалликларига қарши қиздириш, сўнгра фунгицид (мисол учун, Витавакс 200ФФ, 2,5-3,0 л/т меъёрида) билан замбуруғ касалликларига қарши дорилаш лозим. Уруғ экиш учун тайёрланган тупроқ (компост) бирорта фунгицид киритиш усули ёрдамида зарарсизлантирилади. Бу мақсадда ишлатиладиган фунгицидлардан дунёда энг кенг ишлатиладигани ва Rhizoctonia solani, Fusarium, Pythium ва Phytophthora турларига қарши энг самаралиси Террахлор Супер Х1 (таъсир этувчи моддалари этридиазол ва куинтоцен) ва Витавакс 200ФФ препаратлари ҳисобланади.

Бу препаратлар бўлмаса, кўчат экишдан олдин тупроқни қайноқ сув ёки 1% ли марганцовка эритмаси билан суғориш, лозим.

Агар иссиқхонада помидор, бодринг, карам ва бошқа экинларнинг уруғпалла ва кўчатларида қора оёқнинг ўчоғи топилса, касал ниҳолларни эҳтиёткорлик билан олиб ташлаш ёки қўшимча илдизлар ривожланиши учун ўсимлик тагига 2 см баландликда мульча (юқори ҳароратда қиздирилган қум ёки қум ва кул аралашмасини2 1 кв м майдонга 100 г сарфлаб) солиш, кўчатлар тагига калий перманганат эритмаси (10 л сувга 3-5 г KMnO4) қуйиш, сўнгра бир ҳафта давомида суғормаслик лозим.

Сохта ун-шудринг билан зарарланган уруғпалла ва кўчатлар ҳам ягана қилинади, камроқ зарарланганларига 1% ли Бордо суюқлиги пуркалади.

Помидор ва бодринг уруғини экишдан олдин 2-4 йилгача сақлаш тавсия қилинади, бунда уруғлардаги вирус касалликлари қўзғатувчиларининг барчаси ёки кўп қисми нобуд бўлади.

Экишдан олдин:

-         уруғни 70оС да 4 кун давомида, ёки калий перманганатнинг 1% эритмаси билан 20 дақиқа давомида зарарсизлантириш ва сув билан яхшилаб ювиш;

-         уруғларни оғирлиги бўйича саралаш – ош тузининг 5% ли эритмасига солиб 3 дақиқа давомида аралаштириш, устига чиққанларини дока билан олиб ташлаш, чўкканларини сув билан бир неча марта ювиш, дорилаш ва қуритиш;

-         ниҳол етиштириш жараёнида 2 марта (кўчат қилиш – пикировка ва доимий жойларга экиш пайтида) ёғи олинган сут (обрат) нинг 10% эритмаси билан профилактик ишлов бериш;

-         2-3 марта калий перманганатнинг 0,05% эритмаси билан суғориш;

-         кўчириб экишдан 1 ҳафта олдин бор кислотасининг 0,1% эритмасини, 0,15-0,3 л/м2 меъёрида пуркаш;

-         ширага қарши системали инсектицид пуркаш тавсия этилади.Помидор уруғлари тувакчаларда махсус кўчатхоналарда, 20-24оС ҳароратда ундирилиши ва униб чиққан кўчатлар 50-55 кун давомида ўстирилиши, 2-3 чин барг чиқарганда минерал ўғитлар билан озиқлантирилиши лозим .

Бодринг уруғини экишдан олдин:

-         уруғларни 50-60оС ҳароратда 4-5 соат давомида иситиш;

-         вироз, фузариоз ва аскохитоздан зарарсизлантириш учун уруғларни икки босқичда иситиш (олдин 50-52оС да 3 сутка, кейин ҳароратни аста-секин 78-80оС гача кўтариш ва шу ҳароратда яна 1 сутка сақлаш);

-         саралаш (3-5% ли ош тузи эритмаси ишлатиб);

-         12-20 соат давомида ивитиш;

-         фунгицид билан дорилаш тавсия қилинади.

Карам уруғларини альтернариоз, томир ва шилимшиқ бактериозларга қарши экишдан олдин 50оС ли сувда 30 мин ивитиш, қуритиш ва фунгицид ҳамда бактерицид билан дорилаш лозим.

1 Террахлор Супер Х ҳозирликча Ўзбекистонда ишлатиш учун рўйхатга олинмаган.

2 Мульча сифатида алоҳида кўчатлар тагига 1-4 см баландликда қум ва ёғоч қириндиси ҳам солиш мумкин.


Манба:  Ҳасанов Б. А., Очилов Р.О., Гулмуродов Р.А. (2009). Сабзавот, картошка ҳамда полиз экинларининг касалликлари ва уларга қарши кураш. Тошкент.

Улашиш: