Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Сигир маҳсулдорлигига ирсиятликнинг таъсири ҳақида...

21/Dekabr/2024 23:54
  1211

Организмдаги ҳар қандай белгининг ривожланиши ирсиятлиги ва ҳаёт шароити билан белгиланади. Сон кўрсаткичлари (маҳсулдорлиги, сутнинг таркибидаги ёғ ва оқсил, тирик вазни ва бошқалар) белгиларининг фенотипик хилма-хиллиги молларнинг ирсиятига ва яшаш шароитининг мураккаб бирликдаги таъсирига боғлиқ. Организм ривожланишини ирсиятлик белгилаб берса, яшаш шароити уни бажо келтиради.

Маълумки, молларда бир хил ирсиятлик бўлсада, лекин ташқи муҳит таъсирида (озиқлантириш ва сақлаш) белгиларнинг шаклланиши турлича. Жумладан, бир хил сигирларнинг сут миқдори ошиши билан унинг таркибидаги ёғ ва оқсил меъёри камаяди, бошқаларида эса бу кўрсаткичлар биргаликда кўтарилади ёки бир меъёрда туради. Шундай сигирлар борки, рекорд даражадаги сут микдори билан биргаликда сутининг ёғлилик меъёри юқори бўлади. Жумладан, голштин зотига мансуб бўлган «Бризвуд Пейси Бар Понтиак» лақабли сигир лактация давомида 20539 кг сут берган ва унинг ёғлилик даражаси 4,85 фоизга тўғри келган. Ўзбекистоннинг “Савай” наслчилик заводида парвариш килинган швиц зотига мансуб бўлган «Астра № 2128» лақабли сигирнинг иккинчи соғими даврида берган сут миқдори 10269 кг ва ёғлилик даражаси 4,57 фоизга тенг бўлган. «Чиноз» совхоз-техникумига қарашли «Ёлка № 474» лақабли сигир иккинчи лактация даврида ёғлилик меъёри 3,9 фоизга тенг бўлган 11275 килограммли сут берган. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, подада ёғ ва оқсил миқдори юқори бўлган серсутли сигирларнинг мавжудлиги сермаҳсул моллар, буқа тизимлари ва сигирлар оиласини яратишга имкон беради. Ўзбекистонда қорамолчиликни ривожлантириш, наслчилик-селекция ишларида молларнинг юқори маҳсулдорлик ирсий хусусиятларидан самарали фойдаланиш катта аҳамиятга эга.


Манба:  Носиров У.Н.(2001). Қорамолчилик

Улашиш: