Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қулупнайнинг оқ ва қўнғир доғланиш касалликларига қарши қандай курашиш мумкин?

23/Dekabr/2024 16:09
  1230

Оқ доғланиш касаллиги

Асосан ўсимлик баргида майда қизғиш жигар рангдаги думалоқ, очиқ чегарали, маркази оқиш, четлари қизғиш-қўнғир хошия доғлар ҳосил қилади. Касалланган барглар секин аста қурийди ва мева бандлари ҳам қуриб қолади. Касалликни такомиллашмаган замбуруғлар синфига мансуб Ramularia tulasnei Sacc. тури келтириб чиқаради. Бу замбуруғ конидияли ва склероцийли, халтачали (Mycosphaerella fragariae Sacc.) босқичларида ривожланади. Вегетация давомида замбуруғ бир неча насл ҳосил қилади. Конидияли споралар рангсиз, кам кўзга ташланади, шамол, сув томчилари  воситасида тарқалиш хусусиятига эга. Касалликнинг кучли зарар етказиши учун ноқулай экологик шароит, ёғингарчилик ва юқори нисбий намлик асосий рол ўйнайди. Касалликни тарқатувчи замбуруғларнинг ривожланиши 5-350С хароратда амалга ошсада, энг қулай харорат 18-230С ҳисобланади.  Касаллик қўзғатувчилари склерацийлар тариқасида ўсимлик барги ва қолдиқларида қишлайди. Склероциялардан конидиялар ҳосил бўлиб, ўсимликни касаллантирувчи бирламчи инфекция манбайи ҳосил бўлади. Бу касаллик туфайли қулупнай ҳосилдорлиги кескин камайиб, меванинг сифати ёмонлашади.

Касалликка қарши курашиш учун касалланган ўсимлик аъзоларини йиғиштириб олиб, ёқиб ташлаш керак. Бу тадбирлар эрта баҳорда, ўсимлик гуллашидан олдин ўтказилиши мақсадга мувофиқдир. Вегетация давомида қулупнайзорларга 1% ли бодро суюқлиги билан 3 марта ишлов бериш керак. Биринчи ишлов гуллагандан кейин 10 кун ўтгач ўтказилади. Кўчатларни

экишда кўчат оралиғига алоҳида эътибор бериш керак. Касалликка чидамли навлари экиш ҳам касаллик зарарини камайишига олиб келади.

Қўнғир доғланиш касаллиги

Касаллик билан асосан ўсимлик барги зарарланади. Касаланган баргларда йирик, қўнғир, қизғиш-қўнғир ёки қора рангдаги доғлар пайдо бўлади. Бу доғлар юзасида қорамтир ёстиқчалар ҳосил бўлиб, барглар қуриб қолади. Бундай доғлар барг банди ва танобларда ҳам ҳосил бўлади.  Касаллик қўзғатувчиси Такомиллашмаган замбуруғлар синфига мансуб Marssonina potentillae Magn f. fragariae Оhl., тури ҳисобланади. Замбуруғ касалланган баргларда конидиялар хосил қилиб кўпаяди. Конидиялари рангсиз, икки хужайрали, халтачали босқичи Fobrea fragariae Kleb деб номланади.

08.jpg (66 KB)

Нам об-хаво шароитида, айниқса меванинг пишиш даврида баргнинг касалланиши кўпаяди. Касаллик қўзғатувчиси эски баргларда, қишловчи куртакларда қишлаб, эрта баҳорда ҳосил бўлган конидиялар воситасида янгидан тарқалади. Қўнгир доғланиш касаллиги Республикамиз шароитида 60-100% гача ўсимликларни касаллантиради.

Касалликка қарши курашиш учун инфекция манбайи сақланадиган эски барг, ўсимлик қолдиқларини даладан йиғиштириб олиб ташлаш керак. Касалланган ўсимликларга 1% ли бордо суюқлиги билан ишлов бериш керак. Кўчатларни экишда экин оралиғини тўғри аниқлаш, туплардаги эски баргларни эрта баҳорда олиб ташлаш керак.

 

Манба: Шералиев А.Ш., Рахимов У.Х. (2014). Қишлоқ Хўжалик Фитопатологияси. Тошкент.

Улашиш: