Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ловия етиштириш бўйича тавсиялар

22/Dekabr/2024 22:38
  2553

Ловия – дуккаклилар оиласига мансуб бир йиллик ва кўп йиллик дуккакли дон экини. Илдизи ўқ илдиз, яхши ривожланади, тупроққа 1,5–2 м чуқурликкача кириб боради. Илдизида туганаклар ривожланади. Пояси ўтсимон шохланади, айрим турлари чирмашиб, 3–4 м. гача етади. Меваси дуккак, ранги оч пушти ёки тўқ жигарранг, қора. Дуккагида 6–12 та уруғ бўлади. Уруғи буйраксимон, ранги оқ, сариқ, пушти. 1000 донаси 50–370 г. Ловия иссиқсевар ўсимлик, уруғи 8–10 °С да униб чиқади. Майсаси 0,5–1 °С совуқда нобуд бўлади. Ловия намсевар, унумдор тупроқ шароитларига талабчан. Ўсув даври 75–120 кун. Ёрмаси оқсилга бой, юқори калорияга эга. Дони таркибида 20–31% оқсил, 0,7–3,6% мой, 50% крахмал, 2,3–7,1% клетчатка мавжуд. Пояси чорва моллари учун яхши озуқа ҳисобланади. Ҳосилдорлиги 25–40 ц/га.

Ловия зараркунандалари: ловия ва нўхат донхўрлари; касалликлардан энг кўп зарарлайдигани антракноз ва бактериоз.

Экиш учун тавсия этилган навлар: маҳаллий навлар экилади.

Уруғлик танлаш ва экишга тайёрлаш. Бир хил ўлчамли, тўла етилган, шикастланмаган уруғлар экилади.

Экиш муддати ва усули

Баҳорда экиш. Ловия иссиқсевар экин бўлгани учун уни уруғлари ер музлаш хавфи ўтиб кетгандан кейин экилади. Майсаларни бир текис қийғос униб чиқиши учун тупроқ уруғ кўмиладиган чуқурликда 12-140С қизиганда экиб бошланади. Қизимаган тупроқларга экилганда униб чиқиш даври чўзилиб кетади, кўпинча майса ҳосил қилмай чириб кетади.

Такрорий экин сифатида экиш. Ловия кузги дон экинларидан ва чопиқ қилинадиган экинлардан кейин экилади. Унинг уруғи июнь–июль ойларида қатор ораси 60–70 см қилиб экилади. Экиш чуқурлиги 4–6 см. 10 сотих майдонга 6–8 кг уруғ сарфланади.

Ерни экишга тайёрлаш.  Бир экилган жойга 2–3 йилдан кейин қайта экилади. Дала ўтмишдош экинларнинг қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозаланиб, ер 25–27 см чуқурликда юмшатилади ва текисланади.

Парваришлаш. Ягана қилинмайди. Суғориладиган шароитда шоналашгача 1–2 марта, шоналаш-гуллаш даврида 2 марта суғорилади.

Ўғитлаш. Ўтмишдош экинга гўнг солинади. Талаб қилинса 10 сотих майдонга соф модда ҳисобида 3–5 кг азот, 2–3 кг фосфор, 3–3,5 кг калий сепилади. Фосфор ва калий ерни тайёрлаш вақтида солинади. Азотли ўғит амал даврида сепилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Ловия дуккакларининг 75-80 фоизи пишганда пояси билан йиғиб олинади ва қуритилади. Поялар эрталаб ёки кечқурун йиғилса, дуккаги кам чатнайди, шикастланмайди. Қуриган дуккаклардаги ҳосил янчиб ёки ёриб ажратиб олинади.

Ловия кўк дуккаклари учун экилган бўлса, ҳосил дуккаклардаги дон меъёридаги катталикнинг учдан бир қисмига тенг бўлганда йиғиб бошланади. Ҳосил қўл билан 8-10 марта териб олинади.

Ловия поялари чорва ҳайвонларига озиқа сифатида берилади.

Манба: mehnat.uz

Улашиш: