Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Цикламен – ёзда ухлаб, қишда гуллайдиган гўзал ҳамда доривор ўсимлик

23/Dekabr/2024 14:48
  2108

Цикламен гули ҳақида сўз борганда гул шайдолари албатта турфа рангларда очилувчи нафис чечакли ўсимликни кўз олдига келтиради. Бироқ кўпчилик унинг альп фиалкаси, альп бинафшаси каби у қадар оммалашмаган номлари борлигини билмаса керак. Манзарали ўсимлик сифатида хонадонларда ўстирилувчи цикламен наврўздошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўтсимон ўсимликлар туркумидан. Ўрта денгиз ва Ғарбий Осиёда 15 тури, Қрим ва Кавказда 8 тури маълум. Маданий ҳолда энг кўп тарқалгани форс цикламенидир. Бўйи 40—50 см, барглари кўп, барг банди узун ушбу ўсимлик кеч куздан эрта баҳоргача гуллайди. Цикламен оқ, пушти, бинафша, қизил рангларда гуллайди. Европа цикламени хам бетакрор ва ғоят кўркам, нафис гуллари билан мафтун этади.

Ушбу ўсимлик пиёзчасининг диаметри 15 см.гача бўлиб, ундан фақат битта бута ўсади. Унинг баргларидан, шохидан қаламча олиб кўпайтириш имкони йўқ. Шу боис тугунагини чиришига, шикастланишига йўл қўймаслик мухим. Бу табиийки, ўсимликнинг нобуд бўлишига олиб келади.

Ёруғликда альп бинафшаси янада ёрқин рангда очилади. Чечаклари офтоб тафти билан тирик. Гуё Қуёшдан илхом олади. Бироқ, ёруғликни Қуёшнинг тик тушувчи нуридан изламаслик керак. Офтоб тигида колган цикламеннинг япроклари сарғайиб, кўркини йўқотади.  Қуёшнинг тонгги ва кечки пайтда сочувчи нурлари ўсимликка хуш ёқади. Ҳарорат эса кишда 10-14 даража иссиқ бўлиши талаб этилади. Ундан юқори иссикликда ўсимлик ноҳуш вазиятга тушади. Хонада керагидан юқори ҳарорат  бўлса, гулга сув пуркаб туриш тавсия этилади. Бироқ тувакда сув йиғилиб қолмаслигини катъий назорат қилиб турилади. Акс ҳолда ўсимлик тугунаги чириб кетади. Бошқа вазиятларда эса цикламенга сув пуркамаган маъқулроқ.

Хонаки ўсимликлар ҳар битта гулнинг ўзига хос хусусиятидан, ўсиш шароитидан келиб чиққан ҳолда суғорилади. Цикламен тугунаклари эса умуман сувни ёқтирмайди. Гултуваги ликопчасига сув қуйилади ёки суғоришдан олдин тугунаги атрофига тупроқ ўйиб солинади. Кичкина тувакдаги гулларга тез-тез сув қуйиб турилади. Катта тувакдаги ўсимликлар эса камроқ суғорилади.

Гулларни суғоришда икки қоидага амал қилиш кифоя. Бу қоида: ўта қуритиб куймаслик ва ўта сувга бўктириб юбормаслик. Шунингдек, сувни тугунак ва баргларнинг тепасидан эмас, тувак деворидан секингина қўйишга алоҳида эътибор бериш зарур.

Бугун гул дўконларида асосан форс цикламенини, баъзида европа, косский, неаполитанский и бошқа турларини учратамиз. Уларнинг бари жуда бетакрор. Аксарият хонаки гуллар каби цикламен хам инжиқ, парваришлашда кийинчиликлар бор. Шунга қарамай бу ўсимлик чидамли, унга зарур шароит яратиб берилса, бир нечта талабларига жавоб берилса, хона иқлимига мослашиши осон кечади.

Хонаки гуллар учун сопол, ёғоч, пластмасса туваклардан фойдаланиш мумкин. Янги сопол туваклар намликни яхши сақлаши учун, улар 1 соатга сувга  солиб қўйилади. Агар тувак олдин ишлатилган бўлса, уни иссиқ сувда совунлаб ювиш, сўнг содали сувда қайнатиб, чайиш талаб этилади.

Альп бинафшасини экишда гултувак танлашга алоҳида эътибор қаратилади. Тувак ўсимликнинг  ёшига қараб танланади. Катта тувакка ўтказилган цикламеннинг гуллаши сустлашиб, чиришни бошлайди. Илдизпоя ва гултувак девори орасидаги масофа 2-3 см дан ошмаслиги керак. Бу цикламен парваришида ута мухим жиҳат. Уни экканда пиёзни бутунлай кўмиб қўймаслик лозим. Тугунакнинг учдан бир қисми, ҳаттоки ярми тупрокнинг сирига чикиб туриши керак. Бу келгусида ўсимликнинг баракали гуллашини таъминлайди. Зеро барча қоидаларга амал қилган ҳолда, тўғри парваришланган ўсимлик 20-25 йилгача ҳар йили нафис гуллари билан дилингизни хушнуд  этади.

Бу каби антиқа, ноодатий гултувакка экилган гулларни исталган хона бурчагига, офисларга жонли ва фойдали безак буюми сифатида жойлаштириш мумкин. Ландшафт дизайнерлар хонага мос ўсимлик танлашда девор ва гулнинг ранггига алоҳида эътибор қаратадилар.

Хона деворлари оч рангда бўлса, хона рангига уйғунлашадиган ёрқин қизил гулли ўсимликларни шу жойда ўстириб парвариш қилиш керак. Агар хона деворлари гулқоғози ранг-баранг гулли бўлса, бундай хонада оқ рангда гуллайдиган ўсимликларни ўстирган маъқул.

Қиш манзараси деразангиздан мўралаб турган бир пайтда, токчангизда альп бинафшаси яшнаб очилиб турса, мана буни мусаввир табиатнинг мохирона дизайни десак бўлади.

Ёзнинг жазирама кунлари келиб цикламен гул ва баргларини батамом тўкиб юборади ва ўсимлик уйқуга кетади. Бу вақт мобайнида цикламен тугунаги озуқа заҳирасини ғамлайди. Мазкур ҳолат баъзи тажрибасиз гул шайдоларини чалғитади. Улар гулни қуриб қолган деб таҳмин қилиб, ташлаб юборади. Шу боис ҳар бир ўсимликни парваришлаш олдидан у ҳақда батафсил маълумот тўплаган маъқул.

Тақдири ҳудди цикламенники каби глоксиния номли яна бир хонаки гул бор. Фақат улар орасидаги фарқ цикламен ёзда глоксия қишда уйқуга кетади. Август ойига келиб яланғоч новдаларда майда барглар кўрина бошлайди. Бу вақтда цикламен янги  тупроқли аралашмага кўчириб ўтказилади. Бу аралашма: хазонли чиринди тупроқ, торф ва қумдан иборат. Тупроқли аралашмани ўсимлик кушандалари зарарламаслиги учун буғлаш керак. Ёки тайёр аралашмани дўкондан сотиб олсангиз ҳам бўлади. Бунда Лола гули учун тайёрланган махсус аралашма цикламенга мос келади.

Цикламен пиёзи ва уруғидан кўпаяди. Форс, европа ва неаполитан цикламени уруғи кеч кузда, юмшоқ ерга сепилади. Бу вақтда энг муҳими ҳароратни мўтадиллаштиришдир. Уруғ ундирилаётган хона ўта исиб кетса улар нобуд бўлиши мумкин. Уруғ униб, иккита япроқ чиқаргандан кейин тувакка олинади. Форс цикламенининг кўп навлари 15-18 ойда, паст бўйли шакли 6-8 ойда гулга киради. Гуллаш давомийлиги қанча қисқа бўлса, гуллари шунчалик чиройли очилар экан.

Цикламеннинг қуриган, сарғайган баргларини қайчи ёки пичоқда кесиб олишга шошилманг. Кераксиз япроқларни аста секин, эхтиёткорлик билан қўлда қайириб, узиб олиш тавсия этилади.

Қадимги Римда цикламен гулини ёвузликдан химояловчи тумор деб билишган. Гиппократ эса бу ўсимликдан турли шамоллаш касалликларини даволовчи, шифобахш гиёҳ сифатида фойдаланган.

Абу Райҳон Берунийнинг «Китоб Ас сайдана фит-тиб» асарида ҳам хонадонларда ўстирилувчи жуда кўп ўсимликларнинг дориворлиги ҳақида маълумотлар келтирилиб, ўша даврларда бу ўсимликларни қандай номланиши, қайси дардларга даво бўлиши тўғрисида сўз боради. Алоэ, папирус, арум, аспарагус, фикус, драцена, плюмбаго каби ўнлаб ўсимликлар қаторида цикламеннинг ҳам шифобахшлиги баён қилинади. Абу Али Ибн Сино асарларида ҳам шундай маълумотлар келтирилган. Демак, ўша вақтлардаёқ ота-боболаримиз бу ўсимликларнинг дориворлик хусусиятларидан хабардор бўлишган ва фойдаланишган. Шунинг учун ҳам бу ўсимликларни уйларида сақлаб кўпайтиришган, деган фикрга келиш мумкин.

Цикламен гулидан халк табобатида гайморитни  даволашда қўлланилади. Бу усулдан қадимдан фойдаланиб келинган. Унинг нечоғли самарали экани юз йиллардан бери синаб келинади. Ўсимлик шунингдек, бир қанча нафас йўллари хасталикларида, бош оғриғи ва шамоллашни даволашда яхши самара беради. Цикламен яхшигина антисептик восита бўлиш билан бирга, гормонлар тизими фаолиятини нормаллаштиради, қувватни оширади.

Цикламеннинг даволовчи хусусиятидан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш керак. Чунки ушбу ўсимликнинг таркибида заҳарли модда мавжуд. Шунинг учун цикламен шарбатини сув билан қўшиб ичиш тавсия этилади.

Цикламеннинг доривор хусусиятидан албатта, мутахассис билан маслахатлашган ҳолда фойдаланиш лозим. Уни ўзбошимчалик билан қўллаш саломатлигингизга акс таъсир кўрсатиши мумкин.

Бугун хонаки ўсимликларнинг манзарали, одамнинг бахри-дилини очувчи чиройли турлари шу қадар кўпки, уларни гулдаста ўрнида такдим этиш анъанаси оммалашиб кетди. Албатта гултувакда барқ очилиб турган жонли гуллар кимга ҳам ёқмайди дейсиз. Совғабоп хонаки гуллар орасида цикламенга талаб катта. Совғани қабул қилган киши ям-яшил майса ва япроқлар ўртасига капалаклар  қўниб олган деб ўйлаши ҳеч гап эмас. Мана шу манзаранинг ўзиёқ, ўсимликка нисбатан илк эътибор ва мухаббат уйғотади. Энг асосийси, бу гўзаллик сизни гулдасталар каби фақат 5-10 кунгача эмас, бир неча йил мобайнида хушнуд этиб, қадрдонингиз ва ўша унутилмас қувончли кунингизни такрор ва такрор  ёдга солади.

Кайси оилада таъсирчан, мулойим, бироз журъатсиз, ўзгарувчан  феъл атворли кишилар булса, айнан мана шу хонадонда альп бинафшаси парваришлаш тавсия этилади. Сабаб ушбу ўсимлик кайфиятни кўтаришга, ақлни чархлаш, теран мулоҳаза қилишга ёрдам бериб, кишига жўшқинлик бахш этар экан. Ишонаверинг, бунча фазилатга сиз цикламеннинг нафис гулчаларидан олган қувват ёрдамида эга бўласиз. Бундан ташқари цикламен сабаб, уйингизда тоза ҳаво, осойишта шароит юзага келади. Ва албатта бир-бирингизга қандайдир ёқимли, ширин тилак билдириш истаги туғилади.

Қандай бўлмасин уйингизда ўсимликлар парваришлашни тавсия этамиз. Улар хонангизга кўкр беради, хона ҳавосини тозалайди, қолаверса эстетик завқ бағишлайди.

Манба: ekolog.uz. Муаллиф: Хуршида Ғуломова

Улашиш: