Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Иқлим ўзгариши қорақалпоғистонлик деҳқонларга қандай таъсир кўрсатяпти?

21/Dekabr/2024 13:16
  1599

Жорий йилниннг 28 март куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Қорақалпоғистоннинг шимолий ҳудудларидаги фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқлимий барқарорлигини таъминлаш” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Журналистлар билан учрашув БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Гидрометеорология хизмати маркази ва БМТ Доиравий конвенциясининг Мослашув (Адаптацион) жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистоннинг қурғоқчил туманларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқлимий барқарорлигини таъминлаш” қўшма лойиҳасини амалга ошириш доирасида ташкил этилди. 

Иқлим ўзгариши ва унинг оқибатида юзага келадиган табиий ҳолатларга нисбатан чидамлиликни ошириш йўллари бутун дунё жамоатчилиги томонидан долзарб ва энг кўп муҳокама қилинаётган мавзу ҳисобланади. Салбий иқлим ўзгаришлари, шубҳасиз, Марказий Осиёдаги ривожланаётган мамлакатлар, айниқса Ўзбекистоннинг қурғоқчил ҳудудларида жойлашган минтақалар учун жиддий хавф солмоқда.

Иқлим ўзгариши ва ўзгарувчанлиги хавфли табиий ҳодисаларнинг тез-тез такрорланишига олиб келмоқда. 1970 йилдан 2012 йилгача жаҳонда 8835 та табиий офат, 1,94 млн. одам ҳалок бўлгани қайд этилган, умумий қилиб гидрометеорологик офат деб аталадиган об-ҳаво, иқлим ва сув билан боғлиқ офатлар натижасида келтирилган иқтисодий зиён 2,4 трлн. АҚШ долларини ташкил этган.

Жаҳон ҳамжамияти иқлим ўзгариши муаммосининг муҳимлигини эътироф этиб, уни барқарор ривожланиш мақсадлари рўйхатига киритди.

Мутахассислар баҳосига кўра, Ўзбекистон ҳудудида ҳароратнинг ўсиш тезлиги глобал тезликдан икки маротаба ошиқдир. Иқлимнинг салбий оқибатларига таъсирчанлиги бўйича Қорақалпоғистон ҳудуди етакчи ўринни эгаллайди.

Матбуот анжуманида Ўзгидромет раҳбари – бош директор вазифасини вақтинча бажарувчи Камилжон Арипов маъруза-тақдимот қилди. Унда иқлим ўзгаришининг долзарб муаммолари, унинг Ўзбекистондаги кўринишлари батафсил кўриб чиқилди, яқин келажакдаги иқлим ўзгаришларининг кутилаётган даражалари бўйича маълумотлар келтирилди, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларига таъсирчан ҳудудларда кўрилаётган мослашиш чоралари ва лойиҳани амалга оширишда кейинги вазифалар тўғрисида гапирилди.

Ҳозирги вақтда вужудга келган вазият иқлимга боғлиқ бўлган хавфли ҳолатларни олдиндан прогноз қилиш ва огоҳлантириш тизимларини, ҳамда иқлимий ва гидреметеорологик мониторингни ривожлантириш зарурлигини тақозо этади. Шу муносабат билан қайд этилганидек, бугунги кунда Қорақалпоғистонда 10 та метеорологик станция ва иккита гидрологик нуқталарни модернизация қилиш бўйича ишлаб олиб борилди, у ерда гидрометеорологик ахборотни автоматик равишда йиғиш ва узатиш учун ускуналар ўрнатилди. Мониторинг воситасида олинадиган маълумотлар иқлим ўзгаришига мослашув бўйича чора-тадбирларни режалаштириш ва амалга ошириш учун асос бўлади. Ишлаб чиқаришни об-ҳаво ва иқлим омилларига боғлиқлиги қанча паст бўлса, уни иқлимга бардошлилиги даражаси шунча юқори бўлади- бу эса мавжуд бўлган ер ва сув ресурсларидан рационал фойдаланиш туфайли юзага келади.

Тадбир давомида иштирокчилар эътиборига лойиҳа доирасида тайёрланган видеоматериаллар ҳавола этилди.

Шунингдек Ўзгидромет раҳбари ўз маърузасида агро ва сувни тежовчи технологияларни қўллашнинг умумий концепцияси ва уни Қорақалпоғистондаги пилот туманларда амалда қўлланганлиги ҳақида сўзлаб берди. Шуни таъкидлаш жоизки, юқорида келтирилган лойиҳа доирасида таклиф этилаётган  Қорақалпоғистон Республикаси фермерлари ва деҳқонларига қурғоқчилик шароитида кўмак бериш бўйича ландшафт даражасида мослашув амалиётларини ва бошқа чора-тадбирларни қўлланилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги Қарорида белгилаб берилган миллий устуворликларга мос келади ва барқарор ривожланиш мақсадларига етишиш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.

Манба: www.agriculture.uz


Улашиш: