Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Красcула (красула) - қут-барака ва давлат дарахти

23/Dekabr/2024 03:15
  1768

Ҳеч, бахт дарахти ҳақида эшитганмисиз? Пул дарахтиничи, кўрганмисиз? Гул шайдолари қайси ўсимлик ҳақида сўз бораётганини англаб етганлари аниқ. Ҳа, бу деярли ҳар бир гул ишқибозининг токчасидан жой олган Крассула гулидир.

Ер юзидаги 412 мингдан зиёд ўсимлик турларининг 30000 га яқинидан инсонлар кундалик ҳаётида фойдаланади. Наботат оламида шундай ўсимлик турлари борки, улар инсонларда энг нафис туйғу-гўзаллик ҳиссини уйғотади, хуш кайфият бағишлайди. Улар табиатга бўлган меҳр - муҳаббатимизни янада оширади.

Биз ҳикоя қилмокчи бўлганимиз крассула ўсимлигини кўпчилик гул ишқибозлари оилага қут-барака, давлат олиб келади, дея, астойдил ишонч билан, алоҳида эътибор ила ардоқлаб парвариш қилади. Унинг баргларини тангага, яъни пулга ўхшатишади ва шу сабаб ўсимлик халқ орасида пул дарахти номи билан оммалашган. Хаттоки, айрим манбааларда крассула хонанинг қайси бурчагига жойлаштирилса, оиланинг молиявий аҳволи яхшиланиши хусусида батафсил тавсиялар берилади. Унинг этдор барглари ўзига бойлик йиғади, кимнинг дарахти яхши парваришланган, гуркираб турган бўлса ана шу инсонга бойлик келтиради, деб хисоблайдиганлар хам кам эмас.

Ушбу ўсимлик турар жойимиз ҳавосини тозалашини, қалбимизда ижобий ҳис туйғуларни уйғотиб, яхши кайфият бағишлашини инобатга олсак, давлат деганда, инсоннинг асосий бойлиги бўлган саломатлиги назарда тутилгандир, балки. Яна ким билсин? Нима бўлганда ҳам, бу ишонч бизнинг ўсимликка бўлган меҳримизни ва эътиборимизни янада ошишига, яхшиликка хизмат қилади.

Зеро, хонаки ўсимликлар табиатнинг бетакрор манзараларини хона шароитида мужассамлаштириш имкониятини беради. Бундан ташқари ўзига хос микроиқлимни ҳосил қилиб, ҳавони турли хил чанглардан, касаллик қўзғатувчи микроблардан тозалайди, намлик даражасини 50% гача оширади. Хона шароитида ўстирилаётган ўсимликларнинг фойдали хусусиятларидан яна бири шуки, улар карбонат ангидрид гази чиқаришдан кўра кўпроқ ютади. Масалан, хона шароитида ўстирилаётган 60 туп ўсимлик чиқарган карбонат ангидрид миқдори бир киши нафас олиб чиқарган карбонат ангидрид миқдоридан ошмас экан.

Крассула- хонаки ўсимликлар орасида энг чидамли ва парваришлаш осон гуллардан ҳисобланади. Уни ёруғлик тушиб турувчи токчага жойлаштириш ва фақатгина тупроғининг устки қисми қуриганда суғоришга алоҳида эътибор беринг. Мана шу оддийгина икки қоидагага амал қилсангиз ушбу бахт дарахти хонадонингизда узоқ йиллар давомида, ҳеч қандай муаммосиз яшайди.

Crassulaceaе, яъни Семизакдошлар оиласининг асосий турлари суккулентлардир. Гулларининг шакли, рангги ва хушбўйлигидан қатъий назар ўзига хос морфологик тузилиши, яъни серэт, сершира тана ва барглари, шунингдек, сояга ва совуққа чидамлилиги оиланинг муҳим белгиси ҳисобланади.

Крассуланинг турлари жуда куп. Улар орасида энг кўп тарқалгани дарахтсимон красуладир. Дарахтсимон крассуладан ташқари кумушсимон ва овалсимон крассула хам пул дарахти деб номланади. Унинг барглари турфа рангларда бўлиши мумкин. Жумладан, яшил, тўқ яшил ёки кумушранг, қизғиш хошияли ёки барги атрофи қизил доғ билан ўралган турлари бор. Уларнинг барчаси уй шароитида жуда яхши ўсади ва 1-2 метргача бўй чўзади.

Крассула барча суккулентлар каби баргида намлик заҳирасини йиғади. Бу  хусусияти унга, ватани- Мадагаксар ва жанубий Арабистон, ҳамда Африканинг қуруқ ва нокулай об-ҳаво шароитида  бардош билан яшашига имкон беради.

Одатда хушбўй, мафтункор ва чиройли гулловчи ўсимликлар кўпроқ киши эътиборини ўзига жалб қилади. Кўпчилик красулани гулламайдиган ўсимликлардан деб билади ва улар қаттиқ янглишади. Бу ўсимликни жуда нафис, майда чечакларга бурканганда чинакам тароватини кўришингиз мумкин. Бу мўъжазгина мўжизанинг қачон очилишини хаттоки, моҳир гулчилар хам аниқ айта олмайдилар. Чунки крассуланинг нафақат дарахтга айланган бақувват бутаси, балки, ёш ниҳоли хам гулга кириши мумкин. Сизнинг пул дарахтингиз хам гулга кириши мумкин. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ушбу ўсимлик хадеб бир жойдан иккинчисига олиб, безовта килинавермаса унинг гуллаганини кўриш  эътимоли юқорироқ бўлади. Яъни, дарахт бир жойда кўкаради, иборасини эслаш кифоя. Ва албатта, ҳар қандай тирик мавжудот меҳрдан сув ичишини унутмасангиз бас. Олимларнинг таъкидлашларича, шундай гул ва ўсимликлар борки, улар компьютерда ишловчи, уй-рўзғорда қўлланадиган электр асбобларни кўп ишлатадиган кишиларни электромагнит майдони таъсиридан сақлайди. Мухаббат билан парваришланган крассула эса қувват булоғи деб таърифланади.

Бир қатор хонаки ўсимликлар каби Красулани ҳам  шунчаки тайёр дарахт холида сотиб олиш эмас, балки  нихоллигидан ардоқлаб, чин юракдан севиб парваришлаш тавсия  этилади. Ана шунда кутилган натижага эришасиз, гулингизга қандай парвариш кераклигини яхши биласиз, ва кўникиб қолган иқлимида яшнаб ўсишига имкон берган бўласиз.

Красулани парваришлаш. Бу ўсимлик уруғи ва қаламчасидан кўпаяди. Уруғидан кўпайтириш учун ясси саёз идишлар уруғ сепиб, то нихол униб чиққунча сув пуркаб турилади, ёки мўл сувга бўктириб қўйилади. Бу вақтда фуёш нури ва шамолдан пана ерга жойлаштирилади.

Уруғ таҳминан 2 ҳафтада униб чиқади. Кўкартирилган кўчатлар махсус аралашмали тупроққа экилиб, ёруғликка яқинроқ жойга қўйилади. Гултувакнинг чуқурлиги ёш ўсимлик учун 6-7 см дан ошмагани маъқул. Суткада бир марта суғорилади.  Шу тарзда крассулани ривожланишига қараб парваришлашни давом эттираверасиз.

Красулани шохи ёки баргидан қаламча олиб, тупроққа экиб қўйиш ҳам мумкин. Бироқ бироз вақт кетса ҳам каламчани сувда илдиз оттириб олиб, кейин экишни тавсия қиламиз. Бу усул  ишончлироқ.

Амалга кириб, катта бўлиб қолган крассулага ёз мавсумида ҳар куни сув қуйилади. Қишда эса суғориш чегараланади. Бироқ бутунлай қуриб қолишини кутиш керак эмас.

Крассулага сув пуркаш яхши самара беради. Бироқ шуни унутмаслик керакки,  сув пуркалган ўсимликни суғориш шарт эмас. Чунки у ўзига керакли намликни баргларидан олади.

Кактус учун тайёрланадиган тупроқ озуқаси суккулентлар учун хам жуда мос келади.  Бўлар: чимли, ҳазонли чиринди, қумли аралашмадан ташкил топади. Ёки кул, чириндига бой қора тупроқ, майдаланган ғишт хам ўсимлик учун яхши озуқа бўлади. Албатта тупроқнинг захини қуритиш керак. Тувакка кўчириб ўтказиш ўсишига қараб 2-3 йилда бир марта амалга оширилади.

Кўпчилик крассуланинг баланд бўйли бутасига қизиқади. Бироқ, бақувват ўсимликни туғри парваришлаш учун унинг тувагига ҳам алоҳида эътибор берилади. Масалан, ўсимлик илдизи, йирик бутани кўтаролмай қулаши ва синиши мумкин. Шу боис катта гул ўлчамига мос шаклдаки, оғир ва етарлича чуқур гултувак танланади. Шунингдек, крассула йил давомида ёруғликка эҳтиёж сезади. Уларга асло қоронғу хонадан жой ажрата кўрманг.

Бу ўсимлик шубхасиз ёруғликни талаб қилади. Шундай бўлсада, қуёшнинг тик тушувчи нурларидан ҳимоялаш керак. Акс ҳолда барглари ўз рангини йўқотиб, сарғайиб кетиши мумкин.

Ўсимликларни жойлаштириш тартиби ҳам худди суғориш ишлари каби ҳар битта гулнинг табиати ва хусусиятидан келиб чиққан ҳолда хонага, махсус белгиланган жойларга қўйилади. Улар хона бўйлаб шундай қўйилиши керакки, барча тувакдаги гуллар шакли, ранги, гулларининг туси, тувакларнинг катта-кичиклиги билан уйғун ҳолда хонага ўзгача чирой, файз бахш этсин. Шунингдек, ҳар бир тувакдаги гул ўзига керакли миқдорда ёруглик ва иссиқлик олсин. Шифти баланд, дераза ойналари кенг ва катта бўлган хоналар дераза токчасига катта тувакдаги гулларни қўйиш мумкин. Агар хона деразаси кичкина бўлса, катта тувакдаги гулларни полга қўйса ҳам бўлади. Хона деразаси жанубга қараган бўлса токчага биринчи қаторга кактус, алоэ гуллари қўйилади, иккинчи қаторга эса азалия, агава, жасмин, олеандр, камелия каби гуллар қўйилади. Ландшафт дизайнерлар бугун  хонани безатишда крассула ўсимлигидан  кенг фойдаланмокдалар.

Баъзи мутахассислар эса крассула ва кўплаб суккулент ўсимликлардан гул композициясида фойдаланмасликни маслаҳат берадилар. Уни шунчаки чиройли, антиқа тувакка ўтказиб, офислар учун яшил бурчак ташкил қилиш мумкин, деб ҳисоблайдилар.

Бу гулга кушандалар шикаст етказа олмаслиги мумкин, бироқ уни қанчалик парваришламанг, унга яқин борган инсоннинг рухий ёки жисмонан дарди бўлса ўсимлик касалга чалиниши ва ҳатто бутунлай қуриб қолиши мумкин экан. Демак, бу гуллар бизга эстетик завқ бағишлабгина қолмай, дардимизни ҳам олар экан-да.

Хона шароитида гулларни ўстириш қачон ва қандай бошланганини айтиш қийин. Шундай бўлса-да яшаш жойи ва унинг атрофи ҳар доим баҳордагидек  кўм-кўк  бўлишини истаган, қолаверса,  ҳаётдан гўзаллик излаган кишилар ниятидан бошланган дейиш мумкин. Ана шундай гўзаллик шайдолари, гул шайдоларининг сафи бугун янада кенгайгани  қувонарлидир.  Улар туфайли борлиқ  гулларга  бурканади. Гуллар эса шубҳасиз, ҳар қандай инсонга завқ бағишлайди.  Барчангизга завқли онлар ва аъло кайфият ҳамиша ёр бўлсин.

Манба:  ekolog.uz. Муаллифлар: Х. Ғуломова, З. Қурбанов

Улашиш: