Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Картошкани қандай суғориш керак?

23/Dekabr/2024 13:06
  1546

Картошка намсевар, сувга талабчан ўсимлик, бинобарин, ундан мўл ҳосил етиштириш учун тупроқ нами доимо етарли бўлиши шарт. Бу экин ўсув даврида сувни бир хилда талаб қилавермайди, палаги ўсган сари унинг сувга талаби орта беради. Айниқса, гуллаш даврида тупроқ доимо сернам бўлиши лозим.

Акс ҳолда буғланиш (транспирация) ва фотосинтез жараёни қисқаради, ўсимлик ўсишдан тўхтайди, туганаклар озиқ моддалардан фойдалана олмай ривожланишдан орқада қолади. Орадан маълум вақт ўтгандан кейин суғорилганида эса, туганаклар қайтадан ўса бошлайди, лекин у болалаб кетади ва туплари кўклайди.

Мамлакатимизда картошкадан юқори ҳосил етиштириш учун тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги камида 75–80% бўлиши керак, ана шунда ўсимлик яхши ўсиб-ривожланади.

Бўз тупроқли ерларда тупроқ нами 75–80 фоиздан кам бўлмай сув даланинг 70 см. ли қатламини намласа, ҳар гектардаги картошка 400–450 м3 ҳисобида, ботқоқ ва ботқоқ-ўтлоқ тупроқли ерларда эса бундан кўра бир оз камроқ меъёрда суғорилиши керак. Картошкани неча марта суғориш унинг қайси муддатда экилишига қараб белгиланади.

Картошка баҳорда экилганида ўсув даври ҳавонинг салқин ва тупроқнинг сернам пайтига, ҳосил тўплаш даври эса ёзнинг айни қизий бошлаган вақтига тўғри келади. Шунинг учун ҳам эртаги картошка ҳосил тўплаш (туганаклаш) пайтида ҳар 5–6 кунда суғоришни талаб қилади.

Шу тартибда суғорилганда фақат ўсимликнинг чанқови қондирилмасдан, балки қизиб ётган тупроқ ҳарорати ҳам анча пайсайтирилади.

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги илғор картошкачилар сизот суви чуқур жойлашган бўз тупроқли ерларда эртаги картошкани суғоришни апрелнинг иккинчи ярмидан, яъни ёғин-сочин деярли ёғмайдиган пайтдан бошлайдилар.

Картошка туганаклагунча экин ҳар 7–8 кунда, туганаклаш даврида эса ҳар 4–5 кунда суғориб турилади.

Ҳаво ҳаддан ташқари исиб кетган пайтларда эртаги картошкани ҳар 3–4 кунда кечаси суғориш ниҳоятда фойдалидир. Кечаси суғорганда тупроқ батамом намлангандан кейин орадан 1–2 кун ўтказиб яна суғориш керак.

Тошкент давлат аграр университетининг ўқув-тажриба даласида картошка ҳар 6–7 кунда суғорилган ернинг ҳар гектаридан 21,2 т, 3–4 кун оралатиб суғорилган пайкалдан 22,5 т ва кечаси суғорилган далаларнинг гектаридан эса 24,9 т. га етказиб ҳосил етиштирилган.

Картошкага сув тунда жилдиратиб, яъни гектарига 250–300 м3 ҳисобида қуйилиши лозим.


Манба:  Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги портали

Улашиш: