Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Сабзавотларни такрорий етиштириш учун экинларни қачон экиш керак?

23/Dekabr/2024 11:23
  1809

Эртаги сабзавот, картошка ва ғалла ҳосили йиғиб олинган майдонларга такрорий экин экиш учун тайёрлашда, аввало, ишни ўтмишдош ўсимлик қолдиқлари ва бегона ўтларни тозалашдан бошлаш зарур. Бунда ўсимлик қолдиқлари томорқа чеккасига чиқарилиб, ер қондириб суғорилади.

Ер етилиши билан гўнг ёки компост сепилади, 25–28 см чуқурликда юмшатилади ва эгатлар олинади.

Томорқаларга июнь ойи иккинчи ярми ва июлнинг биринчи ўн кунлигида бодрингнинг Марғилон-822, Наврўз, Ўзбекистон–740, Ранний–645, F1 Алиби Аякс Микс навларини; сабзининг Мирзои сариқ–304, Мирзои қизил–228, Шантанэ–2461, Нантская–4, Нурли, Зийнатли навларини; ош лавлагининг Бордо–237 навини экиш тавсия этилади.

Картошка. Томорқаларга июнь ойининг учинчи ўн кунлиги ёки июль ойининг 1–2-ўн кунлигида картошканинг Санте, Ред скарлет, Зарафшон каби эртапишар, Аринда, Белуга, Виктория, Умид, Кондор, Драга, Корлена, Латона, Палма, Марфона, Пикассо, Романо каби эртапишар, Тўйимли, Ақроб, Диамант, Симфония каби ўртапишар навларини экиш юқори ҳосил олишни таъминлайди.

Чет элдан келтирилаётган уруғлик картошка экиладиган дала эгати олиниб суғорилган бўлиши керак. Картошка экилгач, тезда суғорилади. Агар ер тайёрлаб қўйилмаган бўлса, картошка қопи билан ёки ерга юпқа қилиб, офтоб тушмайдиган салқин жойга тўкиб қўйилади. Экиш муддати 20 июндан то 20 июлгача, 70х30 см схемада экилади. Унда олдин ўртапишар навлар, кейин ўртаки ва охирида эртапишар навлар экилади.

Укроп. Июль ойининг учинчи ўн кунлиги ўсув даври қисқа бўлган сабзавотлардан шолғомнинг Муяссар, Самарқанд маҳаллийси каби ўртаки, Наманган маҳаллийси ва бошқа эртаки навларини, кўкатлардан укропнинг Узбекский–243, Ором навларини экиш тавсия қилинади.

Бегона ўтларни ўташ лозим. Ўтларни йўқотиш билан бирга ортиқча ниҳолларни ягана қилиш керак. Орадан 20–25 кун ўтгач эса, майдондаги бегона ўтларни иккинчи марта ўтаб, ўсимликларни ягана қилиб, кейин ўсимликларни озиқлантириб, суғориш тавсия этилади.

Кечки карам кўчатлари тўлиқ тутиб олгач, сабзи, ош лавлаги, картошка туганаклари ҳамда бодринг ниҳоллари ердан тўлиқ униб чиққач, ўсув даври давомида экин турига мувофиқ 8–12 кун оралатиб 2–3 марта суғориш, ўсимлик қатор ораларини 8–12 см чуқурликда юмшатиш бегона ўтларни йўқотади, тупроқда нам ва ҳаво сақланишини яхшилайди, ўсимликларнинг ўсиб-ривожланишига қулай шароит яратади.

Шолғом ва турп уруғи асосан августда сепилади. Бунда шолғомнинг Наманган маҳаллийси, Самарқанд маҳаллийси, Муяссар, турпнинг Андижон–9, Марғилон маҳаллийси, дайкон ёки япон турпининг Куз ҳадяси ва Содиқ навларини экиш тавсия этилади.

Мазкур экинлар уруғи мамлакатимизнинг марказий минтақасида жойлашган ва водий вилоятларида 1–15 августда, шимолий ҳудудларда 25 июль-10 август ва жанубда 20 август-20 сентябрда сочма қилиб экилади. Эгат ораси 70 см ёки 60 см бўлиши лозим.

Бунда турп уруғи 10 сотихга 400–500 г, шолғом уруғи эса 200–300 г меъёрда сарфланади. Турп уруғи 2 см, шолғом уруғи эса 1,5 см чуқурликда экилади. Хаскаш ёрдамида тупроққа аралаштирилади.

Экин парваришда бегона ўтларни йўқотиш, ягана қилиш, эгат бағрини юмшатиш ва зарарли ҳашаротларга қарши курашга жиддий эътибор бериш зарур.

Пиёз уруғи августнинг иккинчи ярми, сентябрнинг биринчи ўн кунлигида сепилади. Бунда пиёзнинг маҳаллий эртапишар Сунбула навини экиш тавсия этилади.

Пиёз уруғи ернинг нишаблигини инобатга олган ҳолда 70–90 см оралиқда сочма ҳолда сепилади. Уруғларнинг 1,5–2 см чуқурликка кўмилишини таъминлаш мақсадга мувофиқ.

10 сотихга 1,4–1,6 кг уруғ сарфланиб, кўчат ораси 5–6 см. ни ташкил этади.

Дастлаб ўсимликларнинг бўйи 6–8 см. га етганда, иккинчи марта боғлаб чиқариладиган товар ҳолига келганда экин икки-уч марта ўтоқ ва ягана қилинади. Қатор оралари 15–16 см чуқурликда юмшатилади.

Кўзланган ҳосилни олиш учун томорқага маҳаллий ўғит бериш мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, пиёзни кўчат қилиб экиш ҳам мумкин. Бунинг учун юқоридаги экиш муддатида 0,1 га майдонга 4–5 кг уруғ сепилади ва пиёз кўчати 2–4 барг чиқаргандан сўнг томорқага ноябрь-февраль ойида кўчириб ўтқазилади.

Бунда уруғ 3–4 баробар кам сарфланади ҳамда ўтоқ ва ягана қилиш учун меҳнат сарфи камаяди ва маҳсулотнинг товарбоплиги юқори бўлади.

Манба:  Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги портали

Улашиш: