Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Сигирларни серсут қилиш чоралари

22/Dekabr/2024 23:57
  1352

Сигирлар серсутлигини кўтариш — уларнинг потенциал маҳсулдорлик хусусиятларини ишга солишга қаратилган комплекс тадбир ҳисобланади. Соғимни режалаштириш, бўғоз сигирларни дам олиш даврида парваришлаш ва туғишга тайёрлаш, соғим сигирларни тўйимли озиқлантириш, соғиш техникасини тўғри ташқил этиш, сигирларни ўз вақтида уруғлантириш ва рационал сақлаш шулар жумласига киради.

Бўғоз сигирларни дам олиш учун ўз вақтида сутдан чиқаришга аҳамият берилади. Бунинг учун қочирилган вақтини аник билиб, ҳомиланинг еттинчи ойлиги охири ва саккизинчи ойлиги бошида 5-6 кун давомида сигирлар сутдан чиқарилади. Сутдан чиқаришда озиқлантириш меъёрини пасайтиришга, озуқанинг ширали ва кучли қисмини камайтиришга эътибор қаратилади. Сигир елини маститга чалинганлигига текширилади. Соғиш сони камайтирилган холда кунора соғилиб сутдан чиқарилади. Дам олишга чиққан сигирларни алохида сақлаш, маҳсулдорлиги, ёши ва тирик вазнига қараб озиқлантиришга эътибор берилади. Бу ҳолатда сигирлар ҳар куни 3-4 соат давомида актив ҳаракатдаги моционда бўлиши ва 3- 4 километр масофани ўтиши тавсия этилади. Сигирларнинг дам олиш даврида танасида жамғарган озиқ моддалари захираси туққанидан сўнг сут ҳосил қилиш учун сарфланади. Чунки янги туққан сигирлар кўп миқдордаги озиқни истеъмол қилишга физиологик томондан тайёр бўлмайди. Шу даврда маҳсулдор сигирлар бераётган сут миқдорининг 50 фоизига яқини танада тўпланган захира ҳисобидан ҳосил бўлади.

Туққан сигирлар сутдорлигини яна хам кўтариш мақсадида енгил ва тез истеъмол қилинадиган кучли озиқалар бериш тавсия этилади. Ўзбекистон чорвачилик илмий-тадқиқот институтининг маълумотига кўра, серсут сигирлар рационида бешинчи кундан то биринчи куйикиш даврига қадар концентрат озиқалар миқдорини хар куни 500 граммдан кўпайтириб бориш сутдорлигининг кўтарилишига ижобий таъсир кўрсатган. Масалан, сигирларнинг сутдорлиги бешинчи кунда 8-9 килограмм бўлса, 20 кунга бориб 16-19 килограммга кўтарилган. Бешинчи кунда ҳар килограмм сут ҳосил бўлиши учун 0,4-0,5 озиқа бирлиги сарфланган бўлса 20 кунда 0,8- 0,9 озиқа бирлиги сарфланган ёки рациондаги концентрат озиқалар миқдори 1 килограммдан 8 килограммгача кўтарилган. Бу тадбирлар Голландия услуби ҳисобланади. Сигирлар серсутлигини оширишда бўғоз сигирларни дам олиш даврида тўйимли озиқалар билан озиқлантириш меъёри ва уларни сақлаш шароитлари мухим аҳамиятга эга. Уларнинг маҳсулдорлик хусусиятларига қараб озиқлантириш меъёрини кўтариш уларнинг организмида дам олиш даврининг охиригача озиқалар захирасини жамлайди ва туққан даврида сутдорлигини тезда кўтарилишига замин яратилади. Жумладан, Ғ.У.Носировнинг бу борада ўтказган илмий ишларида назорат ва тажриба гуруҳларидаги бўғоз сигирлар 61-63 кунлик дам олиш даврида ҳар хил озиқлантириш меъёрида боқилган. Назорат гуруҳига қараганда тажриба гуруҳларида рацион тўйимлиги 15 ва 30 фоизга юқори бўлганда сигирларнинг туғишга тайёргарлик ҳолати юқори бўлиб, организмда қувват кўпроқ жамғарилган. Туққандан сўнг уларнинг сутдорлиги жадал кўтарилган хамда лактация даврида кўп миқдорда сут берган.

Янги туққан сигирларга соғимнинг 10-12 кунидан бошлаб нормадаги рационга 2-3 озиқа бирлиги ҳисобидан аванс миқдоридаги концентрат ва илдизмевали озиқаларни қўшиб бериш билан уларнинг сутдорлигини кўтаришга эришилган. Сигирлар 90-100 кун мобайнида уларнинг кунлик сут миқдори ҳар 10 кунда кузатиб борилади ва шунга қараб, ҳар 10 кунликда рационга ўзгартиришлар киритилади. Сут миқдори энг юқори нуқтага етгач қўшимча озиқа бериш тўхтатилади. Сўнгра рационнинг тўйимлиги сигирлар берган сут миқдорига қараб тузилади. Серсутликни кўтариш даврида сигирлар кунига уч маротаба соғилади. Сутдорликни оширишга қаратилган комплекс табирларни, айниқса, биринчи туққан сигирларда ташкил қилиш мухим ахамиятга эга. Чунки назорат молхоналарида бўлган биринчи туққан сигирлар 90-100 кунлик сут миқдори бўйича баҳоланиб, подани тўлдириш учун танлаб олинади.

Шундай қилиб, сигирларнинг сут сифати ва унинг кимёвий таркиби молларнинг ирсий хусусиятлари билан биргаликда турли ижобий таъсир этувчи омилларга боғлиқ равишда ўзгаради.

Сигирларни соғиш техникасидан тўғри фойдаланиш, уларнинг физиологик ҳолатларига караб озиқлатиришни юқори меъёрда ташкил этиш, сақлаш шароитларини яхшилаш хамда серсутлигини ошириш комплекс тадбирлар ишга солинганда маҳсулдорлик янада ортади.

Манба: Носиров У.Н.(2001). Қорамолчилик. Тошкент, «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти.

Улашиш: