Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Паррандачиликда баҳорги тадбирларни сифатли ўтказиш бўйича тавсиялар

21/Dekabr/2024 05:45
  1522

Паррандачилик аҳолини қисқа муддат ичида озиқ-овқат маҳсулотлари (тухум ва парранда гўшти) билан таъминловчи соҳалардан бири ҳисобланади.

Паррандачилик хўжаликларида боқилаётган товуқлар ўзларининг генетик (маҳсулдорлик) потенциалини тўлиқ намоён қилиши, юқори маҳсулдорликни таъминлаб, кўп миқдорда тухум олиши учун уларни мувозанатлаштирилган озиқлантириш рационлари билан боқиш керак. Паррандалар учун тайёрланган омухта емлар алмашинув энергияси, тўйимли моддалар ва витаминлар бўйича мувозанатлаштирилган бўлиб, кунлик эҳтиёжини қондириши лозим. Товуқлар учун қуйидаги омухта ем структураси тавсия қилинади (% ҳисобида): донли озуқалар – 60-75, буғдой кепаги – 0-10, шротлар – 8-20, ҳайвон оқсилига оид озуқалар (балиқ уни, гўшт-суяк уни ва бошқалар) – 2-6, беда уни – 0-10, минерал озуқалар – 7-9, ёғлар – 0-3. 100 кг омухта емга 0,2-0,3 % миқдорда, яъни 200-300 г ош тузи қўшилиб, яхшилаб аралаштириб берилади.

Тайёрланган омухта емларга тавсия қилинган меъёрларга асосан витаминлар қўшилади. Витаминлардан тайёр ҳолдаги 0,1 ёки 0,2 фоизли витаминли-минералли премикслар ёки суюқ ҳолдаги витаминларни (Тривит, Тетравит, Рекс Витал, Чиктоник ва бошқ.) қўшиш мумкин. Товуқларга берилган омухта емнинг ҳазм бўлиши ва рациондаги тўйимли моддалардан фойдаланиш самарадорлиги рационда майдаланган тошнинг (гравий) бўлишига боғлиқ. Шунинг учун товуқларнинг рационига катталиги 4-6 мм. бўлган майда тош (гравий) киритиб, бир бошга бир ҳафтада 5 г бериш тавсия қилинади. Озиқлантириш рационлари ва омухта ем рецептлари хўжаликдаги озуқа турларининг мавжудлиги, яъни озуқа базасидан ҳамда иқтисодий шароитдан келиб чиққан ҳолда турли вариантларда ишлаб чиқиш мумкин. Омухта емларга товуқларнинг маҳсулдорлик даврига қараб, талаб этиладиган меъёрларда синтетик аминокислоталардан метионин ва лизин қўшилади.

Кейинги йилларда паррандаларнинг омухта емлари биологик актив қўшимчалар билан бойитилмоқда. Озуқа қўшимчалардан фермент препаратлари, пребиотиклар, пробиотик, микотоксинларни зарарсизлантирувчи препаратларни омухта емларга киритиш мумкин.

Товуқлар ҳар доим узлуксиз, етарли даражада тоза ичимлик суви билан таъминланган бўлиши керак. Паррандахонадаги товуқлар учун ҳавонинг мақбул ҳарорати 18-20оС, нисбий намлиги 60-70 % ҳисобланади.

А.НУРМАТОВ, Б.АЛЛАШОВ, Б.ЖУМАДУЛЛАЕВ, Р.РЎЗИЕВ, О.ТЎРАЕВ


Улашиш: