Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Асаларилар билан ишлашда нималарга диққат қилиш керак?

22/Dekabr/2024 15:08
  1367

Асаларилар табиатан тинчликсевар мавжудотлар ва сабабсиз бировга ҳужум қилмайди. Айни пайтда барча бошловчи асаларичилар риоя қилиши лозим бўлган бир неча оддий қоида мавжуд.

Биринчи қоида

Асаларилар билан ишлаш пайтида одеколон ёки атирдан фойдаланманг, ўткир ҳидли нарсалар (масалан, пиёз, саримсоқпиёз) еманг, шахсий гигиенага риоя қилинг. Гап шундаки, асаларилар ҳидларга ниҳоятда таъсирчан. Ўткир ҳидлар ариларнинг жаҳлини чиқаради ва улар сизни чақиши мумкин.

Иккинчи қоида

Асаларилар соч, жун ва тўқ рангларни ёмон кўради. Соч ёки соқолга тушиб қолса, улар ўралашиб қолади, қўрқади ва ҳужумга ўтади.

Учинчи қоида

Кескин ҳаракатлар қилманг. Асаларилар хўжалигида югуриш, қўл силташ ва бошқа кескин ҳаракатлар қилиш уларни чўчитади ва улар тажоввузкор бўлиб қолади. Шунингдек, уяга кўзи томонидан яқинлашманг.

Тўртинчи қоида

Асаларилар билан ишлашда албатта олдида тўри бор бош кийим ва оқ халат кийинг.

Умуман, эътиборли бўлинг ва айнан нима асаларилар ғашига тегаётганлигини тушуниб оласиз. Вақт давомида улар билан мулоқот қилиш бўйича ўз стратегиянгизни ишлаб чиқасиз.

Барибир сизни ари чақиб олса, нишни тирноғингиз билан чиқариб олинг, аммо заҳри бор пуфакка тегманг. Дарҳол хўжаликдан чиқиб кетинг, чунки заҳарнинг ҳиди бошқа асалариларни ҳам тажоввузкор қилиб қўйиши мумкин.

Чақиш жойи шишиб, қичий бошласа, совуқ компресс қўйинг. Доғлар пайдо бўлиб, юрак уруши тезлашса, дарҳол шифокорни чақиринг. Адреналин ёки эфедрил заҳарга қарши таъсир кўрсатади, аммо уларни фақат шифокор кўрсатмасига кўра қабул қилинг.

Манба:  Минзафаров М., Музафарова Н. Бошловчи асаларичилар учун асаларичилик.

Улашиш: