Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Цитрус экинларининг антракноз касаллиги

23/Dekabr/2024 01:46
  1307

Касалликни ёстиқчали целомицет Colletotrichum gloeosporioides қўзғатади. Касаллик дунёнинг ҳар хил мамлакатларида тарқалган. Тожикистонда иситилмайдиган полиэтилен пардали лимонарийларда ва траншеяларда антракноз жуда зарарли эканлиги хабар қилинган. Касаллик Ўзбекистонда учраши ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.

Касаллик белгилари ва ривожланиши. Цитрус экинларининг барглари, новдалари ва мевалари зарарланади. Баргларнинг ҳар икки томонида яққол кўринувчи олдин оч-жигарранг, кейин кулранг тусли, думалоқ шаклли доғлар пайдо бўлади. Нам об-ҳавода баргнинг устки томонидаги доғларда, концентрик доиралар шаклида, қора тусли нуқталар – замбуруғнинг конидиофора ва конидияларидан ташкил топган ёстиқчалар ривожланади. Новда учлари олдин жигарранг, кейин оч-сариқ тус олади ва қуриб қолади. Меваларнинг қобиғи, кўпинча мева бандлари бўлган жойлардан бошлаб, тўққўнғир доғлар билан қопланади. Доғлар ўсади, бироз ботиқ шакл олади, улар остидаги тўқима юмшайди, буришиб қолади. Нам об-ҳавода новда ва меваларда ҳам ёстиқчалар ҳосил бўлади. Чириш мева ичига секин тарқалади.

Экин ичида қўзғатувчи ёмғир ва шамол воситасида конидиялари билан тарқалади. Қишда ҳарорат кескин ўзгариб туриши, экинга элементлар баланси (меъёрлари) сақланмаган ўғит бериш ва бошқа ўсимликни заифлаштирувчи факторлар касаллик кучайишига олиб келади.

Антракнознинг зарари ўсимликнинг айрим қисмлари нобуд бўлиши, ҳосил ва унинг сифати пасайиши, дарахтларнинг яшаш муддати камайиши билан ифодаланади.

55-9.jpg (47 KB)

Бу замбуруғ цитрус экинларида қуйидаги касаллик белгиларини қўзғатади:

- гуллаш тугашидан кейин ёш мева тугунчалари тўкилади;

- цитрус экинлари меваларининг жароҳат олган қобиқларида қўнғир-қора, диаметри 1,5 см ёки каттароқ доғлар пайдо бўлади. Улар остидаги тўқима қаттиқ ва қуруқ, ёки зарарланиш чуқурроқ тарқалганда, юмшоқ бўлиши мумкин. Нам шароитда зарарланган тўқима устида кўп споралар пайдо бўлади, спора массаларининг туси нимранг ёки қизғиш-нимранг, қуриганда қўнғир-қора;

- меваларни сақлаш пайтида касалликка мойил мандарин навларининг мевалари қобиғида оқ-кумуш тусли, терисимон жойлар пайдо бўлади, кейинроқ қобиқ қўнғир-кулранг тус олади ва охирида юмшоқ чирийди;

- совуқ ва сернам ҳаво таъсирида бўлган цитрус, айниқса грейпфрут мевалари қобиғи бурушиқ бўлиб, унда суюқлик томчилари пайдо бўлади (аммо бу белгилар антракноз туфайли ҳосил бўлиши аниқ исбот қилинмаган).

Манба: Ҳасанов Б. А., Очилов Р.О., Гулмуродов Р.А. (2010). Мевали ва ёнғоқ мевали дарахтлар, цитрус, резавор мевали буталар ҳамда ток касалликлари ва уларга қарши кураш. Тошкент.

Улашиш: