Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Олманинг ун-шудринг касаллиги

22/Dekabr/2024 21:50
  1555

Касаллик белгилари. Ун-шудринг дарахтларнинг барг, гулкосабарглари ва меваларини, барг ва мева бандларини, новда ва куртакларини зарарлайди. Олдин баргларнинг остки томонида оқ ёки оч-кулранг, унсимон ғубор пайдо бўлади. Кейинчалик баргнинг устки томонида, ғубор пайдо бўлган ойларнинг қаршисида, хлоротик (оқиш) доғлар ривожланади. Вақт ўтиши билан ғубор баргнинг ҳар икки тарафига тарқалади ва баргларни бутунлай қоплаб олиши мумкин. Барглар буралиб, қайиқсимон, усти ғадир-будур шакл олади, кичик бўлиб қолади (катталиги соғлом баргларнинг 1/3 қисмига тенг бўлиши мумкин). Улар ерга тушиб кетади: август ойининг ўрталарида дарахтдаги баргларнинг ярми тўкилиши мумкин.

Зарарланган новдалар ўсишдан орқада қолади, усти кумушсимон оқишкулранг ғубор билан қопланади, бўғин оралари калта бўлиб қолади. Ёз ўрталарида барг ва новдадаги ғуборлар қўнғир тус олади, уларнинг ичида ва устида замбуруғ жинсий босқичининг мева таначалари – клейстотецийлар ривожланади.

Баҳорда зарарланган олма новадаларидаги куртаклар соғломларидан 5-8 кун кейин ёзилади, гулкосабарглари устида оқиш ғубор пайдо бўлади, улар оқиш-сарғиш ёки оч-яшил тус ва хунук шакл олади, кичрайиб қолади ва одатда мева тугмайди.

Зарарланган олма меваларининг ўсиши секинлашади, усти қўнғир, тўрсимон доғлар билан қопланади, ёш мевалар тўкилиб кетади.

Зарарланган нок мевалари устида оқ ғубор пайдо бўлади, июнь ойида ғубор йўқолади, унинг ўрнида тўрсимон доғлар ва нобуд бўлган ҳужайралари қолади. Мева ўсиши билан бу доғлар ҳам катталашади.

Ёш ўсимликлар айниқса кучли зарарланади, кўчатзорларда касаллик ниҳолларга катта зарар етказади, уларнинг барча баргларини зарарлайди ва новда ўсишини сусайтиради, новдалар қўнғир тус олиб, қуриб қолади, ниҳоллар бутунлай қуриб қолиши мумкин.

Касалликнинг зарари. Касалликнинг ҳосилга таъсири об-ҳаво, нав чидамлилиги ва қўлланилган агротехника усуллари билан боғлиқ; у олма ва нок дарахтларида барглар тўкилиши туфайли, дарахт кучсиз бўлиб қолиши ва мева ҳосили камайишига ҳамда уларнинг сифати (бозорбоплиги) пасайишига олиб келади. Олма ва нок кўчатзорларида энг хавфли касалликлардан бири ҳисобланади.

Зарарланадиган экин турлари. Замбуруғ асосан олмани, камроқ даражада нокни зарарлайди.

Касаллик ривожланиши. Инфекциянинг баҳоргача сақланадиган миқдори қиш қанчалик совуқ келгани билан боғлиқ. Қишда -24оС ёки пастроқ ҳарорат кузатилса, зарарланган куртакларнинг 95 фоизи ҳалок бўлади;  -12оС га яқин совуқ кузатилса куртак ичидаги мицелий ҳалок бўлади ва куртакдан соғлом барглар ривожланади. Қишлаган мицелий устида конидиялар пайдо бўлади, улар ёш барг, гул ва меваларни зарарлашда бирламчи инфекция манбаи бўлиб хизмат қилади. Зарарланган органларда ривожланган мицелий ва конидиялар барг, ёш новда ва мевалар иккиламчи ва кейинги зарарланишини ва касаллик боғда тарқалишини таъминлайди. Барг устида 10-25оС (оптимум 20-22оС) ҳарорат ва 70% нисбий намлик кузатилганда 24 соат ичида конидияларнинг 50 фоизи ўсади. Томчи намлик ичида ёки юқори ҳароратда (30оС ва юқорироқ) конидиялар деярли ўсмайди. Ўсган конидиянинг муртагида ферментлар пайдо бўлади, улар ўсимлик қобиғини эритади ва у ердан муртак ўсимлик тўқимаси ичига киради; конидия муртаги ўсимлик эпидермиси ичида гаусторийлар ҳосил қилади. Гаусторийлар тўқимадан озуқа моддаларни сўради ва уларни барг устида жойлашган (экзоген) мицелийга етказади.

Ўзбекистон шароитида ун-шудринг ривожланиши баҳорда ва ёзнинг 1-ярмида кузатилади, сўнгра, иссиқ бошланиши билан, касаллик ривожланиши тўхтайди ёки камаяди.

Ўсимлик ўсув даврида пайдо бўлган ён ва мева куртаклари зарарланганида, уларнинг ичидаги мицелий тиним даврига киради ва кейинги баҳоргача ўсмайди.

Кураш чоралари олмада калмаразга қарши ишлатиладиганлари билан бир хил. Ун-шудрингга қарши фунгицид (Байлетон 25% н.кук., 0,4 кг/га, Вектра 10% сус.к., 0,3 л/га, Импакт 25% сус.к., 0,1 л/га, ООҚ, 0,5-1,0о, Сапроль 20% эм.к., 1,0 л/га, Топаз 10% эм.к., 0,2-0,3 л/га, Топсин-М 70% н.кук., 1,0 кг/га, туйилган олтингугурт, 15-30 кг/га ва б.) пуркашни эрта баҳорда бошлаб, гулкосабарглар тўкилишигача ҳар 7 кунда, сўнгра ёз ўртасигача ҳар 12-14 кунда такрорлаш лозим.

Чидамли навлар экиш. Олма навларидан Ренет Симиренко, Пармен Зимний Золотой, Апорт Александр, Ренет Бурхардта, Заилийское, Бойкен, Белое Астраханское, Жонатан, Болдуин, Кортленд, Идаред, Роум Бьюти, Монро, Гравенштейн, Стейман, Кок’с Оринж Пиппин, Гранни Смит ва Прима кучли зарарланади.

Нисбатан чидамли навлар қаторига Қандил Синап, Заря Алатау, Антоновка, Мускатный Ренет, Делишес, Гоулден Делишес, Уайнсап, Йорк Империал, Ниттани ва Ламбурне навлари киради.

Нок олмага нисбатан анча чидамли ва нокка ун-шудринг фақат олма дарахтларидан ўтиши тахмин қилинади; агар нок боғи олма боғидан 200 м узоқликда жойлашган бўлса, унга фунгицид пуркаш талаб қилинмайди. Нокнинг Д’Анжуй, Луи Боннэ навлари ун-шудрингга жуда чидамсиз, Барлетт, Флемиш Бьюти ва Уинтер Нелис навлари чидамли. Умуман барги тук билан қалин қопланган ва усти ялтироқ баргли нок навлари ун-шудрингга чидамлилик намоён этади.

Манба:

Ҳасанов Б. А., Очилов Р.О., Гулмуродов Р.А.(2010). Мевали ва ёнғоқ мевали дарахтлар, цитрус, резавор мевали буталар ҳамда ток касалликлари ва уларга қарши кураш. Тошкент.

Улашиш: