Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Хурмо дарахтининг тупроқ ва иқлим шароитига талаби

23/Dekabr/2024 04:24
  1934

Хурмо сув яхши сўриладиган, қалин қумоқ тупроқда жуда яхши натижа беради. Ишқорийлик даражаси (pH) 6,0–6,5 бўлган тупроқлар қулай ҳисобланади. Хурмо дарахтлари ўртача совуқликдаги қиш ва нисбатан юмшоқ ўтадиган ёзни хуш кўради. Тўла уйқуга кетган дарахтлар -17 даражагача совуққа бардош бера олади. Аммо тиним даврида совуқ ҳароратга бўлган талаби оз эканлигидан (200–400 соат) дарахтлар қиш охирида дастлабки илиқлик тушиши билан уйқудан уйғониши ва кейин баҳорги музламаларда катта зарар кўриши мумкин. Қимизак (тахир) бўлмаган хурмо навлари тўла пишиб етилиши учун иссиқроқ муҳит талаб этилади.

Хурмо дарахтлари шамолга таъсирчан: ўсиш мавсуми давомида кучли шамол эсиши дарахтларнинг ўзларини тутиб олишларини қийинлаштиради ва ҳосил миқдорини сезиларли камайтиради. Хурмо мевалари ҳам шамол таъсирида барг ва шохларга ишқаланиб, аксарият ҳолларда шу туфайли териси ва ташқи кўриниши бузилади. Шамол тезлигини пасайтириш ва меваларни ҳимоя қилиш учун иҳоталардан фойдаланиш мумкин. Дарахтларга симлардан таянч сифатида фойдаланиб шакл бериш усуллари ҳам меваларга шамолдан етадиган салбий таъсирни камайтиришга ёрдам беради.

Данагидан экилган Шарқ хурмоси 4–6-йили ҳосил бера бошлайди, пайванд қилинганлари эса боғларга экилгандан сўнг 2–3-йили ҳосил бера бошлайди. Баъзи навлар кўчатхонада бир йиллик пайванд қилинган новдада ҳам ҳосил беради. Хурмо дарахтлари 8–10 ёшда тўлиқ ҳосилга киради ва бу ёшда бир туп дарахтдан 120–150 кг ва ундан ҳам кўпроқ миқдорда ҳосил олиш мумкин. Тўлиқ ҳосилдорлик даври 40–60 йилни ташкил қилади. Хурмо дарахти 100 йилдан ортиқ яшайди. Хитойда хурмо дарахтининг 400–500 ёшлилари ҳам учрайди.

Хурмо дарахтининг вегетация даври суткалик ҳарорат ўртача 10–12о ни ташкил қилганда бошланади. Баъзи даврларда айрим навлар ўртача ҳарорат 8–9о ни ташкил қилганда ҳам куртак ёзишни бошлаши мумкин. Сурхондарё вилояти шароитида куртакларнинг ёзилиши февраль ойининг охири – март ойининг бошларига тўғри келади. Барглар пайдо бўлгандан сўнг март ойининг охири апрель ойининг бошида новдалар ўсишни бошлайди. Новдаларнинг ўсиш энергияси ва миқдори эрта баҳорда юқори бўлади ва бу жараён апрель ойига тўғри келади. Кўк новдалар ўсишини гуллаш энг жадаллашган даврда тўхтатади. Бу жараён май ойининг биринчи яримига тўғри келади, бу даврда ўсишни тўхтатмаган новдалар, асосан, ўсувчи новдалар бўлиб, ўзининг узунлиги билан ажралиб туради. Шарқ хурмосининг кўп навларида июнь ойининг охири ва июль ойининг бошида айрим новдаларнинг ўсиши қайта бошланади. Ёз ойидаги новдалар ўсиши тинчлик даври бирикки ой давом этади. Хурмо дарахтида янги новдалар, асосан, бир ёшли новдаларда пайдо бўлади ва улар ўсишни давом эттирувчи новдалар ҳисобланади. Бир яшар новдаларнинг юқори қисмида жойлашган куртаклардан узунроқ новдалар ўсади – дарахтнинг ўсувчи энергиясининг энг кўп қисми, қутблик асосида, юқорида жойлашган куртагига йўналган бўлади, пастроғида жойлашган куртагида эса нисбатан калтароқ новдалар пайдо бўлади.

Агар новданинг энг юқори жойлашган куртаги қандайдир сабабларга кўра шикастланган бўлса (механик, физиологик) бундай вазиятда пастроқ жойлашган куртакдан ўсиб чиққан новда кучлироқ ва баландроқ бўлиши мумкин. Юқори жойлашган куртакдан новда ҳосил бўлгандан сўнг, паст жойлашган куртаклар ўзғалмайди. Ўсимликнинг шу хусусиятидан фойдаланиб, кесиш ва шакл беришда керакли куртакдан новда ҳосил қилиш имкони мавжуд. Бир ёшдан ва ундан каттароқ бўлган шохларда новдалар уйқудаги куртаклардан ҳосил бўлади ва улар асосан кучли ўсувчи (эркак) новдалар бўлади. Барг куртаклар очилиб ёзилгандан 2–3 ҳафта ўтгач, гул куртаклари пайдо бўлади. Ўртача ҳарорат 13–16о ни ташкил қилганда гул куртаклари пайдо бўла бошлайди (бутанизация), бу жараён март ойининг охири – апрель ойининг бошига тўғри келади (Сурхондарё вилояти шароитида, бошқа вилоятларда бу жараён кечроқ бошланади). Янги гул куртаклари янги новдаларнинг ўсиш жараёнида ҳосил бўлиб боради ва новданинг учки қисмида гул куртаклари ҳосил бўлмайди.

Хурмо дарахтлари бошқа аксарият мевали дарахтларга нисбатан анча кеч гуллайди ва шунинг учун баҳорги совуқлар уларга катта зарар етказмайди. Умуман олганда эса куртаклар бўртиш даврида ҳаво ҳарорати бир соат давомида 3 даражага тушиб қолиши хурмо ҳосилига жиддий зарар етказиши мумкин.

Ўзбекистон шароитида Шарқ хурмосининг гуллаш даври апрель ойини охири – май ойининг бошига тўғри келади. Баъзи баҳор совуқ келган йиллари бу жараён кечроққа чўзилиши кузатилади. Гуллаш асосан ўртача кунлик ҳарорат 21–22о бўлганда бошланади ва иложи борича қисқа муддат давом этади. Ҳарорат 600–800о ни ташкил қилганда гуллаш самарали ўтади. Эркак гуллари урғочи гулларга нисбатан 2–3 кун аввал очила бошлайди ва 12–14 кун давомида гуллаб туради, урғочи гуллар эса атиги 5–6 кун давомида очилиб туради. Юқорида баён қилинган амалиёт Шарқ хурмосининг насл қолдириши учун яратилган қулай шароитни намоён қилади. Эркак гулининг узоқ давр ушлаб турилиши кеч гуллайдиган навларни ҳам чангланишига шароит яратади.

Ўзбекистон шароитида хурмо октябрь ойининг охирида пишиб етилади. Бу даврга келиб, хурмонинг меваси ўз навига хос шакл ва ранг олади. Меваси узилгандан сўнг пишиб етилиш даври навларнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ҳар хил – 10 кундан 30 кунгача давом этади. Кўп хурмо навларининг барглари кузга келиб рангини ўзгартиради ва тўқ сариқдан оч олов ранггача ўзгаради. Кўпинча баъзи навлари (Хиакуме ва бошқалар) баргининг ранги ўзгармайди ва яшиллигича тўкилиб кетади.

Баъзи навларда барг тўкилиши эрта бошланади – октябрь ойида, бошқаларда кеч тўкилади – декабрь ойида. Ўзбекистоннинг жанубий шароитида кўпчилик навларнинг барглари ноябрь ойида тўкилади. Мавжуд навлардан Гейли ва Гоша навларининг барглари энг кеч, кўпинча кузги совуқ таъсирида тўкилади, бу жараён хурмо мевасининг ҳолатига салбий таъсир кўрсатмайди.

Баҳор ва куз ойларини қулай ёки ноқулай келиши ва ўтиш жараёнида Шарқ хурмосида кечадиган вегетатив жараёнлар 15–20 кунга олдинга ёки кечга силжиши мумкин, шу жумладан, гуллаш даври ҳам 15–17 кунга фарқ қилиши кузатилади.

Ёздаги юқори ҳароратни хурмо яхши қабул қилади, фақат офтобга қараган меваларини офтоб уриши (куйиши) кузатилади. Ёз даврида хурмо ўсаётган тупроқ жуда қуриб кетса меваларини қуёш уради ва тўкила бошлайди. Тупроқни намлаш билан меваларнинг тўкилишини камайтириш мумкин. Суғориладиган ерларда ҳавонинг қуруқлигини хурмо дарахти унча сезмайди. Сув билан таъминланган ерда ҳавонинг юқори ҳарорати хурмога салбий таъсир қилмайди.

Шарқ хурмоси қуёш нурига жуда талабчан ва қуёш нури яхши тушадиган ерда яхши ва бақувват бўлиб ўсади. Қуёш нури етишмаса, ҳосилдорлик камайиб, унинг сифати пасайиб кетади. Дарахт шохлари сийрак ва ингичкалашади, барглари тўкилади, меваси майдалашиб, кўп ўкилади. Юқоридаги аломатлар хурмо дарахти сояда ўсса анча яққолроқ намоён бўлади.

Шарқ хурмосининг вегетация даврида ҳароратга, ҳавонинг ва тупроқнинг намлигига талаби, айниқса, мевасининг пишиш даврида юқори бўлади.

Хурмонинг ўсиш ареали чегараланиши, асосан, унинг совуққа чидамсизлигига боғлиқ. Хурмо меваси субтропик ўсимликлар ичида совуққа энг чидамли бўлса ҳам Шарқ хурмосига фақат қиш давридаги совуқлар эмас, балки эрта ва кеч баҳордаги совуқлар ҳам салбий таъсир қилади. Хурмонинг қишки тиним даври қисқа (100 суткадан кам) бўлганлиги учун эрта баҳордаги вақтинчалик илиқ кунлар уни уйқудан уйғотиб, ўсиш жараёнини бошлаб юбориш ҳоллари учрайди. Кейинги бўладиган арзимас совуқлар ҳам жуда салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Хурмо дарахтини критик ҳарорати Ўзбекистон учун -19 -20о ташкил қилади ва ундан паст бўлган совуқ ҳарорат хурмо дарахтига анча салбий таъсир кўрсатади. Дарахтнинг нобуд бўлишига ҳам олиб келади. Ёш ва касалманд дарахтларнинг совуққа чидамлилиги соғлом ва ёши катта дарахтларга нисбатан камроқ бўлади. Шу билан бир қаторда навларнинг ҳам совуққа чидамлилик даражаси ҳар хил бўлади. Масалан: Хачия навининг Хиакуме ва Зенджи-Мару навига нисбатан совуққа чидамлилиги пастроқ.

Юқорида айтилган хурмонинг пайвандтагларини совуққа чидамлилиги ҳар хил ва табиийки уларга пайвандланган навларга таъсири ҳам ҳар хил бўлади. Виргин хурмосига уланган навларни совуққа чидамлилиги Кавказ хурмосига уланган навлардан юқорироқ бўлади. Виргин хурмосининг табиий тинчлик даври Кавказ хурмосига нисбатан кўпроқ ва бу шу хурмога уланган навларни баҳорги совуқлардан асрашга ёрдам беради.

Аралаш экилган хурмо дарахтларининг (мевали боғлар қатор орасига) совуққа чидамлилиги фақат хурмогина экилган боғларга нисбатан анча юқори бўлган. Совуққа чидамлилиги билан бир қаторда совуқдан шикастланган дарахтларни тиклаш ҳам жуда катта аҳамиятга эга. Илдиз системаси бақувват бўлгани учун шох-шаббалари, новдалари тез тикланиб, 2–3 йилда қайтадан ҳосилга кириб кетади.

Манба:  Орипов А., Аброров Ш. (2013). Хурмо етиштириш технологияси. Тошкент: «Sharq»

Улашиш: