Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Хандон писта етиштиришда талаб этиладиган шарт-шароитлар

23/Dekabr/2024 05:20
  1782

Пистанинг ватани Марказий Осиё ҳисобланади. Ўзбекистонда табиий ҳолатда деяр­ли барча тоғ тизмаларида учрайди. Сурхондарё вилоятининг Боботоғ тизмасида эса асосий ўрмон ташкил этувчи ўсимлик ҳисобланади. Атмосфера ёғинлари 300 мм бўлган (ёки ёз ойлари жазирамасида умуман бўлмаган), шунингдек, ёз ва қиш ойларида ҳаво +46 даражадан –40 даражагача ўзгарган экстремал шароитда ўсиш-ривожланиш ва мева беришда унинг бодомдан бошқа рақиби йўқ ҳисоб. 1000 ёшгача мева беради. Хандон писта юқори диетик маҳсулот бўлиб, мағизида 49% дан 60% гача мой, 15-20% оқсил, 3-8% қанд ва бошқа микроэлементлар мавжуд. Меваси нафақат ички, балки жаҳон бозорида ҳам юқори баҳоланади.

Ёввойи пистанинг мевалари жуда лаззатли ва майда бўлади. Селекционерлар саъй-ҳаракати билан пистанинг йирик мевали навлари яратилган. Меванинг ушбу фойдали хусусиятлари куртак пайванд орқали бошқа ўсимликларда мустаҳкамланишига эришилган ва уларнинг айримлари нав сифатида эътироф этилган. Шундай куртак пайванд усули билан пистани барча ерда етиштириш мумкин.

Тоғ бағридаги лалми ерларда баъзи фермерлар нав­дор писталарнинг саноат плантацияларини яратишмоқда. Бу узоққа мўлжалланган тадбир бўлиб, нафақат фермер фаровонлиги, балки ернинг ўзи учун ҳам жуда фойдалидир. Бу тадбирнинг оммавийлашмаётганлигининг сабаби, пистанинг, айниқса, биринчи йилларда, секин ривожланишидир. Новдасини куртак пайванд қилишга ярайдиган ҳолатга келтириш учун уни камида уч йил парваришлаш керак.

Ушбу жараённи томорқаларда суғориш йўли билан тезлаштириш мумкин. Бу борада муваффақиятга эришиш учун пистанинг ўзига хос хусусиятларини билиш зарур.

Биринчидан, тупроқ шўрланмаган, ер ости сувлари камида уч метр пастда жойлашган бўлиши лозим.

Иккинчидан, писта ёруғсевар экин бўлгани учун сал­қин жойларда ўстириш бефойда.

Учинчидан, писта икки уйли, яъни, унинг эркак ва она навлари бўлади. Буни олдиндан аниқлаш зарур, чунки эркак навлар ҳосил бермайди, бироқ она нав­лар ҳам уларсиз мева тугмайди.

Агар сиз ўз томорқангизда писта етиштирмоқчи бўлсангиз, бунга куз кунларида тайёргарликни бошлашингиз лозим.

Бунинг учун:

·         майдон талабга жавоб берадими, шўр эмасми, ер ости сувлари чуқур жойлашганми;

·         ерга ҳеч нарса соя солмайдими, бошқа дарахтлар ўсмайдими, баланд уй ва деворлар йўқми;

·         олдиндан экин майдонига 4х4 м дан кам бўлмаган оралиқда қанча кўчат экиш мумкинлигини аниқлаш зарур. Пистани бир-бирига яқин экманг, чунки у кўчириб экилишни ёқтирмайди. Шунинг учун уни муқим бир жойга экиш керак;

·         эркак навларни қаерга экишни ўйлаб кўринг. Бунда ҳар бир ўн она навга биттадан эркак нав тўғри келишини инобатга олинг. Агар сиз шабада доимо қаердан эсишини билсангиз эркак навларни айнан ўша томонга экинг;

·         айнан бугунги кунда сиз қайси усул билан писта кўчатини экмоқчи эканлигингизни ўйлаб кўришингиз керак. Яъни, уруғ сепиш йўли биланми ёки кўчат экиш орқалими? Одатда писталар муқим бир жойда уруғ сепиш орқали ўстирилади.

Тажрибали боғбон уруғларнинг униш даражаси ва сифатини олдиндан ҳисоблаб чиқади. Бу унчалик мураккаб бўлмаган, лекин айрим қўшимча билимни талаб этадиган иш. Авваламбор кўз билан бўлса-да, пис­та мағизлари ҳолатини баҳолаш зарур. Бунинг учун пистани ёриб мағизи эҳтиёткорлик билан олинади ва ҳашаротлар билан зарарланган зарарланмаганлиги, касаллик тушган тушмаганлиги кўрилади.

Чуқурчаларнинг ҳар бирига камида бештадан уруғ экиш тавсия этилади. Агар зарарланган уруғлар кўп бўлса кўпроқ уруғ экилади. Олдиндан илдизлаган уруғни экиш лозим. Бу ишлар қишда ёки эрта баҳорда амалга оширилади.

Олимларимиз томонидан писта кўчатларини экишнинг янги услублари, яъни илдизлари билан кичик ҳажмдаги контейнерларга экиш усули жорий этилмоқда. Бу усулдан фойдаланганда ҳар бир чуқурчага биттадан кўчат экилади.

Бир сўз билан айтганда, агар сиз кўчатини экмоқчи бўлсангиз, экин майдонингизни баҳолашингиз, унга қанча кўчат экилиши мумкинлигини аниқлашингиз, кўчати ёки уруғини экиш усулидан фойдаланиш ҳақида бир тўхтамга келишингиз, мутахассислар маслаҳатини олишингиз зарур.

Е.Ботман

Улашиш: