Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Цитрус экинларининг фитофтороз касаллиги

23/Dekabr/2024 05:49
  1351

Цитрус экинларининг фитофтороз касаллигини оомицет замбуруғлар Phytophthora parasitica ва P. citrophthora қўзғатади. Бу касаллик сернам иқлимли минтақаларда тез-тез учрайди. Тожикистонда иситилмайдиган полиэтилен пардали лимонарийларда ва траншеяларда касаллик жуда зарарли эканлиги хабар қилинган. Ўзбекистонда қайд этилмаган, аммо траншеяларда учраши ва цитрус дарахтларида гоммоз касаллиги пайдо бўлишида қатнашиши гумон қилинади. Касаллик белгилари ва ривожланиши. Дарахтларнинг ниҳоллари, барглари, мевалари, новдаларининг учлари, пояси ва илдизлари зарарланади. Фитофторознинг энг жиддий шакли – дарахт поясининг пастки ва бошқа қисмлари чириши ва улардан кўп елим оқишидир. Қўзғатувчи камбий тўқималарига ҳар хил жароҳатлар орқали киради, уларни зарарлайди ва яралар пайдо қилади. Чидамли пайвандтагда ўстирилган дарахтларда зарарланиш пайванд жойидан пастга ўтмайди, чидамсиз навларда эса, қўзғатувчи учун қулай об-ҳаво шароитида пастга тарқалиб, илдизларини ҳам чиритади. Замбуруғлар ҳосил қиладиган елим сувда эрийди, шу сабабдан кучли ёмғирлардан кейин дарахт елимдан тозаланади.

5-6.jpg (13 KB)

Кўчатхоналарда ёш ниҳолларнинг илдиз бўғзи чириши энг кўп учрайди, аммо унаётган уруғ ва ҳали тупроқ устига чиқмаган ўсимликлар ҳам чириши ва нобуд бўлиши мумкин. Ниҳоллар сийрак бўлиб қолади. Баргларнинг устки томонида, асосий томири бўйлаб, учки қисмига яқин жойларида, думалоқ, тўқ-қўнғир, алоҳида жойлашган доғлар пайдо бўлади. Улар тез ўсади ва бутун баргни қоплаб олиши мумкин. Баргларнинг остки томонида оқиш ғубор ривожланади. Меваларда зич, қўнғир тусли чириган жойлар пайдо бўлади, улар астасекин ўсади ва мевани қоплаб олади. Юқори намликда зарарланган мева устида оқ, майин ғубор ривожланади. Мевалар сувда пишганга ўхшаб қолади ва бадбўй ҳид чиқаради. Зарарланган новда учларида ва ниҳоллар пояларида оч-қўнғир доғлар пайдо бўлади, улар атрофига қараб тез ўсади ва зарарланган қисмларни ўраб олади. Кўпинча зарарланган жойларнинг қобиқлари нобуд бўлади ва чатнаб кетади. Чатнаган жойлардан оч-сариқ, кейин тўқ-қизил тус олувчи елим оқади. Зарарланган новдалар ва ниҳолларнинг поялари кўпинча нобуд бўлади. Касалликнинг катта дарахтлар пояларидаги белгилари гоммоз белгилари билан бир хил. Қўзғатувчиларнинг зооспорангийлари ёмғир ва шамол воситасида осон тарқалади. Улар томчи намлик (ёмғир, шабнам) мавжудлигида ўсганида 2 та хивчинли зооспоралар ҳосил қилади, томчи намлик бўлмаганида конидияларга ўхшаб ўсади. Улар ўсганида муртак гифа пайдо қилади ва у ўсимлик тўқимасига кириб, зарарлайди. P. citrophthora нинг мицелийси ўсиши учун кардинал ҳароратлар 5 ва 32оС, оптимум 24-28оС, P. parasitica учун оптимум 30-32оС. Қўзғатувчи замбуруғлар зарарланган ўсимлик қолдиқларида мицелий ва спорангийлари, тупроқда ооспора ва хламидоспоралари воситасида қишлайди.

Касаллик дарахтлар яшаш муддатини камайтиради ва мева сифатини пасайтиради.

Улашиш: